Ўзбекистон | 09:41 / 08.09.2022
48449
7 дақиқада ўқилади

Интернетдаги муҳокама: Қоракўлда аслида нима бўлганди?

Бухоро вилояти Қоракўл тумани ҳокимининг янги асфальт қилинган кўчада гилам устида тургани тасвирланган сурат муҳокамаларга сабаб бўлди. Kun.uz ҳолатни танқидий ёритган блогер ва ҳокимнинг ўзи билан суҳбатлашиб, ҳолатга ойдинлик киритди.

Troll.uz лойиҳаси муаллифи Умид Ғафуровнинг фикрича, суратни тарқатган туман ҳокимлиги матбуот хизмати ҳолат жамоатчилик ўртасида эътироз ва истеҳзоларга сабаб бўлиши мумкинлигини олдиндан кўра билиши керак эди.

— Умуман олганда, кўчаларни асфалт қилиш, бирор объектни фойдаланишга топшириш оламшумул янгилик эмас (ҳоким тадбир асфалт билан боғлиқ бўлмаганини айтмоқда, батафсил қуйироқда – таҳр.) Аммо бизда бу каби исталган жараённи тадбирга айлантириб юбориш ҳеч гап эмас. Бу хато, назаримда.

Аҳоли яшаш пунктларининг асфальтланиши давлатнинг мажбурияти бўлиб, уни ҳоким келиб очиб бериши мақсадга мувофиқ эмас. Яна бир тарафдан, ҳоким менга гилам тўшаб беринглар деб айтмаган бўлиши мумкин. Аммо у оёқ остидаги гиламни кўрганда уни олдириб ташлаш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмаган. Аслини олганда 10-20 кишидан иборат йиғинда на гиламга, на микрофонга ҳожат бор эди.

Жиғачи маҳалласида ўтказилган мустақилллик байрами тадбири. Фото: Facebook / Қоракўл тумани ҳокимлиги

Андижондаги воқеани олайлик. У ерда ҳам ҳоким фуқароларни қабул қилиш жараёнида алоҳида айвончада ўтирганини кўриш мумкин. Балки улар шундай такаллуфга ўрганиб қолишгандир. Бу бизнинг халқимизда бор одат. Агар юқори лавозимли инсонни кўриб қолишса, унга алоҳида муносабатда бўлишади. Раҳбарларга ҳам бу муомала ёқса керакки, бунга ҳеч қандай қаршилик кўрсатишмайди. Шунинг учун ҳам кўчаларимиз асфальтланишини ҳам байрамдек қабул қилишга одатландик.

Бу билан амалдорлар ўзларини халқдан устун қўяётганликларини кўрсатиб қўйишмоқда. Аслида улар бизнинг хизматкорларимиз. Уларнинг ойликлари биз тўлаётган солиқлар томонидан қопланади. Буни ёритишимдан мақсад бирор ғаразлик эмас, балки нотўғрилигини одамларга кўрсатиш эди.

Неча йиллардан бери ҳокимлар халқ томонидан сайланадиган бўлади дейишади. Балки ўзим кўрмасман буни. Фарзандларим кўрар. Шунда вазият ўзгариши мумкин.

— Ҳокимлар халқ томонидан сайланса, вазият ўзгаради деб ўйлайсизми?

— Биласизми, халқда шундай ваколат бўлиши керакки, агар сайланган ҳоким яхши натижа кўрсатмаса ёки шу ҳудуд учун самарали ишлай олмаётган бўлса, кичик бир йиғин қилиб, ҳокимни алмаштириш имкони бўлса. Халқда шундай “ричаг” бўлиши керак.

Жиғачи маҳалласида ўтказилган мустақиллик байрами тадбири. Фото: Facebook / Қоракўл тумани ҳокимлиги

Ҳоким яхши ишламасликдан қўрқиши, халқ учун хизмат қилиши керак. Акс ҳолда ҳолат шу шаклда қолса, коррупцион ҳолатларни келтириб чиқариши мумкин. Лекин менинг назаримда, қайсидир туманда вазият қанақа эканини ўша ҳудуддаги халқ яхшироқ билади. Агар агро соҳасида муаммолар бўлса, у ерга шу соҳадаги ҳоким кераклигини халқ яхшироқ тушунади.

Ҳокимларни сайлашга халқ тайёр эмас деб айтишади. Ахир президентни ўзимиз сайлаяпмиз-ку. Президентни сайлаган халқнинг ҳокимни сайлашга ҳам кучи етади. Юқоридаги масалада ҳоким оёқлари остига гилам солиш ҳақида буйруқ бермаган бўлса-да, уни олдириб ташламагани учун айбдор деб ҳисоблайман, – дейди Умид Гафуров.

Қоракўл тумани ҳокими Хуршид Тоҳиров биз билан суҳбатда ўша куни тумандаги Жиғачи маҳалласида мустақиллик байрами нишонлангани, гилам эса санъаткорлар ва тадбирда сўзга чиқувчилар учун минбар ўрнида тўшалганини билдирди. У, шунингдек, рўй берган воқеадан тегишли хулоса чиқарганини, бундан кейин бу каби ҳолатларга эътиборли бўлишини таъкидлади.

— Маҳалла фаоллари байрам ўтказяпмиз, келинг, қатнашиб кетинг, деб таклиф қилишди. Шунинг учун бордик. Ҳеч қандай йўлни фойдаланишга топшириш учун бормаганмиз. Эътибор қилган бўлсангиз, у ерда ҳокимият вакиллари йўқ. Байрамни маҳалла аҳлининг ўзи ташкиллаштиришган. Бу гиламни минбар сифатида тўшашган экан. У ерда менгача санъаткорлар ҳам чиқиш қилган, маҳалла оқсоқоллари одамларни табриклаган. Яъни мен боргунча гилам тўшалиб бўлган, мен боришимга тўшалгани йўқ.

Бу маҳалла туман марказидан 30 км масофа узоқликда жойлашган. Тупроқ йўлларининг таъмирланиши бу ердагиларнинг орзуси бўлган. Бу йўл ҳам мустақиллик арафасида фойдаланишга топширилган эди.

Мустақилллик байрами арафасида асфальт қилинган 2,5 км йўл. Фото: Telegram / Qorakoluzofficial

Бу йил мустақиллик байрамини бошқача нишонладик. Элликдан ортиқ маҳалла бўлса, 10 дан ортиғида шахсан иштирок этдим. Қаерга бормайлик, тадбирларни ўша ернинг ўзидагилар ташкил қилишган. Биз фақат уларга маданий тадбирларни ўтказиш учун санъаткорлар томонидан ёрдам берганмиз. Жиғачидаги байрамнинг ташкилий ишларига ҳам мен ёки ҳокимият вакилларининг алоқаси йўқ. Биз бормасак ҳам у байрам ўтаётган эди.

Президентимиз халқнинг орасига кириб бориш, уларнинг оғирини енгил қилиш ҳақида кўп айтяптилар. Агар халқ таклиф қилса, қаерга бўлса ҳам борамиз. Ҳоким ҳам одам. Таклиф қилинган жойга бориб, байрамига шерик бўлиб қайтиб чиқиб кетдик. Бўлган воқеа шу.

Интернетдаги муҳокамалардан хабарим бор. Бизда жамоатчилик назорати кучли. Хусусан, раҳбарларга нисбатан. Бундан буён бу каби ҳолатларда ҳушёр бўламиз. Ёрдамчиларимга ҳам, ўринбосарларимга ҳам бу воқеадан сабоқ чиқаришимиз кераклигини айтдим.

— Бу воқеалар ортидан ҳокимлар халқ томонидан сайланиши масаласи яна кун тартибига чиқди. Бу кўпдан бери айтиб келинаётган масала. Ҳоким бўлиш баробарида фуқаро ҳамсиз. Фуқаро сифатида ҳокимларнинг сайланишига муносабатингиз қандай?

— Давлат бошқаруви тизимида президентимиз томонидан жуда катта ислоҳотлар ўтказиляпти. Давлат хизматчилари тўғрисидаги қонунлар қабул қилинди. Ҳокимларнинг маҳаллий кенгашларга раис бўлмаслиги тўғрисида ҳам ислоҳотлар кетяпти. Умуман, биз барибир ҳокимларнинг сайланишига ҳам келамиз. Бу албатта керак. Бу ислоҳотлар бўлади ва ҳокимлар сайланади. Буни жуда тўғри қабул қиламан ва буни керак деб ҳисоблайман.

Хуршид Тоҳиров мустақиллик байрами муносабати билан ўтказилган байрам тадбирида. Фото: Telegram / Qorakoluzofficial

Ҳозирги ҳолатда қоракўлликларнинг кўпчилиги мени қўллаб-қувватлаётганини кўриб хурсанд бўлдим. Мен учун барибир қоракўлликларнинг фикри муҳимроқ. Рўй берган ҳолатда мени танимай-билмай фикр билдираётганлар ҳам бор. Ҳар бир нарсага объектив ёндашилса ва аввал нима бўлганини билиб кейин муносабат билдирилса тўғри бўлади деб ўйлайман.

Мен билан содир бўлган воқеа бошқа ҳокимларга ҳам қайсидир маънода таъсир қилган бўлса, ҳаммадан узр сўрайман. Ҳокимга баҳо берганда, бу ҳамма ҳокимга тегишли бўлиб кетади-да, қайсидир маънода. Шунинг учун ҳаммадан узр сўрайман.

Жамшид Ниёзов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Мирвоҳид Мирраҳимов.

 

Мавзуга оид