Ўзбекистон | 07:22 / 08.09.2022
8265
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон араб давлатлари ва Марказий Осиё мулоқоти иккинчи йиғилишини Самарқандда ўтказишни таклиф қилди

«Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши - Марказий Осиё» стратегик мулоқоти биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Фото: Dunyo

2022 йил 7 сентябр куни Ар-Риёд шаҳрида «Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши - Марказий Осиё» стратегик мулоқоти биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Тадбирда кенгашга аъзо давлатлар - БАА, Баҳрайн, Саудия Арабистони, Қатар, Кувайт, Уммон ҳамда Марказий Осиё мамлакатлари - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Ўзбекистон ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари иштирок этди.

Ўзбекистон делегацияси раҳбари, ташқи ишлар вазири в.б. Владимир Норов ўз нутқида кенгаш ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни фаоллаштириш мақсадида ишбилармонлар кенгашини тузиш, транспорт соҳасида лойиҳаларни амалга ошириш, Термиз – Мозори-Шариф – Кобул – Пешовар темирйўли қурилишини жадаллаштириш, транспорт вазирлари йиғилишлари форматини йўлга қўйиш бўйича таклифлар билдирди.

Биргаликда клиникалар фаолиятини йўлга қўйиш, фармацевтика маҳсулотларини ишлаб чиқаришни ташкиллаштириш, олий ўқув юртлари ва касб-ҳунар таълими марказлари филиалларини очиш, илмий ва академик алмашинувларни жадаллаштириш, инновацион ишланмалар ва стартапларни қўллаб-қувватлаш муҳимлиги қайд этилди.

Кенгаш ва Марказий Осиё мамлакатлари умумий меросини асраб-авайлаш мақсадида ҳамкорликда кўргазма ва конференцияларни ташкил этиш, қўлёзма фондини рақамлаштириш ва қўшма виртуал кутубхоналарни яратиш, музейлар бевосита алоқаларини рағбатлантириш, тарихий-археологик тадқиқотлар ўтказишни назарда тутувчи қўшма тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан ташаббуслар билдирилди.

Учрашув иштирокчилари эътиборига Афғонистондаги вазият ҳақида маълумот тақдим этилди. Делегациялар Ўзбекистоннинг Афғонистонга гуманитар ёрдам кўрсатиш ва мамлакатда йирик инфратузилма лойиҳаларини амалга ошириш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳоладилар. Жорий йил июль ойида бўлиб ўтган «Афғонистон: хавфсизлик ва иқтисодий ривожланиш» халқаро конференцияси амалий аҳамияти қайд этилди.

«Кўрфаз Араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши - Марказий Осиё» стратегик мулоқоти иккинчи йиғилишини 2023 йили Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклиф қилинди.

Мавзуга оид