Президент: «Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз»
Савдо-иқтисодий ва ишлаб чиқариш алоқаларининг жиддий узилишига олиб келган уч йиллик “пандемия танаффусидан” сўнг ШҲТ мамлакатлари ва халқларига тўғридан тўғри мулоқот зарур. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёевнинг “Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг Самарқанд саммити: ўзаро боғлиқликдаги дунёда мулоқот ва ҳамкорлик” сарлавҳали мақоласида айтилган.
“Буюк Ипак йўлининг дурдонаси бўлган қадимий Самарқанд шаҳри жаҳоннинг ўн тўртта мамлакати етакчиларини Ташкилотнинг ва унга аъзо ҳар бир давлатнинг фаровонлиги ва равнақига хизмат қиладиган янги ва илғор таклиф ҳамда ташаббуслари билан кутиб олишга тайёр.
Ушбу афсонавий шаҳар Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти тарихида муваффақиятнинг яна бир саҳифасини очишига шубҳа йўқ. Самарқанднинг шонли тарихий мероси бунга хизмат қилади. Кўп асрлар мобайнида бу шаҳар Европадан Хитойгача бўлган мамлакатларни мустаҳкам ришталар билан боғлаб, Шимол ва Жанубни, Шарқ ва Ғарбни ягона чорраҳада туташтирган”, дейилади мақолада.
Билдирилишича, азалдан Самарқанд турли ғоя ва билимлар “қайнаган” макон бўлиб, бу масканда инсоният тинч ва фаровон яшаш, ўз куч ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бахтли ҳаёт кечириш каби муштарак мақсадлари мужассам бўлган.
“Бугун замонавий ва жадал ривожланаётган инфратузилмаларга эга бўлган Самарқанднинг бундай ноёб жиҳатлари уни минтақавий ва глобал хатарларни биргаликда муҳокама қилиш, бу борада зарур ечимларни излаб топиш учун энг қулай ва мақбул майдонга айлантирмоқда.
Инсониятнинг бир бутунлиги ва ўзаро боғлиқлиги шу даражада юқорики, мавжуд хатарларнинг аксарияти нафақат минтақалар, балки умумжаҳон миқёсида ҳамкорлик қилишни тақозо этмоқда.
Кўп йиллик биргаликдаги ишларимиз тажрибасига таяниб ишонч билан айтамизки, ШҲТнинг Самарқанд саммити умумий хавфсизлик ва тараққиёт йўлидаги ўзаро ҳурмат, ишонч, конструктив ҳамкорлик принципларига асосланган янги, инклюзив мулоқотни йўлга қўйиш борасида ўзига хос намуна бўла олади”, деб ёзади президент.
Қайд этилишича, Самарқанд ташқи сиёсат бобида устувор йўналишлари турлича бўлган давлатларни бирлаштириш ва муросага келтиришга қодир айнан шундай платформага айлана олади.
“Тарихан шаклланган тушунчага кўра, Самарқанддан туриб қаралганда, дунё тарқоқ эмас, балки яхлит ва бўлинмас бўлиб кўринади. “Самарқанд руҳи” деган ноёб феноменнинг мазмуни ҳам асли шунда мужассам бўлиб, у халқаро ҳамкорликнинг, жумладан, ШҲТ доирасидаги шерикликнинг принципиал жиҳатдан янги форматини шакллантириш борасида мустаҳкам пойдевор бўлиши мумкин.
Аслини олганда, “Самарқанд руҳи” бундан 20 йил аввал мамлакатларимизнинг давр талабларига мос, янги ташкилотни яратишига туртки берган “Шанҳай руҳи”ни уйғун равишда тўлдириб туради.
Шу сабабдан аминмизки, Самарқандда ШҲТ ҳаётининг янги босқичи бошланишига гувоҳ бўламиз – ташкилотнинг таркиби кенгайиб, унинг келажак кун тартиби шаклланади ва бунда чуқур рамзий маъно мужассам.
Ишончимиз комилки, Шанҳай ҳамкорлик ташкилотининг бўлажак саммитида қабул қилинадиган қарорлар минтақавий даражада ҳам, глобал миқёсда ҳам мулоқот, ўзаро англашув ва ҳамкорликни мустаҳкамлашга салмоқли ҳисса қўшади”, дейилади мақолада.
Мавзуга оид
17:38 / 25.12.2024
Мирзиёев МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий учрашувида иштирок этди
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
00:30 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Санкт-Петербургга борди
20:19 / 24.12.2024