Жамият | 09:30 / 11.09.2022
15934
15 дақиқада ўқилади

Янги дарсликлар борасида икки йиллик меҳнат пучга чиқмаслиги керак — РТМ директори билан суҳбат

Сўнгги кунларда интернетда мактаб дарсликлари ижараси нархи қизғин муҳокама бўлди. Ота-оналар дарсликлар идара нархи 2–3 баробар ошиб кетганидан норозиликларини билдиришди. Масалага президентнинг мактаб дарсликларини бепул тарқатиш бўйича берган топшириғи нуқта қўйди.

Kun.uz мактаб дарсликлари яратилиши, соҳага жорий этилаётган янги технологиялар бўйича Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов билан суҳбат уюштирди.

– Президентнинг 2020 йилдаги тегишли фармонига кўра, мактаб дарсликларини чоп этиш Республика таълим маркази зиммасига юклатилган. Бизга мактаб дарсликлари яратилиши борасида, уларнинг форматлари ҳақида айтиб берсангиз.

– 2020 йилдан шу даргоҳда иш бошладим. Олдимизга мактаб таълимининг мазмунини янгилаш топшириғи қўйилди. Шундан сўнг кўп изландик. Бугунги кунда таълим мазмунини нималар ташкил қилади, хорижий давлатларники бизникидан қандай фарқланади, деган масалани кўтардик. Ўрганишлар шуни кўрсатдики, бутун дунёда ўқувчиларни ҳаётга тайёрлаш тенденцияси давом этаётган экан.

Бу ерда иккита омил бор: биринчиси, ўқувчининг синфхонадаги мустақил фаолиятини қўллаб-қувватлаш, яъни ўқитувчи синфхонадаги ягона ҳоким эмас, балки ўқувчини йўналтириб турувчи, холос. Шунга кўра, йигирмага яқин жиҳатларни саралаб олдик: ижодий ва креатив, ностандарт фикрлаш каби.

Иккинчиси — индивидуал қизиқишларга асосланган таълимни йўлга қўйиш. Бу ўқувчининг қизиқишларини ҳисобга олган ҳолда унга таълим бериш. Давлат таълим стандартларида ҳар бир фаннинг олдига мақсад қўйилади. Энг катта ютуғимиз ҳам шу деб ўйлайман. Миллий ўқув дастурида ҳар бир фаннинг концепцияси мавжуд. Шу концепцияда ҳар бир фаннинг олдига мақсад қўйиб чиқилди. Шунга кўра, ўқитувчи дарс ўтаётганда давлат таълим стандартлари билан ишлаши кераклиги белгиланди.

Бу вазифани бажариш аввалида дарсликларни қандай тайёрлаш борасида жуда ўйландим. Нашриётлар очиқчасига дарслик тайёрлаш салоҳиятига эга эмасмиз дейишди. Бунинг энг катта сабаби – муаллифлар мактаби кексайиб қолганида эди. Йиллар давомида бу тизимда шогирд тайёрланмаган. Ёш муаллифлар мактабига эҳтиёж борлигини сездик.

Ҳозирги кунда битта миллий ўқув дастурини яратиш учун 246 нафар маҳаллий экспертлар қатнашди. 20 дан ортиқ халқаро экспертлар билан ишлаяпмиз. Бугун 350 дан ортиқ ўқитувчи, методист, олимлар ва халқаро экспертлардан иборат муаллифлар мактаби шаклланди.

Муаллифларимизнинг ўртача ёши 40–45 атрофида. Дарсликлар 17 йил аввал янгиланган экан. Формат масаласи ҳам худди шунақа.

Формат масаласини оладиган бўлсак, кўплаб мамлакатлардан дарсликларни олиб келтирдик. Халқаро экспертлар фикрини ўргандик. Масалан, янги жорий этилган «Табиий фанлар» дарслигини олайлик. Бу дарсликни тайёрлашда бевосита тақризчи сифатида иштирок этган экспертимиз табиий фанлар йўналишида Оксфорд нашриётининг муаллифи ҳисобланади. У киши бизга дарсликнинг мазмун-моҳиятидан ташқари дизайни ва формати бўйича ҳам доимий тавсиялар бериб келган. Бутун дунёда дарсликлар мана шу форматда нашр этилади. Бу ўқувчи учун қулай. Бу сумкага сиғмаслиги, кўтариб юришга ноқулай бўлиши мумкин албатта.

— Китоб жавонига ҳам сиғмас экан. Аслида китоб жавонда ҳам турмаслиги, ўқилиши керак. Шахсан фикримни айтадиган бўлсам, китобни вароқлаб кўрдим. Иллюстрацияга жуда бой. Рангли ва аввалгилардан фарқли ўлароқ, бошқача дизайнда чоп этилаётган экан. Демак, бу бутун дунё стандартига мос формат, шундайми? Китобларнинг стандарти масаласига келсак, йирик форматда чиқаришга нима сабаб бўлди?

— Бу ерда асосий сабаб бу китоб ўқувчи учун қизиқ ва жозибали туюлиши керак. Аввалги дафтар шаклидаги дарсликларда ёзув ва тасвирлар кичрайиб кетган. Бугунги болаларни бу шаклдаги тасвир ва иллюстрациялар билан ушлаб тура олмайсиз. Улар ақлли технологиялар ва визуал дунёда яшаётган болалар. Агар дарслик бу жараёндан орқада қолиб кетадиган бўлса, ўз жозибадорлигини йўқотади.

— Китобнинг босма тобоғи ортиши унинг оғирлигига ҳам таъсир қилади. Бу белгиланган нормаларга зид бўлиб қолмайдими?

— Ҳар бир дарслик «сампин» текширувидан ўтказилади. Унда китобнинг оғирлиги, қоғоз сифати ва формати – барчаси текширилади. Бугунги кунда дарсликлар учун нисбатан енгил қоғозлар ишлатилади. Формат ўзгаргани билан оғирлик ўзгармайди.

— Биринчи синф дарсликлари жуда кўпайиб кетибди. Билишимча, уларнинг ярми машқ дафтари. Ҳатто мусиқа фани ҳам алоҳида китоб тарзида чоп этилган. Мана шунга ўхшаган дарсликларни  мултимедияли қилиб, электрон шаклда чоп этса яхши эмасми? Барчасига қоғоз сарф қилмасдан.

— Дунёда ҳозир фанларни оптималлаштириш жараёнлари кетмоқда. Яъни умумлаштириш давом этяпти. Масалан, Финландияда фанлар меҳнат бозоридаги талабдан келиб чиқиб танланади. Масалан, бугунги кунда ахборот технологиялари мутахассислари, график дизайн соҳаларини оладиган бўлсак, шу касбни эгаллаши учун ўқувчига қайси фанлар керак бўлса, бир вақтнинг ўзида ўша фанларни ўқитиш керак бўлади.

Тўғри, ҳозир сиз айтганингиз каби қоришиқ фанлар кўпайиб кетяпти. Масалан, мусиқа фанидан мултимедияли дастур яратилмоқда. Бизда яна бир таклиф борки, антологиялар тайёрлаш ва мактабларга етказиш. Бу орқали ўқитувчига мустақил равишда ўз дастурини тузиш имконини бериш.

Бу мослашувчан дастур бўлади. Дейлик, мусиқа дарслигида биз кимнидир киритсак, бутун Ўзбекистонда ўшани ўқиш ва куйлаш керак бўлади. Мисол учун, хоразмлик ўқувчи учун бу қизиқ бўлмаслиги мумкин. Биз таклиф қилаётган усул ўқитувчига ўз дастурини мустақил ташкил қилиш имконини беради.

Энди мултимедияли қилишга келадиган бўлсак, бирор янгиликни жорий этиш жуда ҳам қийин. Мисол учун, биз 5-синфга келганда тўсатдан кимё, биология, географияга дуч келиб қоламиз. 80 фоиз ўқувчи бу фанларни тушунмайди. Қийналади. Чунки 1-синфдан бошлаб бу фанларни ўрганишга ёрдам берадиган билимлар бериб келинмайди. Тайёрлаб борилмаган ўқувчи олдидан мураккаб фанлар чиққач, ўқувчи уни ёмон кўра бошлайди. Ёмон кўришнинг тагида билмаслик ва тушунмаслик ётади. Тушунмасликнинг тагида эса нотўғри таълим туради.

Табиий фанларни 1-6-синфларга жорий қилдик. Яхши тарафи шундаки, физика, кимё, географияга ўқувчиларни 1-синфдан тайёрлаб келамиз. Ушбу фан 5-6 фан асосида тайёрланган бўлиб, спиралсимон ўқитиш тизими тарзида ўқувчиларга етказиб борилади. Яна бир яхши томони, фанларни уйғунликда ўрганади.

Қийинчилиги шунда бўлдики, қуйи синфларда бу мавзу учун соатлар етишмаслиги кузатилди. Бунинг натижасида ўқитувчилар орасида жуда катта норозилик кузатилди соатлар борасида. Ўқитувчилар муаммоси ҳам ҳал қилиниши керак муаммолардан бири. Дейлик, жуда кам сонли ўқитувчилар бу янги ёндашувни тушуниши мумкин. Агар фидойи ўқитувчи бўлса, буни албатта тушунади.

Куни кеча пойтахтимиздаги бир мактабга борганимда бошланғич синф ўқитувчилари тажриба қилиб кўраётганига гувоҳ бўлдим. Тўғри, бу осон эмас. Лекин барибир қилишимиз керак.

– Билишимча, мингга яқин дарсликлар устида ишлайсизлар ва улар етти тилда чоп этилади. Уларнинг айримлари таржималар. Тил борасида қандай мутахассисларни жалб этяпсизлар?

– Дарсликнинг энг қийин жараёни уларни таржима қилиш жараёнидир. Биринчидан, кадрлар етишмовчилиги, иккинчидан, сифат масаласи бор. Айниқса, рус, туркман тиллари бўйича жиддий кадрлар етишмовчилигига дуч келамиз.

Марказимизда мана шу тиллар бўйича методистлар бор. Биз уларнинг атрофига таржимон, муҳаррир, мусаҳҳиҳларни йиғганмиз. Марказимизда 700 нафарга яқин ходим фаолият юритиб келмоқда. 350 нафарини муаллифлар ташкил этади, 20 дан ошиқ методист, 50 дан зиёд олимлар, 53 нафар мусаҳҳиҳ ва ҳоказо бор.

Дарслик 15 босқичда тайёр ҳолга келади. Қўлёзмадан бошланади ва босқичма-босқич нашр этиш жараёнига ўтади. Тақриз олиш жараёнлари ҳам бор.

— Таълим маркази дарсликни чоп этишга тайёр ҳолатга келтириб беради. Ундан кейинги жараёнлар ҳам сизнинг ваколатингизга кирадими ёки шу ерда вазифангиз ўз ниҳоясига етадими?

— Дарслик файли тайёр бўлгач, вазирликка тақдим этилади. Вазирликдаги ваколатли комиссия тендер ташкил қилади. Тендер тугагач, биз уларга файлни ўзимиз олиб борамиз. Сабаби биз олиб борган файл уларнинг техника стандартига тушмаслиги, ранги ўзгариб кетиши мумкин. Ёки формати ва ўлчамини ўзгартиришга тўғри келиб қолади. Мана шу жараёнларда бизнинг техникларимиз иштирок этишади.

— Дарсликлар нархи ошиши кўпчиликда норозилик келтириб чиқарди. Бу сиз раҳбарлик қилаётган ташкилотга таъна тошлари отилишига сабаб бўлди. Бунга нима сабаб бўлди деб ўйлайсиз? Чунки марказ фақат дарсликнинг сифат даражасига жавоб берар экан. Тендер комиссиясида фақатгина ўринбосарингиз номи қайд этилган.

— Тўғри, бу жараёнда нашриётларнинг моддий-техник базасини ўрганиш масаласи ҳам бор. Шу нуқтайи назардан ташкилотимиздан тендерда вакил бор. Лекин тендерни ўтказувчи асосий ташкилот биз эмасмиз. Бизга нисбатан номаълум аккаунтлар томонидан жуда катта ахборот хуружи уюштирилди. Бу дарсликлар яратиш тизимини билмасликдан, деб ўйлайман. Иккинчи томондан, бу мақсадли уюштирилган деб ўйлайман.

Иш бошлаган дастлабки пайтларда ўзгаришга тайёр бўлган муаллифларни олиб қолиб, эски услубида қолганларидан воз кечган эдик. Кўплаб ходимлар билан хайрлашишга мажбур бўлдик. Президентимиз томонидан қўйилган талабларни бажариш учун биринчи навбатда жамоа кучли бўлиши керак. Бу орада кўп душман орттириб қўйдик. Шунинг учун бу мақсадли уюштирилган бўлиши ҳам мумкин деб ўйлайман.

— Дарсликларни тайёрлаш таълим марказига берилмасдан аввал бу вазифани кимлар бажарган?

— Бу вазифани нашриётлар бажарган. Бу жараёнга таълим марказининг ўрни қисман бўлган. Дарсликлар академик тилда ёзилганлиги учун ўқувчига оғирлик қилар эди. Дарсликларни ўқувчини билмаган одам ёзган. Ўқитувчининг иштироки деярли сезилмаган.

Бугун биздаги 355 нафар муаллифнинг 56 фоизи амалиётдаги ўқитувчилар. Агар биз ўқувчининг ижтимоий, руҳий ва жисмоний ҳолатини инобатга олиб дарслик ёзмасак, ўқувчи уни ўқимайди. Топшириқлар қизиқ ва ҳаёт билан боғлиқ бўлиши керак. Шунчаки ёд олишга мўлжалланган контент бўлиши керак эмас.

Ўша йилларда нашриётлар билан буни ўзгартиришга ҳаракат қилдик. Лекин, афсуски, кўп муаммоларга дуч келдик. Муаллифлар ходимларимизни назар-писанд қилишмаган. Ҳаттоки муаллифлардан бири илмий даражасини пеш қилиб, методистларнинг маслаҳатига қулоқ тутмаган вазиятлар ҳам бўлган. Бу вазиятда ўзгариш қилиш қийин эди. Бу масала давлат раҳбарига ҳам тақдим қилинди. Энг яхши ўқитувчи, методист, олим ва таржимонлар гуруҳини тузиб, уларга керакли шарт-шароитлар яратиб бериб, сўнгра давлат таълим стандартларини яратиш зарурати туғилди.

— Илгари дарсликларимиз «Ўқитувчи» ва «Ўзбекистон» нашриётларида тайёрланган. Маълум типографияларда босилган. Эндиликда китоблар янгидан янги хусусий нашриётларга берилаётган экан. Бу сифатга таъсир қилмайдими?

— Тендерда қатнашаётган ҳар бир ташкилотнинг салоҳияти ўрганиб келинган. Тендер эълон қилинганда ҳамма техник параметрлар белгилаб берилади ва шу бўйича қабул қилинади. Баъзан қайсидир жиҳатдан алдамоқчи бўлган вазиятлар ҳам учраб туради. Қабул жараёнларини бевосита вазирлик амалга оширади. Бу жараёнларда бизнинг мутахассислар ҳам иштирок этишади. Яхши томони — рақобат шаклланади.

Раҳбарият топшириғи шунақа бўлганки, агар бирор нашриёт алдайдиган бўлса, кейинчалик уни шу тендерлардан четлаштириш имконияти берилган. Бу барча иштирокчиларга айтилган. Сифат устувор.

Албатта, 500-600 минг нусхада босиладиган дарслик жараёнини назорат қилиш қийин. Бунинг энг яхши йўли — уни мактабларга етказиш ва ўқитувчилардан фидбек олишдир. Монопол босмахоналар даврида сифат тушиб кетиши кузатилган. Ҳозир рақобат бор. Бир-икки йил камчиликлар кузатилиши мумкин, лекин бора-бора бу жараён изига тушади.

— Нима учун халқаро тендерлар ўтказилмайди? Масалан, Туркияда китобларни боса оладиган нашриётлар бор. Финландияда бор.

— Хорижда босилаётган дарсликлар ҳам бор. Ўзимиздаги босмахоналар китобнинг қайси қисминидир хорижда ҳам босиб келишяпти. Халқаро тендер бўйича ҳеч қандай тақиқ йўқ.

— Бу йил тўртта синфнинг дарсликлари янгиланиши белгиланган бўлиб, ҳозиргача мактабларга фақат 3-синфнинг китоби етиб борибди. Халқ таълими вазирлиги ноябр ойигача барча дарсликларни етказиб беришга ваъда бермоқда. Демак, типографиялар улгуришмаяпти. Ёки дарслик макети уларга кеч тақдим этилдими?

— Биз дарсликларни тайёрлашни январ ойидан бошлаймиз. Орада вақтни оладиган жараёнлар кўп. Масалан, тендерлар бор. Бир дарсликни тайёрлаш учун 2–3 ой вақт керак бўлади. Сентябргача 300 номдаги дарсликларни чоп этишга топширганмиз. Бу йил 64 миллион нусха ўқув адабиётларини босиш режа қилинганди. Агар биздаги босмахоналарнинг ҳаммаси бир вақтда иш олиб боришса, бемалол уддалай олишади. Мана шу кечикишларни инобатга олиб, йил охиригача таъминлаб бериш режа қилинган.

— Умуман олганда, мактаб дарсликларини тўлиқ янгилаш қачон ниҳоясига етказилади?

— 2025 йилга қадар бу жараён якунланади. Миллий ўқув дастури тўлиқ амалиётга жорий қилинади.

— Умумтаълим мактабларда барчани бир хилда ўқитмасдан, болаларнинг қизиқишига қараб, уларни турларга бўлиб ўқитиш, яъни гуманитар фанларга, спортга қизиқадигани алоҳида, аниқ фанларга қизиқадигани алоҳида-алоҳида ўқитиш бўйича ҳам иш олиб бориляптими?

— Бир йил давомида юқори синфларда шундай тажриба ўтказилди. Яъни танлаб ўқиш йўлга қўйилди. Мана шу нарса бу йилдан 7-синфдан бошлаб йўлга қўйилади. Аммо бу борада баъзи муаммолар ҳам йўқ эмас. Яъни бола бирор фандан бош тортса, у фанни ўқитаётган ўқитувчининг маоши қандай бўлади? Шунинг учун ҳозирда ўқитувчиларнинг натижавийлигига қараб маош тўлаш ҳам режалаштирилган.

Шуҳрат Сатторов, Республика таълим маркази директори

Ҳозирда ахборот хуружлари оқибатида икки йилдан бери қилган меҳнатимизни пучга чиқаришга ҳаракат қилишди. Гўёки бизни давлат маблағини талон-торож қилганликда айблашди. Аммо биз ҳали бу жараёнда иштирок этган ходимларнинг маошларини тўлиқ бера олганимиз йўқ. Жамоатчиликдан уйларига кириб борган янги авлод дарсликларини кўриб баҳо беришларини сўраб қолган бўлар эдим.

Тўғри, фаолиятимизда камчиликларга йўл қўйган бўлишимиз мумкин. Сабаби бизга берилган вақт жуда қисқа эди. Бу икки йилнинг ичида олти синф дарсликларини янгилаш ҳеч бир давлатда кузатилмаган ҳодиса. Буни ишонч билан айта оламан. Масалан, Финландияда битта дарслик лойиҳаси 1,5 йил лойиҳа сифатида яшаши керак. Лекин биз бир ярим йил ичида олтита синф дарсликларини еттита тилда тайёрлаяпмиз. Шунинг учун баҳо бераётганда мана шу жиҳатга эътибор беришса яхши бўларди.

Шуҳрат Шокиржонов суҳбатлашди.

Мавзуга оид