Ўзбек киносидан безган томошабин, юлдузли авлод ва улғайиш — Алишер Узоқов билан суҳбат
Кимлиги ҳақида берилган саволга “ҳеч ким” дея жавоб берадиган кино актёри, режиссёр, продюсер, қўшиқчи, шарҳловчи, футболчи... Ростдан ҳам, у ким ўзи? Фаолияти давомида 50 дан ортиқ кино ва спектаклларда роллар ижро этган, 10 дан ортиқ қўшиқлар куйлаган, 3 йил профессионал клубда тўп тепган, футболни майдондан ташқарида ҳам ўйнаган Алишер Узоқов билан ҳаёти ва фаолияти ҳақида суҳбатлашдик.
– Алишер Узоқов ҳозирда нималар билан машғул?
– «Севимли» телеканалида фаолият юритяпман. Кузатишларимга кўра, ўзбек киноси бироз жонлангандек назаримда. Бундай хулосага келишимга сабаб бир нечта катта лойиҳалар ва синов жараёнларида иштирок этиш учун таклифлар бўлди. Уларда иштирок этдим. Шу билан бирга, доимий изланиш ва ўқиб-ўрганиш жараёнидамиз.
– Яқинда хориждан келдингиз деб эшитдик...
– Тўғри, яқинда қайтиб келдим. Биласизми, узоқ йиллардан бери қўшиқ куйламай қўйгандим. 4-5 та ижод намуналарини тайёрлаб қўйгандим, аммо улар кўнглимга ўтирмагани учун эълон қилмаган эдим. Фикримча, қўшиқда энг муҳим нарса бу – сўз. Шу сафарга кетишдан олдин кўпгина адабиётларни изладим. Сафарга бир ҳафта қолганида Шерзодбек укамиз билан кўришиб қолдим. Унга кетишимни, ғоям борлигини, агар ишларим ўхшаб қолса, бирор қўшиқ суратга олиш ниятида эканимни айтдим. У кўнглимга маъқул келган мусиқани ёзаётганда ўқиб турган китобимни яна бир варақлагандим, излаган мисраларимни топдим. Бу – Ҳайдар Шерозийнинг ғазали эди. Уни яқин орада мухлислар эътиборига ҳавола этамиз.
– Сиз ҳақингизда берилган таърифларда 4-5 та касбнинг номини учратиш мумкин. Қўшиқчи, актёр, футболчи, шарҳловчи... Бу «Устоз кўрмаган шогирд» иборасига тўғри келадими ёки «Йигит кишига қирқ ҳунар оз» мақолигами?
– Қайсидир маънода иккаласига ҳам мос тушади. Аммо устозларим бор. Маҳмуд ака Рашидов – санъатда ўз йўлимни топишимда катта ҳисса қўшган инсон. Валижон ака Умаров – театрда менга устозлик қилган инсон.
– Мен маънавий устозни назарда тутгандим.
– Мен устозларимдан керакли таҳсилни олиб бўлдим. Бу ёғига ўз-ўзимга устозлик қиламан десам ҳам бўлади. Суратга тушган фильмларим бор. Аммо уларнинг барчаси ҳам ўзим истагандек чиқмаган. «Жаноб ҳеч ким», «Ҳаётда», «Тундан тонггача» кинолари ўз талабимга жавоб бера олади десам бўлади.
– Нима деб ўйлайсиз, авваллари фильм ва сценарий танламасдан, суратга тушишга рози бўлганингизнинг сабаби нима? Моддий манфаатми?
– Албатта, моддий жиҳат ҳам эътиборга олинади. Лекин ўша давр учун у кинолар ҳам ёмон эмас эди. Ўз даврида уларнинг томошабини ҳам кўп бўлган. Энг асосийси, ўша пайтдаги кинолар бир тизимга тушган ва томошабин эътиборини торта олган эди. Ўша муҳитни ушлаб қолиш керак эди назаримда. Тўғри, у фильмлар камчиликдан холи бўлмаган. Аммо бундай пайтларда оқилона қарор қабул қилиш керак эди деб ўйлайман.
– Ўзингиз роль ижро этган фильмларни томоша қилиб турасизми?
– Йўқ, умуман кўрмайман. Ҳатто премьераларни ҳам бошидан охиригача кузатмаганман. Кинодаги ўзим ўзимга ёқмаса керак. Аммо ўзимга ёқиш учун ўйнамайман-ку. Кино фақат актёрнинг ижросига боғлиқ эмас. Бу ерда бошқа факторлар ҳам бор.
– Сиз сермаҳсул ижод қилган даврларда бирваракайига бир нечта истеъдодли актёрлар етишиб чиқди: Улуғбек, Фаррух, Адиз. Ҳозир эса ҳеч ким йўқ. Бунга ким айбдор?
– Ҳозир бундай актёрлар етишиб чиқмаётганининг сабабини таълимдаги узилиш деб биламан. Сиз санаган актёрлар Маннон Уйғур номидаги Тошкент давлат санъат олийгоҳида таҳсил олишган. У ерда аввал муҳит бошқача эди. Биз ўша олийгоҳнинг сўнгги қалдирғочлари эдик. Шундан кейин институт бошқа бинога кўчди. Муҳит ўзгаришига эҳтимол шу ҳам сабаб бўлгандир.
– Ўзингизни қандай ролларга лойиқ деб биласиз?
– Дунёдаги энг қийин ролни ўйнашга ҳам тайёрман. Менга жараён қизиқ. Катта лойиҳалардан умидим бор. Одамлар кўра оладиган кино яратилса, жон деб рози бўлар эдим. Ҳозир эътибор берсангиз, кўпчилик ёш актёрлар қайсидир маънода блогер бўлиб кетяпти. Тўғри, ҳозир замон шуни тақозо қиляпти. Масалан Россияда, Қозоғистонда бу соҳа жуда ҳам ривожланган. Аммо улар маданиятни блогерларнинг қўлига топшириб қўймаган. Бизда эса топшириб қўйишди.
Юқоридаги санаб ўтган давлатларимизда ҳам блогерларни ҳамма кузатади, лекин уларнинг театрлари бўшаб қолмаган, киноси ривожланиб боряпти, санъат ижтимоий тармоқ билан рақобатлаша оляпти.
Ҳозир санъат олийгоҳини тамомлаётган ёш ижодкорлар қаёққа борсин? Театргами? Киногами? Таклифнинг ўзи йўқ-ку. Нима қилади? Телефонини олади-да ижтимоий тармоқларни бойитади, санъатни эмас. Аммо бу ерда асосий айбдор улар эмас. Уларни бир жойда тўплаб, бирор катта лойиҳага қўл урса, гуллаб-яшнайди. Лекин ундай лойиҳаларнинг ўзи йўқ.
– Шундай лойиҳаларни ўзингиз ташкил қилсангиз-чи?
– Бу жуда қийин масала. Биринчи навбатда маблағга бориб тақалади. Шунга қарамасдан кузатиб боряпмиз, ниятимиз йўқ эмас. Насиб қилганида бу ҳам бўлиб қолар. Ҳозирда иш ўрганиш, тажриба ошириш учун ёнимда юришни сўраб мурожаат қиладиган шогирдларим йўқ эмас.
– Қўшиқ ҳам куйлайсиз. Бу ўз-ўзини кашф қилишми ёки чўққига интилиш?
– Бу курашиш деган бўлар эдим. Охирги куйлаган қўшиғим бу «Ўтгусидур» бўлди. У инсонни тафаккур қилишга, ўтган куни ҳақида мушоҳада қилишга чорлайди. Даставвал эшитганда бу қўшиқнинг сўзларини тушунмаслиги мумкин. Аммо икки-уч бор эшита бошласа, унда фикрлаш жараёни ошади.
Қўшиғимнинг томошабини ҳозирги давр клиплари сингари кўп эмас. Менга мингта эмас, битта бўлса ҳам етади. Ўша битта Ҳайдар Шерозийнинг сатрларини тушуниб етган бўлса бўлди. Миллионта одамни заҳарлагандан кўра, битта одамнинг тафаккурини оширишни маъқул кўраман. Қўлимдан бошқа нарса келмайди. Катта-катта фильмларни суратга олиш учун йиғиб қўйган маблағим йўқ. Ҳар уч ойда шунақа клиплар олишга ҳам имконим йўқ.
– 5-6 йил давомида кўп соҳаларда ўзингизни синаб кўрдингиз: қўшиқ айтдингиз, хорижга чиқиб, бир нечта компанияларнинг юзига айландингиз, футбол шарҳладингиз. Лекин ҳозир ўзингиз айтаётган юқори даражали маънавий муҳитга етиш учун экран қиёфасидан воз кечишингиз ҳам мумкин эди-ку.
– Баъзан оқимдан четга чиқиб, атрофни бир кузатиш ҳам жуда катта фойда беради. Шу йиллар мобайнида менда шунақа ҳолат бўлди. Ўзимнинг қаерга қараб кетаётганим, йўлим тўғри ёки нотўғрилигини аниқлаб олишга имконим бўлди.
– Сиз орада футбол шарҳловчиси ҳам бўлдингиз. Қўпол қилиб айтганда, актёрликда эшитмаган танқидларни ҳам шу жараёнда эшитгансиз адашмасам. Нега кетдингиз бу соҳадан. Бу сиз учун эмас эканми?
– Ҳозиргача футбол шарҳига қайтишимни сўрашади. Ҳалигача таклиф қилишади. Мен бу соҳадан соғлигим кўтармагани учун кетдим. Италия А сериясининг ўйини пайтида мазам қочиб, тўғри реанимацияга тушган пайтим ҳам бўлган. Мен бошқа шарҳловчилар сингари дам олиб, атай шу ўйинга тайёргарлик кўриб кела олмасдим. Кундузи сёмкалар ва бошқа тадбирларда юрардик. Бундан ташқари, одамлар мени шарҳловчи эмас, актёр сифатида қабул қилиб бўлишган эди.
Мени кўплар шарҳловчи сифатида қабул қила олмаган, лекин актёрлигим бу ерда иш берган. Бир марта хорижий машҳур инсонлардан бирини студияга олиб келиб, шарҳловчиларни таништиришган ва ўша ерда мен ҳам бор эдим. “Бу орамиздаги ёш йигит энди иш бошлади, асли соҳаси актёр”, деб айтишганда, у: “Ҳақиқий шарҳловчи актёр бўлиши керак. Сабаби шарҳловчиларни тайёрлайдиган олийгоҳ йўқ. Улар асосан санъат олийгоҳида таҳсил олади”, деб айтган эди.
Киноларимни кўрмасам ҳам, шарҳларимни эшитар эдим. Шарҳловчиликни ўзим яхши кўрганим учун қилдим. Бу қўлимдан келишига ишонганман ва ҳозир ҳам ишонаман. Тўғри, менда ҳам камчиликлар йўқ эмас, чунки энди бошлагандим бу соҳани. Ҳайрулла акам (Ҳамидов – таҳр.) ҳам дастлаб бошлаганларида қанча гаплар эшитишган. Даврон (Файзиев – таҳр.) ҳам бирданига Даврон бўлмаган. Улар йиллар давомида шаклланишди. Нима бўлган тақдирда ҳам шарҳловчиликка қайтишим қийин.
– Орада футболда ҳам ўзингизни синаб кўрдингиз. Нега?
– Бу орзум эди. Менга имконият берилди. Нега фойдаланмаслигим керак? Мен ёшлигимдан қизиққанман бунга. Футболчи деган ҳужжатим ҳам бор. Бу келажакдаги режаларимга ҳам қайсидир маънода туртки бўлмоқда.
Албатта, зўр ўйинчи бўлганман деб айта олмайман. Лекин машғулотларга доим қатнашиб турар эдим. Клубимиз ёпилиб кетди, мени ҳеч ким трансфер қилмади ва футболни тарк этдим. Клубим учун ҳам мени таркибга олиш қайсидир маънода пиар бўлган десам бўлади. Лекин бир мавсумда жамоам 11 та гол урган бўлса, ўшаларнинг биттасига мен муаллифлик қилганман. Бу биринчи ва охирги урган голим бўлган. Яна бир марта гол урганман, аммо уни ҳисоблашмаган. (кулади)
– Маъмуржон Узоқовнинг авлодисиз. Сиз ўзингизда ана шу масъулиятни бажара оляпман деб ўйлайсизми?
– Менинг бобом сингари овозим йўқ. Улар каби қўшиқ куйлай олмайман. Улар учун энг тўғри қилган ишим – қўшиқларини қайта куйламаганим деб биламан. Куйламайман ҳам. Куйлай олмаганман ҳам. Аммо ўзбек мусиқа санъатига ўзимни бироз ҳиссамни қўшиб келмоқдаман.
Тўлиқ суҳбатни видеода томоша қилинг.
Бобур Акмалов суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Муҳиддин Нидо.
Мавзуга оид
19:33 / 24.12.2024
“Давлатнинг кино соҳасидан чиқиб кетишига ҳали вақт бор” – Озодбек Назарбеков
20:24 / 22.11.2024
2025 йилда маданият ва санъат, ахборот-кутубхона ва музейлар соҳаси ходимлари иш ҳақи оширилади
18:29 / 12.11.2024
Италияда 2 мингдан зиёд сохта санъат асарлари мусодара қилинди
11:53 / 18.08.2024