Жаҳон | 10:37 / 18.09.2022
49185
5 дақиқада ўқилади

Энди Нур-Султон эмас. Қозоғистон пойтахти номи 30 йилда тўртинчи бор ўзгармоқда

Қозоғистон мамлакат пойтахтига Остона номини қайтарди: бу қандай ва нима учун амалга ошмоқда?

Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон пойтахти Нур-Султонга Остона номини қайтариш тўғрисидаги фармонини имзолади. Шунингдек, у шанба куни мамлакат қонунчилигига тузатишлар киритиш тўғрисидаги қонунни ҳам тасдиқлади - бу тузатишлар пойтахт номини ўзгартириш имконини беради.

«Қозоғистон Республикаси пойтахти Нур-Султон шаҳри номи - Қозоғистон Республикаси пойтахти Астана деб ўзгартирилсин. Ушбу фармон эълон қилинган кундан кучга киради», дейилади Тўқаев сайтида эълон қилинган ҳужжат матнида.

Қозоғистон пойтахти Остона номи уч йил олдин Нур-Султон деб ўзгартирилган эди. Эндиликда шаҳарга аввалги номини қайтариш ғояси парламент депутатлари томонидан илгари сурилди, уни президент Қосим-Жўмарт Тўқаев ва Конституциявий кенгаш қўллаб-қувватлади ва ўзгариш Конституцияда мустаҳкамланди. Шу тариқа, шаҳар 1992 йилдан бери тўртинчи марта номини ўзгартирмоқда.

Акмолинск (1832-1961). 1832 йилда Россия империяси томонидан Ишим (Есил) дарёси бўйича кичик қалъа-истеҳком қурилди. Унда кичик ҳарбий отряд жойлаштирилди. Улар ҳудудни ва йўлларни қароқчилардан ҳимоя қилиши керак эди.

Акмолинск ҳудуднинг Оқмўла номидан олинган. Бу ном қадимги ҳун тилидан келиб чиққан бўлиб, оқ қалъа маъносини англатади. Қадимда бу жойларда ҳунлар оқ тошлар ва пишган ғиштдан турли истеҳкомлар, кичик қалъалар, мақбаралар барпо этишган. Улар Есил ва Нура дарёлари бўйига қурилган ва узоқдан кўзга ташланиб турган. Улардан бири Қораўткелда (ҳозирги Остона шаҳри ўрнида) бўлган.

Акмолинск қалъаси Россиядан Осиёга олиб борадиган савдо йўллари чорраҳасида жойлашгани туфайли тезда кенгайиб боради. 1862 йилда у шаҳар мақомини олади. 4 йил ўтгач, Акмола вилояти пайдо бўлди. 1910 йилга келиб, шаҳарда 13 минг аҳоли яшар эди.

Целиноград (1961-1992). Советлар даврида Оқмўла вилояти қўриқ ерларни ўзлаштириш бўйича ишлаб чиқилган кенг кўламли дастурнинг асосий йўналишларидан бирига айланди. 1953-1958 йилларда ҳудудга 270 минг киши кўчиб борди ва у қишлоқ хўжалигининг йирик марказига айланди. 1960 йилда шаҳар номи Целинная ўлкаси (бўз, қўриқ ерлар ўлкаси) деб ўзгартирилди, Акмолинск эса Целиноград номини олди.

Оқмўла (1992-1998). СССР парчаланганидан кейин шаҳар Оқмўла кўринишида аввалги номига қайтарилди.

Остона (1998-2019). 1997 йилда Қозоғистон пойтахти Олмаотадан Оқмўлага кўчирилди. Бир йилдан сўнг эса шаҳар номи Остона (Астана) деб ўзгартирилади. Бу пойтахт сўзини англатади.

Шу йиллар давомида шаҳар қиёфаси таниб бўлмас даражада ўзгарди. У кенгайтирилди, янги маъмурий бинолар, уй-жойлар, янги аэропорт, йўллар барпо этилди. Олмаотадан кўплаб маъмурий идоралар Остонага кўчирилди. Президент саройи, Қозоғистон парламенти, Мустақиллик саройи, ТИВ биноси, Мудофаа вазирлиги бинолари барпо этилди. Шаҳар йирик ижтимоий-сиёсий, илмий-маданий ва ишбилармонлик марказига айланди. Остона аҳолиси 1 миллиондан ошиб, Қозоғистоннинг йирик шаҳарлари сафига кирди.

Нур-Султон (2019 йилдан ҳозиргача). 2019 йил март ойида Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев истеъфога чиқди. Эртаси куни президент вазифасини бажарувчи Қосим-Жўмарт Тўқаев пойтахт номини унинг шарафига Нур-Султон деб ўзгартиришни таклиф қилди. 23 март куни бу ҳақдаги фармон имзоланди ва Қозоғистон Конституциясига ўзгартириш киритувчи қонун қабул қилинди. Шаҳар номи ўзгарган бўлса-да, пойтахт аҳолиси астаналиклар деб номланишда давом этиши, шунингдек, шахсий ҳужжатларни ўзгартириш шарт эмаслиги қайд қилинди.

Остона (2022 йил 17 сентябрдан). «Жана Казахстан» (Янги Қозоғистон) партияси депутатларидан бир гуруҳи сентябр ойи бошида шаҳарга аввалги номини қайтариш ташаббуси билан чиқишди. Парламентарийлар «одам тириклигида [яъни Нурсултон Назарбоев] унинг номи билан шаҳарни номлаш тўғри бўлмайди» деган хулосага келишган.

Ўтган ҳафта давомида депутатлар таклифи давлат раҳбари розилиги билан Конституциявий кенгашда (Назарбоев ҳам таркибида) кўриб чиқиш учун оширилди.

Конституциявий кенгаш тузатишларни маъқуллади, 15 сентябр куни эса Остона шаҳар кенгаши янги номланишни маъқуллади.

Бу ўзгаришлар январ ойи бошида Назарбоевнинг сиёсатдан бутунлай кетиши лозимлиги ҳақидаги шиорлар янграган норозилик намойишлари ортидан содир бўлди. Истеъфога чиққанидан кейин у муҳим давлат лавозимларини, жумладан, Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимини ҳам сақлаб қолган эди. Намойишчилар ўз талабига эришдилар – энди Назарбоев фақат «миллат отаси» расмий унвонини сақлаб қолади. Оммавий ахборот воситаларида номнинг ўзгариши «Назарбоев меросидан халос бўлиш» кампаниясининг давоми сифатида қабул қилинмоқда.

Мавзуга оид