Жамият | 19:47 / 19.09.2022
28012
12 дақиқада ўқилади

“Aсoс бўлган ҳужжат қалбаки, ундирилаётган 500 минг доллар эса ҳақиқий” — суд кафилликка алоқаси бўлмаган мулкдорни жазоламоқда

Жорий йилнинг 18 августида Халқ банкининг кредитни фоизлари билан қайтаришга оид даъво аризасига кўра, Жиззах туманлараро иқтисодий суди судьяси Асатов раислигида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди. Нари борса 20 дақиқа давом этган суд жараёнида ҳужжатларга кўра қўшимча жавобгар бўлган “Denta-Servis” хусусий корхонасидан 500 минг доллар ундириш ҳақида қарор чиқариб юборилди. Энг қизиғи, на корхона, на унинг раҳбарининг бу кредитга алоқаси бўлган. Суд чиқарган қарор эса мутлақо ақлга сиғмайди.

Фотоколлаж: Kun.uz

Муаммонинг бошланиши

Бу можаро объекти бўлиб турган хусусий шифохона биноси Тошкент шаҳрида жойлашган ва анчагина йирик — 2,3 минг кв/м майдонга эга. Бино “Denta-Servis” хусусий корхонасига тегишли бўлиб, бу корхона 1993 йилда Хўжаев Камол Низомович томонидан таъсис этилган. Қизиғи, қарийб 30 йилдирки унинг раҳбари ҳaм, таъсисчиси ҳaм ўзгармаган ҳамда бу факт барча давлат рўйхатларида қайд этиб келинган.

2020-2021-йилларда корхона таъсисчиси томонидан Чилонзор тумани “Чарх-Камолон” МФЙ, Новза кўчаси 16-уйда жойлашган, 2,3 минг кв/м майдонга эга шифохона сотувга қўйилади. Харидорлар чиқа бошлайди, воситачи маклерлар ўз хизматларини таклиф этиб келишади. Улардан бири харидорларга кўрсатиш важи билан бинога ва ташкилотга тегишли ҳужжатлардан нусха кўчириб олади. Кўнгилдаги нархда харидор чиқмагани, зарур маблағ бошқа манбалардан топилгани сабаб бино сотилмайдиган бўлади.

Орадан бир йилдан ортиқ вақт ўтиб, 2022 йилнинг 5 июлида Халқ банки Жиззах филиали томонидан корхона номига талабнома келиб тушади ва бу хабар мулк эгаларига саратонда урилган яшиндек таъсир қилади. Унга кўра, Халқ банкидан қарийб 700 минг доллар кредит олиш учун корхонага тегишли хусусий шифохона биноси гаровга қўйилгани, қарз тўланмаётгани учун ундирув бу мулкка қаратилаётгани назарда тутилганди.

Ҳазил эмас, чин!

Дастлаб корхона раҳбарияти бу талабномани англашилмовчилик дея қабул қилади. Аммо расмий хатнинг тагига етиш учун Жиззахга йўл олишади. Халқ банки маҳаллий филиалида уларни баттар ҳайратга солишади ва бинони гаровга қўйиб, кредит олинганига оид папка тақдим этишади. N 110 рақамли кредит шартномасининг қисқа мазмуни шунда эдики, “Ayzenburg Ekspert” МЧЖ банкдан қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқариш мақсадида 700 минг доллар кредит сўраган, “Yagona Sof Kapital” МЧЖ номли яна бир корхона кафил бўлиб иштирок этган ва гаров сифатида “Denta-Servis” хусусий корхонасига тегишли бино қўйилгани қайд этилган эди. Бундай бўлиши мумкин эмаслиги ҳақидаги саволларга жавобан эса уч томонлама, жумладан “Denta-Servis” корхонаси раҳбари иштирокида имзоланган, нотариал тасдиқланган ипотека шартномасини ҳaм тақдим этишади. Халқ банки бу шартномага асосан 700 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратган ва дастлабки транш сифатида 490 минг АҚШ долларини “Ayzenburg Ekspert” МЧЖга ўтказиб бергани, аммо кредитни сўндириш белгиланган муддатларда амалга ошмай, қарздорлик фоизлари билан деярли 500 минг долларга етгани маълум бўлади.

Нотариусга саволлар

Энг қизиқ нуқта аслида шу ерда. Чунки кредитга умуман алоқаси бўлмаган ташкилотнинг бу ишга аралашувига ва унга тегишли бинонинг гаровга бериб юборилишига ҳуқуқий acoc айнан мана шу ерда яратилган. Яъни банкка тақдим этилган ипотека шартномаси қалбаки эмас, расман тасдиқланган бўлган. Хуллас Жиззах шаҳри Ҳамроқулов кўчаси 1-уйда хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Акмал Бойматов томонидан 2021 йил 27 май куни уч томонлама келишув асосида ипотека шартномаси имзоланиб, нотариал тасдиқланади. Унга кўра “Ayzenburg Ekspert” МЧЖга банк 2021 йил 27 май куни имзоланган (!) N 110 рақамли кредит шартномаси асосида 700 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратади.

Кредит таъминотига гаров сифатида эса “Denta-Servis” хусусий корхонасига тегишли бино қўйилади. Хўш, эгалари бехабар ҳолда бу бино қандай қилиб гаровга қўйилиши мумкин? Бунга ҳам жавоб бўлиб, унда бутун жараённинг моҳияти жойлашган. Банк ва нотариусга асосланган ҳужжатларга кўра “Denta-Servis” хусусий корхонаси раҳбари сифатида Рашид Бакиров (!) иштирок этган ва у ваколатига оид барча ҳужжатларни тақдим қилган.

Корхонанинг ҳақиқий эгаси ва раҳбари Камол Хўжаев ҳужжатларга бир қарашдаёқ сохталикни англайди. Рашид Бакировни раҳбарликка тайинлашдан тортиб, унга бинони гаровга қўйишга оид берилган ваколатларнинг ҳаммаси қалбаки ҳужжатлар, хусусан Камол Хўжаевнинг паспортини компьютер ёрдамида қайта ишлаш йўли билан тайёрланган эди.

Майли, нотариус кўрган ҳужжатлари асосида иш кўрган бўлсин. Лекин аллақачон электрон тизимга ўтилгани, ҳар бир нотариал шартнома олдидан электрон базадан мулкка оид бapчa ҳужжатлар олиниши ва тақдим этилганлари билан солиштирилиши зарурлиги қандай қилиб унутилган? Тақдим этилган ҳужжатларда ҳам аслига тўғрилигини тасдиқловчи муҳр бўлмаган, талаб қилиниши шарт бўлган тўлиқ низом йўқ, энг муҳими – мулкдорга оид элементар текширув ҳам ўтказилмай туриб нотариал шартнома расмийлаштирилган. Нафақат расмийлаштирилган, балки кейинчалик ҳам унга камида уч марта тузатиш киритилган.

Изоҳ олиш учун нотариус билан боғланишга уринишларимиз натижа бермади.

Адлия вазирлиги вилоят бошқармаси аризага кўра ушбу нотариал ҳаракатни ўрганиб чиққан ва нотариус томонидан қатор камчиликларга йўл қўйилганлигини таъкидлаган. Шу боис нотариуснинг лицензиясини вақтинча тўхтатиш бўйича тақдимнома киритилган. Нотариуснинг ҳужжатлардаги қалбакиликлардан хабардор бўлган-бўлмаганлиги факти суриштирув давомида маълум бўлиши билдирилган.

Жиноят иши

Албатта, вазият жиддийлигини англаган “Denta-Servis” вакиллари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мурожаат қилишади ва 2022 йил 12 август куни Жиззах шаҳар прокуратураси томонидан жиноят иши қўзғатиш ҳамда терговга юбориш тўғрисида қарор қабул қилинади. Бу иш доирасида ҳужжатлар, хусусан уларга қўйилган имзо ва муҳр экспертизага юборилади. Жиззах вилояти эксперт криминалистика маркази томонидан уларнинг сохталиги тасдиқланади. Аммо прокуратура терговни давом эттираётган бир вақтда Халқ банки суд орқали отни қамчилаётган эди.

Яшасин “одил” суд!

...дейишга шошилманг. Аслида судда ҳужжатлар сохталигига, кредит олувчи “Ayzenburg Ekspert” МЧЖ ҳам, унга кафил бўлган “Yagona Sof Kapital” МЧЖ ҳам бунча кредитни олиб ишлатишга лаёқатли бўлмаган, боз устига янги ташкил қилинган ташкилотлар эканлигига эътибор қаратилиши лозим эди. Вазиятга умуман алоқаси бўлмаган ҳолда энг кўп жабр кўраётган “Denta-Servis” хусусий корхонасининг ишга умуман алоқадор бўлмаганига диққат қилиниши шарт бўлган. Аммо жуда қисқа муддат, нари борса 15-20 дақиқа давом этган суд ўзининг илк мажлисидаёқ “Denta-Servis” хусусий корхонасидан қарзни ундириш ва бунинг учун шифохона биносини банк ҳисобига мусодара қилиш тўғрисида қарор чиқариб юборади.

Халқ банкига саволлар

1. Кичик тадбиркорлар 5-10 минг доллар кредит сўрасалар ойлаб югурадилар, ҳужжатлари синчиклаб ўрганилади, гаровга қўйилган мулк бир неча марта текширилади. Бу ерда 700 минг доллар кредит ажратиш тўғрисида қарор қабул қилинган экан, таъминот учун асос бўлган гаров объектига, яъни Тошкентдаги шифохона биносига бирор марта келиб ўрганиш ўтказилганми, у ердаги раҳбарият билан мулоқотга киришилганми?

2. Жиззах шаҳрида хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариус Акмал Бойматов томонидан 2021 йил 27 май куни уч томонлама келишув асосида ипотека шартномаси имзоланиб, нотариал тасдиқланган. Халқ банки ҳам айнан шу санада кредит ажратиш тўғрисида қарор қилган. Одатда ҳужжатлар пакети тақдим қилинганидан кейин бир неча кун ўрганиш ишлари олиб борилади. Бу вазиятдаги шошқалоқлик сабаби нима? Якуний мақсад катта кредитни тезроқ ажратиб, тезроқ гумдон қилишга ўхшамаяптими?!

3. “Denta-Servis” хусусий корхонаси вакилларининг таъкидлашича, бинога тегишли ҳужжатларнинг нусхасини олиб кетган “маклер” кейинчалик аслида Халқ банки ходими эканлиги маълум бўлган (бу факт ҳали расман тасдиқланиши лозим – таҳр.). Бу борада бирор изоҳ борми?

4. Шартнома шартларига кўра, кредит маблағи фақат кадастрда тақиқ қўйилганидан кейингина ўтказилиши лозим. Лекин бундай қилинмаган. Сабаб нима?

Халқ банки матбуот хизматига бу саволларни юбордик ва Жиззах вилоят филиали амалиёт бўлими раҳбари Ромил Раҳматовдан қуйидаги жавобларни олдик:

“AYZENBURG EKSPERT” МЧЖнинг 5,380 млн сўмлик кредитини ундириш бўйича судга даъво ариза киритиш мақсадида МЧЖ раҳбарига ва кредит таъминоти сифатида ўз мулкини гаровга тақдим этган “Denta servis” ХК раҳбарига қарздорликни кредит шартномада белгиланган муддатларда тўлаб бериши бўйича талабнома юборилган.

“Denta servis” ХК раҳбари “AYZENBURG EKSPERT” МЧЖнинг қарздорлиги бўйича талабномани олгандан сўнг ўзига тегишли  поликлиника гаровга қўйилганлигидан хабари йўқлиги тўғрисида Халқ банки Жиззах вилоят филиалига мурожаат қилган.

Кредит шартномасида белгиланган тўловлар ўз вақтида тўланмаганидан сўнг банк томонидан Иқтисодий судга кредит қарздорликни ундириш бўйича даъво ариза киритилган.

Суд томонидан даъво ариза банк фойдасига қаноатлантирилиб, кредит қарздорлик "AYZENBURG EKSPERT" МЧЖдан ва кредит таъминоти сифатида гаровга тақдим этилган «Denta servis” ХКга тегишли поликлиника ҳисобидан ундирилиши тўғрисида ҳал қилув қарори қабул қилинган.

“Denta servis” ХК раҳбарининг ўзига тегишли бўлган поликлиника гаровга қўйилганлигидан хабари йўқлиги тўғрисида оғзаки мурожаат қилгандан сўнг банк томонидан Жиззах вилоят Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг Жиззах вилоят бошқармасига ушбу ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар юборилган;

Департамент томонидан 12.08.2022 йилда ҳолат юзасидан “AYZENBURG EKSPERT” МЧЖ мансабдор шахслари, фуқаро Бакиров Рашид Обиджон ўғли ва бошқаларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 168-моддаси 4-қисми “а” банди ва 228-моддаси 2-қисми “б” банди билан жиноят иши қўзғатилган. Бугунги кунда ушбу жиноят иши юзасидан Жиззах вилоят ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Қулоғи кар, кўзи кўр судья – бунга уни нима “мажбур” қилди

Kun.uz’га мурожаат қилган тошкентлик мулкдор, айни вақтда емаган сомсасига пул тўлай деб турган “Denta-Servis” хусусий корхонаси эгалари судьянинг инсон тақдирига бу қадар бефарқ эканидан ҳайратда. Ваҳоланки унга мол-мулки сохта ҳужжатлар асосида гаровга қўйилганини тасдиқловчи ҳужжатлар йиғма жилди тақдим этилган. Афсуски судья Асатов Ойбек Суннатиллаевич буларнинг ҳеч бирини инобатга олмаган. Жиноятчиларнинг қилмишларини хаспўшлаган судья Асатовнинг хатти-ҳаракатларига ҳам Судьялар олий кенгаши албатта ҳуқуқий баҳо бериши керак, деб ҳисоблашмоқда мурожаатчилар.

“Айни ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари кетаётган бир вақтда суднинг бундай қарор қабул қилиши ақлга сиғмайдиган ишдир” дейди иш тафсилотларидан хабардор Ўзбекистондаги судлардан бирининг судьяси.

Чиндан ҳам, Иқтисодий процессуал кодекснинг 101-моддаси биринчи қисмига кўра суд тергов ҳаракатлари олиб борилаётган иш юзасидан қарор қабул қилингунига қадар кўриш мумкин бўлмаганда иш юритишни тўхтатиб туриши шарт.

Умуман, бу жараёнда банкка ҳам, нотариусга ҳам, судьяга ҳам саволлар бисёр. Айни пайтда прокуратура ҳам суд қарорига протест киритишга шошилмаяпти ва апелляцияга ҳужжат тайёрланмоқда. Лекин биринчи инстанция муносабатидан кўринадики бу сафар ҳам кимдир, мутлақо айбсиз ташкилот қақшаб қолиши ҳеч гап эмас. Кузатамиз... 

Аброр Зоҳидов,
Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид