Дубайга қараб кетяпмизми?! Тошкентда яна иккита яшил ҳудуд йўқ қилинди
Ноқонуний ўраб олинган дарахтзорлардан охир-оқибат асар ҳам қолгани йўқ. Прокуратура жиноятга қандай тайёргарлик кўрилаётганини шундоққина рўпарадан кузатиб турди. Унга ҳокимият, экология, маҳалла ва участкавойлар томошабин сифатида шерик бўлди.
Дарахтга душман, тошга дўст пойтахтда яна бир ошкора қотиллик рўй берди. Навбатдаги ва аниқ биламизки, охиргиси бўлмаган бу машъум воқеа — айнан дарахтларга етказилган зарар туфайли яқиндагина ҳокими ва прокурори алмаштирилган Чилонзор туманида содир бўлди.
Эслатиб ўтамиз, 7 август куни пойтахтнинг Чилонзор кўчасини кенгайтириш-таъмирлаш ишлари давомида йўл бўйидаги кўп йиллик дарахтларнинг илдизлари кесиб ташлангани шов шув бўлган эди. Воқеа ортидан Чилонзор туман ҳокими ва прокурори ишдан олинган, пича ўтиб туманга янги ҳоким ва прокурор тайинланган эди.
Кеча тунда рўй берган дарахткушлик натижасида 58 та дарахт бу ёруғ олам билан видолашган. Воқеа Чилонзор тумани 3-даҳа, Чилонзор савдо маркази деб номланадиган ҳудудда, туман прокуратураси биносининг рўпарасида, катта йўл ёқасида содир бўлган.
Ўшанда аниқлашимизча, қимматбаҳо дарахтлар экилган ушбу ҳудуддан Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2020 йил 3 сентябрдаги қарорига кўра, Dream House Stroy компаниясига 20 сотих ажратилган. Ўшанда, меҳмонхона ва бизнес маркази қуришни мўлжаллаган объектлар эгалари 20 сотих эмас, 40 сотих ерни ўраб олишган.
Энг ачинарлиси, ушбу ҳудудда дарахтлар ҳибсга олиниб, қамал қилингани ҳақида январ ойида репортаж ҳам тайёрлаган эдик.
Бугунги кунда 58 та дарахтнинг қотилига айланган фирибгар ўшанда бизга бу дарахтларга тегмайман, деб ваъда берганди. Шу ўтган даврда бирорта ҳам ташкилот шу тўсиқларни олдириб ташлолмади.
Бу Ошкора қотиллик қиссасининг худди ўзи. Қотил аниқ, қурбонлар аниқ. Қотиллик қачон рўй бериши номаълум эди, холос.
Энди бўғизлаш содир бўлганинидан сўнг экоқўмита «қарорни бекор қилдирмоқчимиз, тўсиқни олдирамиз, 58 дарахт ўрнига 60 тача дарахт экдик», деб ўтиришибди. 8 ой қаерда эдиларинг? Нега кесилгунча индамадиларинг?
Дарахтлари кесилган жойга шошилинч равишда тувакларда кўкартирилган павловния даорахтлари ўтқазиб ҳам қўйишибди. Гўёки ҳеч нарса бўлмагандек. Гўёки зарар ўрни қоплангандек.
Август ойидаги Чилонзор воқеасидан сўнг «Давлат ўрмон фондига кирмайдиган дарахтлар ва буталарни экиш, парвариш қилиш ва улардан фойдаланиш тартибини такомиллаштириш тўғрисида»ги ҳукумат қарори қабул қилинди. Унда 31 декабргача қаровсиз қолган дарахтларни хатловдан ўтказиш таъкидланган эди.
Нега Чилонзор-3 даҳасидаги бу дарахтлар экологлар томонидан хатловдан ўтказилмади.
Чунки дарахтларимизни асраб-авайлаш учун масъул Экоқўмитадагилар экологияни сақлаш ўрнига, у ғорат қилинганидан сўнг ўзини борлигини билдириб, жарима солиш учунгина пайдо бўлади. Чилонзорга улар қадам босмагани аниқ. Исбот сифатида, Миллий боғда нималар бўлганини эътибор бермай, боғ очилгач, нечта дарахтга зарар етказилгани ва қуриганини санаб беришди. Арифметикани билишар экан, ҳайтовур!
Чилонзордаги дарахткушлик барчани оғзига тушган пайтда ҳам Тошкентда дарахткушлик давом этди. Дархонда кўп қаватли турар-жой орқасида, йўл ёқасидаги дарахт кесиб ташланди. Дарахт бечора аллақайси тадбиркорга биринчи қаватдан офис очиш учун халақит берган.
Дарахт кесганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши керак. 800 миллион сўм зарар белгиланибди. Аниқ биламизки, қотиллар бунча пул тўлашмайди. Суд орқали зарар миқдорини камайтиришади.
Шунинг учун ҳар бир дарахт кесилгани учун жиноят иши очилиб, етказилган зарарлар миқдори 10 баробарга оширилиши лозим. Шундагина бу ишларга нуқта қўйиш мумкин.
Акс ҳолда дарахтларни кесиш давом этаверади! Тошкентни тош шаҳарга, чўлга айлантириш бир зум тин олмайди. Дарахтзорлар ўрнига меҳмонхона ва офислар қурилади. Тошкент шунда Ортиқхўжаев солиштиришни яхши кўрадиган иккинчи Дубай бўлади. Ҳаттоки Дубайдан ҳам зўрроқ шаҳар. Чунки қурилган отелларда дам олиш Дубайникидан 2-3 ҳисса қимматроқ бўлади. Чунки ташқарида юриб бўлмайдиган, нафас олиб бўлмайдиган кунлар келади. Дубайдан фарқли ўлароқ.
Шуҳрат Шокиржонов
Мавзуга оид
21:54 / 23.12.2024
Мўғулистон ҳаво ифлосланишини камайтириш учун «кўк кўмир» ишлаб чиқаради
16:35 / 23.12.2024
1 январга ўтар кечаси Тошкент метрополитени иш жадвали 2 соатга узайтирилади
18:02 / 21.12.2024
Фаолиятда қонун бузилиши, сертификатсиз ўқитувчилар ва норози ота-оналар – “NEWTON ACADEMY” ўқув маркази ҳақида нималар маълум?
18:36 / 20.12.2024