Ўзбекистон | 22:02 / 13.09.2022
23378
3 дақиқада ўқилади

ШҲТ кундалиги: Мирзиёев – Самарқандда, 6 та давлатга янги статус ва бошқалар

Эртадан Самарқанд шаҳрида транспортлар ҳаракатига чекловлар кучга киради. Илк меҳмонлар келишни бошлайди. Саммитга доир бугунги энг асосий янгиликлар – ШҲТ кундалигида.

Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити бошланишига 2 кун қолди. Бугун, 13 сентябр куни президент Шавкат Мирзиёев Самарқандга етиб келди. Давлат раҳбари дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилди. Шундан кейин биринчи президент Ислом Каримов қабри ҳам зиёрат қилинди.

ШҲТдаги миллий координаторларнинг бугунги йиғилишида Эрон ортидан Беларуснинг ҳам тўлақонли аъзолиги тўғрисидаги аризаси кўриб чиқилди. Бундан ташқари, саммитда олтита давлатга ШҲТнинг мулоқот бўйича ҳамкори деган статус берилиши маълум бўлди. Бу давлатлар – Миср, Қатар, Саудия Арабистони, Баҳрайн ва Малдив ороллари. Олтинчи мамлакат номи ҳозирча очиқланмади.

Ўзбекистон вакили Раҳматилла Нуримбетовнинг айтишича, Самарқанд саммитида ШҲТнинг кенгайиши бўйича жуда катта муваффақиятларга эришилади.

Нуримбетов саммитнинг асосий ҳужжати – Самарқанд декларациясида нималар ёзилгани ҳақида ҳам маълумот берди. Унга кўра, декларацияда ШҲТни ривожлантириш бўйича аъзо давлатлар қандай ёндашувга келишиб олгани эълон қилинади. Бундан ташқари, ҳозирги халқаро ва минтақавий вазият борасида ташкилотнинг позицияси кўрсатилади.

Бугун, шунингдек, Кинематография агентлигида ШҲТ давлатларининг кинофоруми ўтказилди. Тошкентдаги кинотеатрлар ва концерт залларида ШҲТ мамлакатлари киноси кунлари бошланди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, саммит меҳмонларига тез тиббий ёрдам кўрсатиш учун Самарқандда 1303 қисқа рақамли колл-марказ очилган. Меҳмонлар тез ёрдамга қўнғироқ қилишса, гўшакни чет тилини биладиган операторлар кўтаради. Соғлиқни сақлаш вазирлиги 50 та тиббий бригада шай ҳолатда экани, уларнинг таркибида деярли ҳамма йўналишлардаги врачлар борлигини маълум қилди.

Шаҳарда транспортлар ҳаракатига 4 кунлик чеклов эртадан кучга киради. Шу куни шаҳарга илк меҳмонлар ташрифи бошланади. Биринчи бўлиб Эрон президенти Иброҳим Раисий ва Хитой раиси Си Жинпинг келиши кутиляпти. Уларнинг ташрифи расмий ва давлат ташрифлари мақомига эга, шу сабаб кенгайтирилган форматдаги тадбирлар ҳам режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, саммит 15-16 сентябр – пайшанба ва жума кунлари бўлиб ўтади. Унда 15 та давлат раҳбари иштирок этади. Тафсилотлар билан Kun.uz'да танишиб боринг.

Мавзуга оид