ЙПХ ходимининг ўзбошимчалиги йўл-транспорт ҳодисасига сабаб бўлди
Ярим тунда Самарқанд кўчаларидан бирида ЙПХ ходимининг эвакуатор ёрдамида йўлни тўсиб қўйиши бошқа бир ҳайдовчига қимматга тушди. “Эвакуаторли тўсиқ” йўлнинг айни баландликка кўтарилиш қисмига қўйилгани боис ҳайдовчи уни кўрмай қолган.
Kun.uz’га Самарқанд шаҳрида “Матиз” ҳайдовчиси йўл ўртасига кўндаланг қилиб қўйилган эвакуаторга бориб урилгани акс этган видеотасвир келиб тушди. Маълум бўлишича, эвакуатор ЙПХ ходими ташаббуси билан йўлни тўсиш учун шундай ўрнатилган бўлган.
Ҳодиса жабрланувчисининг айтишича, воқеа жорий йилнинг 17 август куни тунги 02:47ларда Шаббод-Зебинисо кўчалари чорраҳасида содир бўлган. Ҳаракатланиб келаётган “Матиз” ҳайдовчиси жуда яқин қолгандагина йўлни кўндалангига тўсиб турган эвакуаторни пайқаган. Ҳайдовчи тормоз босган, бироқ машина эвакуаторнинг орқа қисмига урилиб, жиддий зарар кўрган. Эътиборлиси эвакуатор йўлнинг айни баландликка кўтарилиш қисмига қўйилгани боис ҳайдовчи уни кўрмай қолган.
Машина ичида бўлган икки йигит ҳам турли даражада тан жароҳати олгани маълум қилинди.
Йўлда ҳеч қандай огоҳлантириш белгиси мавжуд бўлмаган.
Ҳодиса жойида икки нафар ЙПХ ходими шахсий “Кобалт” машинасида тургани айтилди.
Ҳолат бўйича Самарқанд вилояти ИИБ ахборот хизмати Kun.uz’га маълумот берди.
“Ушбу ЙТҲ юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда. ЙТҲ содир бўлган вақтда ушбу йўлда йўл белгиларини чизиш ҳамда таъмирлаш ишлари олиб борилаётган бўлган. Ҳудудда ЙПХ инспектори йўлни эвакуатор билан тўсиб, ҳаракатни чеклаб турган. Ҳозирда ходимнинг ҳаракатига ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида хизмат текшируви тайинланган. Қўшимча сифатида айтиш мумкинки, эвакуаторга келиб урилган транспорт воситасининг тезлиги белгиланган меъёрдан анча баланд бўлган. Ҳозирда унинг тезлигини аниқлаш мақсадида экспертиза тайинланган”, - деди Самарқанд вилоят ИИБ ахборот хизмати раҳбари Жаҳонгир Сагдуллаев.
ИИБ муносабати табиий иккита саволни юзага келтирмоқда. Биринчидан, нега орадан бир ой вақт ўтиб ҳам ЙПХ инспекторининг хатти-ҳаракатига қонуний баҳо берилмади? Иккинчидан, ҳайдовчининг тезлиги меъёрдан ортиқ бўлган бўлса нега шу вақтгача буни аниқлашмади, энди қандай қилиб аниқлашмоқчи?
Мавзуга оид
07:45
Амир Темур кўчасида содир бўлган ЙТҲда ҳайдовчи жароҳатланди
16:19 / 24.12.2024
Танқиддан сўнг: 2 боланинг ўлимига сабабчи бўлган ҳайдовчи 3 йилга озодликдан маҳрум қилинди
08:12 / 24.12.2024
Тошкентда учта автомашина иштирокида ЙТҲ содир бўлди
09:09 / 20.12.2024