Ўзбекистон | 20:06 / 10.09.2022
18385
2 дақиқада ўқилади

Қуйи Чирчиқдаги воқеа ортидан маҳалла раиси ишдан кетди

Қуйи Чирчиқда 24 ёшли аёлнинг эри томонидан пичоқланиши воқеасидан кейин куёв яшаган маҳалла раиси лавозимидан озод этилган. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар берди. Участкавой масаласида ҳамон сукут сақланмоқда.

Фото: Kun.uz

Тошкент вилоятининг Қуйи Чирчиқ туманида эр 24 август куни рашк сабаб хотинини хусусий уй боғчасидаги болалар кўз ўнгида бўғиб, ургани акс этган видеолавҳа интернетда тарқалганди. Кейинги куни у отасиникида яшаётган аёлини ўлдиргани маълум бўлди.

Гумонланувчи қўлга олиниб, жиноят иши қўзғатилган эди.

Марҳуманинг отаси Kun.uz'га берган интервюсида 24 август кунги воқеадан кейин ИИБга мурожаат қилгани, лекин профилактика инспектори даладаги ишларини баҳона қилиб, ҳуқуқбузарга чора кўрмаганини айтган ва қизининг ўлимида у ҳам айбдор деб ҳисоблашини  таъкидлаганди.

Шундан кейин вилоят ИИББ воқеага дахлдор барча ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилишини ваъда қилганди. Орадан икки ҳафта ўтди ҳамки, бу борада бирор маълумот берилгани йўқ.

Бу орада эса куёв яшаган Маданият маҳалласи раиси ишдан кетган.

Kun.uz мухбири ҳолатга аниқлик киритиш мақсадида собиқ маҳалла раиси билан боғланди. У маҳалла раислигидан ўз аризасига биноан бўшаганини айтмоқда.

“Маҳалла раиси этиб тайинланганимга 3 ой бўлган эди. Бўлган воқеадан кейин жуда афсусландим ва ўз аризамга биноан ишдан кетдим. Бу ерда ишлашга виждоним қийналди”, деди у.

Эслатиб ўтамиз, марҳума оилавий тиббиёт муассасасида ҳамшира бўлиб ишлаган, ҳамкасблари уни оқила аёл сифатида таърифлаганди. Олди олинмаган қотиллик оқибатида 2 ва 4 ёшли икки бола етим бўлиб қолди.

Мавзуга оид