Ўзбекистон | 11:20 / 11.09.2022
21858
9 дақиқада ўқилади

Сиёсатшунослар – ШҲТ аъзоларининг давлат тузуми, ташкилотга аъзоликнинг Ўзбекистон учун ютуқ ва хатарлари ҳақида

Яна бир ҳафтадан кейин – 16 сентябр куни Самарқандда Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг навбатдаги саммити бошланади.

Тадбир давомида ташкилотга аъзо давлатлар ўртасида қатор кўп томонлама ва икки томонлама учрашувлар ўтказилиши, хавфсизлик ва иқтисодий соҳада ҳамкорликни кучайтиришга оид келишувлар имзоланиши кутилмоқда.

Аммо бу ерда ташкилотга аъзо давлатлар учун маълум хавф ва хатарлар ҳам борки, бу биринчидан, Ғарб сакциялари остидаги Россия банк ва молия институтлари билан ҳамкорлик ва бу ҳамкорлик орқали иккиламчи санкцияларига тушиб қолиш хавфи бўлса, иккинчидан, ташкилотнинг сиёсийлаша бориши мумкинлиги, шунингдек, "тузумлар экспорти" ҳисобланади.

Kun.uz мухбири ташкилотнинг Самарқанд саммити ҳақида сиёсатшунослар – Анри Шаропов, Ҳамид Содиқ ва иқтисодчи, собиқ молия вазири ўринбосари Абдулла Абдуқодиров билан суҳбатлашди.

Kun.uz: —

Интервьюни бошларканмиз, аввало сизлардан ШҲТ сизнинг наздингизда қандай ташкилот экани борасида фикрларингизни сўрамоқчиман.

Кўряпсизлар, Россия ОАВлари бугун бу ташкилотни ғарбга қарши тузилма сифатида талқин қиляпти. Ғарбнинг ҳам бу борада ўз фикрлари бор.

Ўзбекистон расмийлари эса ШҲТ ҳақида гапирганда, унга нисбатан универсал ташкилот иборасини ишлатяпти. Хўш, ШҲТ ўзи қандай ташкилот-у, унинг универсаллиги нимада?

Анри Шаропов, сиёсатшунос: —

Ташкилотнинг тузилиши 1996 йил Хитой ва Собиқ совет давлатларининг чегара ва чегара атрофи мустаҳкамлигини таъминлаш мақсадидан келиб чиқади. Бундан ҳам аввалги тарихга эътибор қиладиган бўлсак, бу чор Россияси ва Цин империялари ўртасидаги давом этган ва 96 йилги шартномадан сўнг Шанҳай бешлигига айланган.

Анри Шаропов

Афғонистондаги вазият туфайли Марказий Осиёда хавфсизлик масалалари долзарблашганидан кейин 2000-2001 йилларда Ўзбекистон иштироки билан ташкилот ШҲТга айлантирилди.

Ҳозир биз ахборот жамиятида яшаяпмиз. Шу боис ахборот хуружларининг бўлиши табиий ҳол. Ҳар қандай давлат фаолият олиб боришда ана шу медиа ресурслардан фойдаланади. Бу ташкилот муҳим бир механизм ҳисобланади. Мамлакатимиз олиб борадиган сиёсатга қараладиган бўлса, бу сиёсат асосини блокларга қўшилмаслик, прогматизм ва ўзаро боғлиқлик ташкил қилади.

Kun.uz: —

Сизнингча, бу ташкилотнинг универсаллиги нимада?

Анри Шарапов, сиёсатшунос: —

Универсаллиги шундаки, унда таркиби жиҳатидан турли шаклда бўлган давлатларнинг борлиги. Унда турли минтақа давлатлари ўзининг манфаатларидан келиб чиққан ҳолда ҳамкорликка интилаётганлигини кўришимиз мумкин.

ШҲТга Покистон ва Ҳиндистон қўшилиши мисолида қарасак ҳам улар нафақат ҳамкорлик масаласи, балки ўзидаги зиддиятга тўла муносабатга қарамасдан мана шу ташкилотга қизиқиш билдирмоқда. Шу контексдан келиб чиққан ҳолда универсаллигимизни эътироф этганимиз мақсадга мувофиқдир.

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи, собиқ молия вазири ўринбосари: —

ШҲТ универсаллигининг яна бир хусусияти шундаки, ташкилот доирасида нафақат иқтисодий ҳамкорлик, балки ҳарбий, сиёсий ҳамкорлик масалалари ҳам кўтарилади. Биринчидан, блокларга қўшилмаслик, иккинчи масала, ШҲТнинг аъзо давлатлари рўйхатига қарайдиган бўлсак, Хитой бор, Ҳиндистон бор.. Бу икки мамлакатнинг геосиёсий ва иқтисодий жиҳатдан интилишлар бир хил деб ўйлаш катта хато бўлади. Лекин бугунги кунда ташкилот атрофидаги шов-шувларга сабаб, албатта, Украинадаги уруш. Иккинчидан, бу учрашувда Путиннинг шахсан иштирок этиши ва унинг президент Ци билан бўлиб ўтадиган учрашуви.

Абдулла Абдуқодиров

Қаранг, бугун тонгда твиттерга кирганимда, Ўзбекистон ҳақида 2002 та твит бўлган экан. Унинг 800 тачаси Путин ва Ци учрашуви ҳақида. 500 га яқин фойдаланувчи бетараф твит қолдирган. Бу ғалати ҳолат, лекин яхши. Эътибор қилиняпти. Сабаби икки қудратли давлатнинг раҳбарлари эътибор қаратишяпти.

Аммо рус ОАВларида буни ғарбга қарши ҳаракат сифатида кўрсатишга интилишмоқда.

Kun.uz: —

Ҳа, энг қизиғи, рус ОАВ Ўзбекистон расмийларининг “ШҲТ бу қандайдир ҳарбий ёки ғарбга қарши блок эмас”, деган сўзларини ёритаётгани йўқ. Улар фақат бир томонлама, ўта субъектив маълумотларни улашмоқда.

Яна қизиқ томони шундаки, рус сайтларида излаб кўрсангиз, биз гапирган гапларга уланма чиқмайди. Худди бу хабар бўлмаганидек. Бир томонлама, субъектив ёритиш бўлмоқда. Тўғри айтилди, бу ўзаро ахборот майдонида пропаганданинг кураши. Лекин биз бу саммитни Самарқандда қабул қиляпмиз. Қолаверса, бу саммитга икки йилдан ортиқ тайёргарлик кўрилди. Самарқанд янада гўзаллашган: йўллар обод, янги иншоотлар қад ростлаган. Тадбиркорларга имконият яратилганки, жуда чиройли бизнес оутлетлар қурилибди. Бу албатта мамлакатимизнинг мезбон сифатида бераётган эътибори ва саъй-ҳаракатининг кимлар учундир пропаганда бўлишига йўл қўймаслигимиз керак.

Ҳамид Содиқ, сиёсатшунос: —

СССР қулагандан кейин мустақил бўлган собиқ иттифоқ ҳудудларида демократик тенденция бошланди. Кўп сиёсатчилар бунга демократик “бум” сифатида ҳам қарашди.

Ҳамид Содиқ

Маълумки, Хитой ёнидаги давлатларда ўзининг сиёсий маданиятига қарши бўлган бошқа бир сиёсий маданият шаклланадими ёки йўқми деган хавотирга тушади. Ўзи аслида, Хитойнинг сиёсий маданиятидан ҳам кўра, сиёсий маданият чақирадиган ҳодисалар уларни жуда хавотирлантирарди. Масалан, Марказий Осиё мамлакатлари ҳудудида демократик сиёсий режим бўладиган бўлса, бу ҳудудларда жуда кўп мусулмон аҳоли ва миллиятчиларнинг мавжудлиги, ҳокимиятга исломий тафаккурдаги ёки миллиятчилик руҳидаги элита келадиган бўлса, уларнинг ўртасида зиддиятлар бўлиши аниқ эди. Нима учун? Унақа зиддиятлар бўлади, чунки Хитойнинг жуда катта қисмини эгаллаган Шинжон уйғур республикаси бор. Уларнинг тили ўзбек тилига яқин, маданияти ҳам яқин ва улар араб тилида ёзади ва жуда катта қисмини мусулмонлар ташкил қилади. Бу ерда мана шундай интеграцион жараён бўлмаслиги учун Хитойда бир хавотир бор эди. Ва ўйландики, халқ демократик талаблар билан чиқадиган бўлса, бунинг олдини олиш мақсадида улар Марказий Осиё билан қандайдир интеграцияни йўлга қўйиш ҳақидаги ғояни илгари сурди ва айнан Хитойнинг ташаббуси билан ШҲТ вужудга келганлигини кўришимиз мумкин.

Яъни Хитойнинг тарихий ва ҳозирги режалари бўйича ШҲТ ўзининг вазифасини 100 фоиз бажариб келяпти. Хитойнинг асосий нияти, бу ерда исломий ренессанс ва ҳокимиятга миллиятчиларнинг келмаслик масаласи. Шинжон-уйғур масаласи Хитой учун – бу Европа Болқони каби хавфли ҳисобланади.

Россия эса миллиятчиларнинг ҳокимиятга келиши ва умуман, исломий ривожланишдан унча чўчимайди. Чунки унинг ҳудудида ислом билан боғлиқ муаммолар йўқ, лекин Россияни Ўзбекистон ва собиқ иттифоқ ҳудудларидаги сиёсий маданиятнинг ўзгариши хавотирга солади. Путин наздида энг хатарлиси шу. Чунки атроф мамлакатларда сиёсий режим ўзгарадиган бўлса, биз Россияникига инклюзив бўлган бошқа бир маданиятга ўтадиган бўлсак, Россия сиёсий элитаси розилигидаги инсонлар эмас, балки бошқа инсонлар сиёсий элитани бошқарадиган бўлса, бу уларга маъқул эмас.

Хитой билан Россиянинг бу ердаги ниятлари бир-бирига яқин. Россия сиёсий маданият борасида хавотирда, Хитойнинг эса исломийлашиш ва миллиятчиларнинг ҳокимиятга келиши масаласида хавотирлари бор ва ШҲТнинг экзестензиал ниятлари нуқтаи назаридан бу ташкилотда иккита катта ўйинчи бор. Шуларнинг ниятлари нуқтаи назаридан ШҲТ ўзининг асосий вазифаларини бажариб келяпти. Шунинг учун ҳам бу ташкилот барқарор. Шунинг учун ҳам биз ШҲТ қандай ҳужжатларни қабул қиляпти деса, аниқ бир ҳужжатларни кўра олмаймиз. Лекин умумий бир мақсадни олиб қарайдиган бўлсак, бу ташкилот ўз вазифасини бажариб келяпти. Менинг назаримда, универсаллик деганимизда, бу мамлакатларнинг сиёсий маданияти ва сиёсий режимининг ўзига хослиги билан асосланади. Яъни буни ташкилотларнинг чўнтагида қандай қурол бор ва уни қачон қўллашни билмаслик билан ифодалаш мумкин. У бир гибрид ташкилот сифатида кўзга ташланади.

Интервьюни тўлиқ ҳолда юқоридаги видео орқали томоша қилишингиз мумкин.

Илёс Сафаров суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Мирвоҳид Мирраҳимов.

Мавзуга оид