Жаҳон | 12:33 / 19.09.2022
39775
8 дақиқада ўқилади

Қурбонлар сони 100 га яқинлашди: Қирғизистон-Тожикистон чегарасида нималар бўлмоқда?

Тожикистон ва Қирғизистон ўзаро чегарадаги тўқнашувлар оқибатида жами 94 киши ҳалок бўлгани, 150 дан ортиқ киши яраланганини маълум қилди. Чегарадаги қишлоқларга ҳужумлар ва отишмалар 14 сентябрдан 16 сентябрга қадар давом этган ва томонлар бунда бир-бирини айблаган.

Фото: EPA

Икки мамлакат ҳукуматлари якшанба куни берган баёнотларга кўра, можаро қурбонлари сони 94 нафарни ташкил этмоқда. Қирғизистон ҳукумати Боткен областининг чегара ҳудудидаги қарама-қаршилик оқибатида 59 киши ҳалок бўлгани, яна 144 киши яралангани ҳақида маълумот берган.

Тожикистон ташқи ишлар вазирлиги ҳам ўз томони йўқотишлари тўғрисида маълумот берди. Вазирликнинг фейсбукдаги саҳифасида мамлакат фуқароларидан 35 киши ҳалок бўлгани ва 25 киши яралангани, улар орасида аёллар ва болалар ҳам борлиги айтилган.

Томонлар бир-бирини жанглар вақтида танклар, миномётлар, реактив артиллерия ва жанговар дронлардан фойдаланганликда айбламоқда.

Қирғизистон ҳукумати Тожикистон қуролли кучлари маълум вақт давомида чегарадаги бир қанча қишлоқларини эгаллаб олгани, кейинроқ бу ҳудудларни тарк этгани ҳақида маълум қилган. Жума куни Қирғизистоннинг чегарадан 10 километр масофада жойлашган Боткен шаҳрига Тожикистон томонидан ракета зарбалари келиб тушган. Бундан ташқари, Қирғизистон ҳукумати тожик чегарачилари Ўш вилояти ҳудудида қирғизларнинг чегара нарядларини ўққа тутганини хабар қилган. Можаро бошланган вақтда Қирғизистоннинг чегара ҳудудларидан 137 мингдан ортиқ аҳоли эвакуация қилинган (айни вақтга келиб уларнинг бир қисми уйга қайта бошлаган). 19 сентябр Қирғизистонда миллий мотам куни деб эълон қилинди.

Тожикистон қирғиз қуролли кучларини дрон орқали масжидни ўққа тутгани, натижада 12 киши ҳалок бўлганини хабар қилган. Расмий Душанбе мактаб ва тез ёрдам машинаси ўққа тутилиши оқибатида ҳам одамлар ҳалок бўлгани ҳақида маълумот берган.

Қарама-қаршилик бошланишидан кўп вақт ўтмай томонлар ўт очишни тўхтатиш тўғрисида келишиб олганди, аммо, Қирғизистон ҳукумати баёнотига кўра, вазият фақат якшанба кунига келиб бироз сокинлашган. Қирғизистон ҳукумати вакиллари икки мамлакат ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари чегарадаги участкалардан бирида биргаликда навбатчилик қила бошлаганини хабар қилган.

Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида низолар доимий равишда юзага келиб туради, аммо бу сафарги кескинлашув сўнгги вақтлардаги энг қонлиси бўлмоқда. Сўнгги бор томонларнинг бундай шиддатли қарама-қаршилиги 2021 йил апрелида рўй берган ва ўшанда икки томондан 55 киши ҳалок бўлиб, 205 киши яраланганди.

Ўшанда маҳаллий аҳоли ўз уйларини тарк этишга мажбур бўлган, қайтганида эса уйлари ўрнида култепаларни кўрган. Икки мамлакат ҳукуматлари вайрон бўлган инфратузилмаларни тиклашга эътибор қаратади, аммо сўнгги кунлардаги воқеалар вақтида янги қурилган уйларнинг кўп қисми яна ёниб кетган.

Фото: VYACHESLAV OSELEDKO/AFP

Шу билан бирга, Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳам, Тожикистоннинг Сўғд вилояти ҳам (шартли чегара ўтадиган вилоят) икки мамлакат учун энг чекка ва иқтисодий қашшоқ ҳудудлардир, бу ҳудудлар аҳолиси ишсизлик ва қурғоқчиликдан азият чекади. Маҳаллий аҳоли учун асосий даромад манбайи - қишлоқ хўжалигидир.

Тожикистонлик эксперт Абдуғани Мамадазимов Қирғизистон ҳам, Тожикистон ҳам ҳозирда уруш бошлаш ҳолатида эмаслигини айтади.

«Тожикистон ҳам, Қирғизистон ҳам бошқа давлатлар билан чегарадаги келишмовчиликларни муваффақиятли ҳал этиш тажрибасига эга ва бу шуни кўрсатадики, агар сиёсий ирода кўрсатилса, расмийлар баҳсли километрларни демаркация ва делимитация қилиш жараёнини музокаралар столида якунлаши мумкин», дея қайд этади Мамадазимов.

Можаронинг моҳияти нимада?

Боткен области - Қирғизистоннинг энг чекка ва ғарбий ҳудуди бўлиб, уч томондан Тожикистон ва Ўзбекистон билан чегараланган. Боткен областида еттита анклав ҳудуд (бир давлатнинг бошқа давлат ҳудуди билан ўраб олинган ҳудуди) бор ва одатда қуролли тўқнашувлар Тожикистоннинг энг йирик анклави Ворух атрофида келиб чиқади, бу ерда Тожикистоннинг 35 минг фуқароси истиқомат қилади.

Марказий Осиёнинг уч давлати туташган жойдаги анклавлар

Бу ҳудуддаги барча тожик қишлоқлари қирғизларнинг аҳоли манзиллари ҳамда экин далалари билан ўралган. Ворух атрофидаги айрим нуқталарда аниқ чегара чизиғи чизилмаган ва шу участкалар туфайли маҳаллий аҳоли ва чегарачилар ўртасида тез-тез низолар келиб чиқади.

Ҳудуддаги баҳсли нуқталардан бири Тожикистоннинг материк қисми ва Ворухни боғловчи йўл ҳисобланади. Советларнинг эски хариталарига кўра (Қирғизистон ва Тожикистон чегара делимитацияси бўйича музокараларда турли йиллардаги хариталарга таянади), бу йўл аввалига Тожикистон ССР ҳудуди сифатида қайд этилган, кейинроқ эса Қирғизистон ССР таркибида белгиланган.

Шунингдек, бу йўл - Қирғизистоннинг Лайлак туманидан Боткен туманига олиб ўтувчи ягона йўл ҳисобланади.

«Тожикистонликлар бундай ҳужумлар орқали Ворухга йўл очишга ва бу участкани эгаллаб олишга ҳаракат қилмоқда, аммо бу участка Тожикистонга бериб юборилса, Қирғизистоннинг 200 минг қирғизистонлик яшайдиган Лайлак тумани анклавга айланади ва бизнинг мамлакат бунга йўл қўя олмайди», деган Лайлак тумани раҳбари Баймурат Бекмуратов BBC қирғиз хизмати учун берган интервьюсида.

Бу баҳсли участка - Боткен областидаги келишиб олинмаган 70 дан ортиқ участкадан биридир, уларнинг жами майдони 210 минг гектарни ташкил этади - бу қарийб Люксембург ҳудудига тенг. Бу участкалар бўйича ечимга келишнинг мураккаблиги шундаки, уларнинг аксарияти икки мамлакатнинг чегара ҳудудидаги аҳоли манзиллари учун дала майдонлари, яйловлар ёки сув манбалари сифатида ўта муҳимдир.

Қирғизистон президенти Садир Жапаров Facebook саҳифаси орқали миллатга мурожаат қилган.

«Тарих кўрсатдики, чегара масаласи эҳтиёткорлик ва вазминликни талаб қилади», деган у ва Қирғизистон «ўз ерининг бир квадрат метрини ҳам бериб қўймаслиги ва миллий манфаатларни қатъият билан ҳимоя қилиши»ни таъкидлаган.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ҳозирча чегарадаги вазият бўйича муносабат билдирмади.

Якшанба куни Россия президенти Владимир Путин Қирғизистон ва Тожикистон раҳбарлари Садир Жапаров ва Имомали Раҳмон билан телефон орқали мулоқот қилди.  Кремл сайтида хабар қилишларича, Путин «томонларни кескинлашувнинг олдини олишга ва вазиятни имкон қадар тез фурсат ичида фақат тинч, сиёсий-дипломатик воситалар орқали ҳал қилиш чораларини кўришга чақирган».

Мураккаб музокаралар

Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги умумий чегара узунлиги 984 километрни ташкил этади ва шундан 308 километри ҳамон аниқ белгилаб олинмаган (бу жами чегара узунлигининг 32 фоизидир), бу борада икки мамлакат расмийлари келишиб ололмаяпти.

Қирғизистон қуролли кучларининг 2021 йил баҳоридаги тўқнашувлар вақтида ёниб кетган зирҳли транспортёри. Фото: Reuters

Қирғизистон-Тожикистон чегарасини делимитация ва демаркация қилиш жараёни 2002 йилда, Тожикистон 1992-1997 йилларда бўлиб ўтган фуқаролик уруши оқибатларини енгиб ўтганидан кейин бошланган.

Музокаралар Тожикистон ўз позициясида 1924-1939 йиллардаги хариталарга, Қирғизистон эса 1958-1959 ва 1989 йиллардаги хариталарга таяниши туфайли мураккаб тус олган.

Сўнгги 20 йил мобайнида чегарада қарийб 100 марта тўқнашув келиб чиққан, икки томоннинг ҳам қурбонлари сони ошиб бормоқда ва икки халқ муносабатлари йил сайин ёмонлашмоқда.

Мавзуга оид