1 куни 2,5 миллиондан 29 миллион сўмгача — Самарқанддаги янги меҳмонхоналар ва президент апартаментлари (фото)
15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти саммити учун 2 йил давомида “Буюк ипак йўли” халқаро туризм маркази қурилди. Унинг қоқ ўртасида қад ростлаган Конгресс марказда ШҲТ саммитининг асосий тадбирлари бўлиб ўтди.
Эшкак эшиш канали соҳилида 200 гектардан ошиқ майдонда 2 та беш юлдузли, 2 та тўрт юлдузли ва 4 та бутик-ҳотеллар барпо этилди.
Энг йирик 5 юлдузли меҳмонхона – «Silk Road by Minyoun»да Хитой делегацияси жойлашди. 21 қаватли меҳмонхонада 241 та хона мавжуд, уларнинг 2 таси президент апартаменти, 24 таси люкс, яна 24 таси ярим люкс хона ҳисобланади.
Booking.com маълумотларига кўра, бу меҳмонхонада 1 кишининг 1 кунлик қолиш нархи 2,3 миллион сўмдан 29 миллион сўмгача туради.
Россия президенти Владимир Путин бошчилигидаги делегация ҳам туристик марказдаги яна бир 5 юлдузли меҳмонхона – «Samarkand Regency Amir Temur»да жойлашди. Бу меҳмонхона «қўшнисидан» бироз пастроқ – 20 қаватли бўлиб, унда 232 та хона мавжуд. Уларнинг 2 таси президент апартаменти, 24 таси люкс хона ҳисобланади.
Booking.com маълумотларига кўра, ушбу меҳмонхонада 1 кишининг 1 кунлик қолиш нархи 2,5 миллион сўмдан 10,1 миллион сўмгача туради. («Samarkand Regency Amir Temur»даги президент апартаментларининг нархлари эълон қилинмаган).
Унинг ёнгинасида қад ростлаган 4 юлдузли «Savitsky plaza» меҳмонхонасида Қозоғистон ва Туркия делегацияси, шунингдек 5 та халқаро ташкилот вакиллари жойлашди. 10 қаватли ушбу меҳмонхонада 175 та хона мавжуд бўлиб, уларнинг 2 таси президент апартаменти, 16 таси люкс, 8 таси ярим люкс ҳисобланади.
Booking.com маълумотларига кўра, ушбу меҳмонхонада 1 кишининг 1 кунлик қолиш нархи 1,7 миллион сўмдан 22 миллион сўмгача туради.
Иккинчи 4 юлдузли «Stars of Ulughbek by Minyoun» меҳмонхонасида эса Озарбойжон ва Туркманистон етакчилари, шунингдек 4 та халқаро ташкилот вакиллари меҳмон бўлди. 9 қаватли ушбу меҳмонхонада 170 та хона мавжуд бўлиб, уларнинг 2 таси президент апартаменти, 14 таси люкс, 7 таси ярим люкс ҳисобланади.
Меҳмонхонада 1 кишининг 1 кунлик қолиш нархи 1,9 миллион сўмдан 22 миллион сўмгача туради.
Ушбу меҳмонхоналар қаршисида яна 4 та «Wellness Park Hotel» меҳмонхоналари бор. Уларнинг 1 таси 6 қаватли, қолган 3 таси эса 7 қаватдан иборат. Уларнинг ҳар бири 2 тадан президент апартаменти ҳамда ўнлаб люкс хоналарга эга. Ушбу 4 та меҳмонхонага Беларус–Эрон, Ҳиндистон, Қирғизистон–Покистон, Тожикистон–Мўғулистон етакчилари бошчилигидаги делегациялар жойлашди.
Қувонарли тарафи ушбу 4 та меҳмонхонанинг 3 таси тарихий номлар билан номланган – Афросиёб, Сўғд ва Бақтрия.
Ҳозирча Booking.com'да «Wellness Park Hotel» меҳмонхоналарининг нархлари кўрсатилмаган.
Бундан ташқари, «Ипак йўли Самарқанд» туристик марказида сунъий эшкак эшиш канали ҳамда Мирзо Улуғбек расадхонасига ўхшаш шаклда қурилган саҳна ҳам бор.
Яна бир муҳим объект – «Боқий шаҳар» этношаҳарчасида қадимий меъморий анъаналарга хос тарзда уста - ҳунармандлар устахонаси, савдо расталари, миллий таомлар марказлари барпо этилган.
Фаррух Абсаттаров тайёрлади.
Мавзуга оид
09:09 / 20.12.2024
Самарқандда 19 ёшли аёл 16 ёшли қизни калтаклади
19:07 / 18.12.2024
Самарқандда автобус пиёдани уриб юборди
07:24 / 17.12.2024
Жиззах ва Самарқанд вилояти ҳокимларига ўринбосарлар тайинланди
19:08 / 16.12.2024