Жамият | 18:34 / 26.09.2022
30632
15 дақиқада ўқилади

«Қарз олиб сеп қилгандим, тўлаб бўлмасимдан қизим қайтиб келди»

Маълум бўлишича, Ўзбекистонда август ойининг ўзида никоҳдан ажралишга доир 4123 та ҳолатлар қайд этилди. Юртимизда бир ойда шунча ажрим содир бўлаётган бўлса, бу рақам бир йилда қарийб 50 мингтани, 5 йилда эса 250 мингтани ташкил қилади. Бу жуда аянчли!

Ажралишга нималар сабаб бўлмоқда. Қуйида биз айрим қаҳрамонларимиз ҳаёти мисолида масаланинг туб илдизига эътибор қаратишга ҳаракат қиламиз.

Малика ажрашганда боласи чақалоқ эди. Ота-онасидан айрилганидан сўнг қайнонаси «мен орзу-ҳавасли аёлман, қудаларим билан борди-келди қилишни хоҳлайман», деб уйдан қувиб юборди. Эри чет элга ишлагани кетган эди. Қайнотаси ҳам ёнини олмади — хотинининг гапидан ўтолмади. Ўғли қайтиб келиши ҳамоно онаси уни бошқага уйлантириб қўйди. Йигит ҳам ўғиллик вазифам деди-ю, эрлик, оталик вазифасига кўз юмди.

Отасининг касалини даволатиш учун қизлик уйи сотилиб кетган, борарга жойи, суянгани одами қолмаган Малика бир неча бор бўйнига сиртмоқ ҳам солмоқчи бўлди. Аммо жажжи қизи олдидаги масъулият уни ушлаб қолди. Бугунга келиб қизи Омина 4-синфга ўтди, аммо улар ҳали ҳам ижарама-ижара, бошпанасизликдан қийналиб юради.

Халқаро миқёсдаги статистик маълумотларга кўра, ажрашган ҳар бешинчи аёл қашшоқликка тушмоқда, ҳар учинчи аёл уй-жойсиз қолади. Аксарият эркакларнинг турмуш даражаси 10–40 фоизга пасайиб кетади. Бу ҳолат ўз навбатида жамият тараққиётига ҳам ўз таъсирини ўтказади ва камбағаллик ўсиши, ижтимоий ёрдамга муҳтожлар кўпайишига сабаб бўлади.

БМТ томонидан ҳар йили ажралишларнинг глобал коэффициенти бериб борилади. Мазкур маълумотларга кўра, никоҳдан ажрашиш статистикаси бир қатор таъсирчан омиллар туфайли кескин ўзгариб бормоқда. Дунё бўйича ажрашишга жуфтликларнинг ўзаро мос келмаслиги, хиёнат, гиёҳвандлик/алкоголга қарамлик, моддий етишмовчилик ҳамда жисмоний/руҳий зўравонлик катта таъсир ўтказади.

Шунингдек, ўзбек оилаларининг ажралишларига учинчи шахсларнинг аралашуви, қайнона-келин муносабатлари, фарзандсизлик, ёш оилаларнинг ўз уй-жойига, даромад манбаига эга эмаслиги каби омиллар ҳам катта таъсирга эга.

Қайнонанинг аралашуви билан оиласи бузилган Малика сингари аёллар кўпчиликни ташкил қилади. Оила учун мутлақо керак бўлмаган олди-берди, ўткинчи орзу-ҳаваслар сабаб болалар ота ёки она меҳридан маҳрум бўлишмоқда.

“Бахтиёр оила” китобида келтирилишича, ота‑оналарнинг инсофсизлиги, уларнинг шариатни билмасликлари, унга амал қилишни хаёлларига ҳам келтирмасликлари ёш оилаларнинг ажралишига сабаб бўлмоқда. Бундай кимсалар боласи ўз жуфти ҳалоли билан саодатли умр кечираётганини етарли ҳисобламайдилар. Улар бир-бирларига эмас, бизга ёқишлари керак, деган фикрда бўладилар. Ислом таълимотида иложи борича оилани мустаҳкамлашга амр қилинган. Бошқа бировнинг – агар ўша биров ота‑она бўлса ҳам – хоҳишига биноан оилани бузишга рухсат йўқ.

Текиннинг қадри бўлмайди

Водий томонларда қиз болани узатишнинг ўзи бўлмайди. «Қизимни сепини тўкис қилай, дея қарз кўтардим, — дея гап бошлади ўзини Одина деб таништирган андижонлик аёл. — Турмушга чиқишидан бир неча кун олдин пластигига ойлик маоши тушди. Шуни ҳам камингга ишлатай деб, идиш-товоқларини бутладим. Тўйдан кейин қайнонаси ойлигини сўраганда қизим яқинда тушганди, онам сепимга нарса олгандилар, дебди. Шу бўлди-ю қайнонаси қизимнинг кўзини очирмайди. Қизлигида олган ойлигига ўзига нарса олишга ҳаққим йўқми? Ҳали олган қарзимдан қутулмай туриб, қизимни қувиб юборди. Қорнида боласи билан қаерга боради?! Эри ёнини олган экан, уни ҳам хотинига қўшиб чиқариб қўйибди. Ҳозир оғироёқ ҳоли билан ижарама-ижара юришибди».

Жуда кўп оилаларда ажримга бош сабаб юқоридаги каби ҳолатлар бўляпти. Бундай вазиятда ёшлар алоҳида яшаши керак, демакки йигитлар ўзлари мустақил пул топиб, уй-жой қилиб, кейин турмуш қилиши керак.

Статистика қўмитаси берган маълумотга кўра, 2022 йилнинг дастлабки август ойида ҳудудлар кесимида қайд этилган ажрашишлар сони энг кўп Тошкент шаҳрида кузатилди — 530 та ҳолат. Шунингдек, ажрашиш ҳолатлари Фарғона (508 та), Самарқанд (448 та) ва Тошкент вилоятида нисбатан кўп кузатилди (419 та ҳолат). Наманган(398 та) ва Андижон вилоятлари ( 369 та) ҳам етакчи ўринларда.

Эътибор берсангиз, ажримлар асосий оғирлик қиз томонга тушадиган ҳудудларда кўп. Йигит томонга юк тушадиган ҳудудларда эса кам. Мисол учун Тошкент шаҳри ва водий урф-одатларига кўра, қиз томон келинга ажратилган хоналарни пардадан гиламгача (мебелларни айтмаса ҳам бўлади) ўзи безатади. Тошкентда тўйдан олдин келин қилган мебель ёқмаса қайтариб юбориш ҳолатлари ва шунинг ортидан ўртага совуқчилик тушиши ҳам кузатилади.

Уйланиш осон бўлиб қолди

«Куёвнинг ички кийимидан тортиб пайпоғигача келин томон қилиб беряпти. Мебелларини-ку айтмай қўя қолай, — дейди етмишни қоралаётган Ғайрат ота. — Бизнинг вақтимизда бундай нарсалар йўқ эди. Келин ўзига кераклигини олиб келарди — бўлди. Қолганини аста-секинлик билан рўзғордан орттириб эр-хотин олаверарди. Шунинг учун ҳам барча нарсанинг, турмушимизнинг қадри бўларди. Ҳозир-чи, кир машина, кондиционергача қизнинг уйидагилари қилиб боряпти. Уят эмасми? Ёшларнинг ҳаётида эришиладиган, интиладиган нарса қолмаяпти. Ота-оналар ўзини қийнаб, кредит олиб, бир рўзғорни мукаммал қилиб беряпти. Бели оғриб топмагандан кейин йигитлар ҳам на рўзғорнинг на хотиннинг қадрига етяпти. Чунки бунисидан кечса бошқасини топишини, иккинчиси ҳам яна шунча нарса қилиб келишини билади».

Қизлар эмас, келинлар учун йиғинилади

«Биз сеп йиғмаймиз, қайтанга бизга қалин пули беришади, — дейди қорақалпоқлик Айжамал. — Ундан ташқари куёв томон кам деганда қўй беради. Биз томонда сеп-сарпо деганга аҳамият беришмайди. Сеп деса келиннинг янгалари олиб келадиган 4–5 уй кийими, 4 дона қуроқ кўрпача ва чимилдиқ назарда тутилади. Кўпгина қорақалпоқ йигитларидан эшитганман: «хотинимнинг дадаси олиб берган мебелда ётишга ориятим йўл қўймайди!» Ақли бор, қизининг бахтли турмушини ўйлаган ота-она ҳеч қачон қизига «спалний» қилмайди. Бизда йигитлардан кўра қизларни кўпроқ ўқитишади. «Қиз боланинг йўли ингичка, ўғил эса жойини, нонини топиб кета олади», деган қараш бор. Ажрашган аёл ҳам жамиятнинг иккинчи сортига айланиб қолмайди. Биринчи навбатда ота қизини қўллаб-қувватлайди, ажрашишга аниқ сабаб борми демак, ўша уйга олиб бориб ташлаб келинмайди. Биз томонда оилалар камдан-кам ҳолатда бузилади. Қизларнинг сепига йиллаб пул, латта йиғишмайди, келин тушириш учун пул йиғишади.

Қорақалпоғистон ажримлар бўйича сўнгги ўринларда туради. Оиланинг мустаҳкамлигида қадрият даражасига кўтарилган одатлар ҳам муҳим рол ўйнаётган экан, демак, уларни ислоҳ қилиш керак. Яна бир эътиборга молик жиҳати бу — қизларни ўқитиш. Жамиятда ўз ўрнига эга бўлган қиз оиласида ҳам ўз ўрнини топади. Турмуш ўртоғи, қайнона-қайнотага қандай муносабатда бўлишни, қаерда гапириб, қай ўринда жим туришни билади.

Малика нега ижарада турибди?

Малика эри билан ажрашар экан, унга қайнонаси ва эри ҳеч кими йўқлигини, бундай вазиятда давлат фарзандини эрида қолдиришини айтиб қўрқитишади. «Агар алимент керак эмас, эримдан ҳеч қандай даъвом йўқ, ҳеч қачон безовта қилмайман», деб ёзиб берса, боласини ўзида қолдиришларини айтишади. Ўз ҳуқуқларини билмаган аёл улар айтганидек қилиб ёзиб беради. Қизи 9 га кирибди ҳамки, отаси на хабар олади, на ёрдам беради. Субсидияга уй олиш аризаси билан бир неча маротаба маҳалла, Оила ва хотин-қизлар қўмитасига чиққан аёлнинг аризаси давлат ишида ишламаслиги учун қонунга тўғри келмаслиги айтиб қайтарилади.

Отаси бериши керак бўлган нарсани давлатдан кутишади

«Ушбу мурожаатчининг талаби қондирилмаслигининг асосий сабаби давлат ишида ишламаслиги, яъни доимий даромад манбаининг йўқлиги, — дея тушунтиради Оила ва хотин-қизлар қўмитаси матбуот котиби Нилуфар Жумаева. — Субсидияга уй ажратилганидан сўнг 5 йил давомида ҳеч қандай тўлов қилинмайди. Аммо ундан сўнг бир хил миқдорда тўлов қилиб борилади. Доимий даромад манбаи бўлмаган одам қолган суммани тўлай олмайди. Фарзанднинг отасидан талаб қилиши керак бўлган нарсани аёллар давлатдан талаб қилишади. Аслида, отани судга бериш орқали бу масалани ҳал қилиш мумкин».

Маликага фарзандинг қиз бўлганлиги учун унинг ота уйида ҳаққи йўқ. Сен уйга даъво қилолмайсан, қолаверса ёзиб берган қоғозинг сабаб собиқ эрингни судга ҳам беролмайсан, деб ишонтиришган. Аслида ҳам шундаймикан?

Бу борада ҳуқуқшунос Камола Алиева аёлнинг ҳуқуқларини тушунтириб ўтди:

«Биринчи ўринда прокуратурага ариза ёзиши керак. У аризада собиқ эри билан қайнонасининг қўрқитиб қоғоз ёздириб олишганини кўрсатади. Маҳалла нозирига бориб ҳимоя ордери сўрайди. У ҳам бир асос бўлади. Кейин судга ариза бераётганда ундан тўлов сўралади. Маҳаллага бориб ёлғиз оналиги, уй-жойи йўқлигини ёзиб, «темир дафтар»га кириши керак. Ҳокимият, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитасига уй-жой билан таъминлашда ёрдам сўраб ариза ёзишга ҳам ҳақли. Алиментга бериш масаласини ҳам кўриб чиқиш керак. Шунингдек, эри яшаётган уй кимнинг номидалигига қараб уйга даъво қилиши ҳам мумкин. Яъни уй эрининг номида бўлса, уйни бўлиш бўйича, агар қайнона ёки қайнотасининг номида бўлса уйга киритиб қўйиш бўйича ариза беришга ҳақли. Аёл шуни билиши лозим, суд асоссиз, ота-онаси йўқлиги учунгина боласини тортиб олмайди».

Ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган аёллар жамиятимизда талайгина. Ўқитиб, касб-ҳунарли қилгунча «вақти ўтиб кетади» деган ваҳима билан узатилган, тенгдошлари ўқишни тамомлаган бир вақтда ажрашишга ҳам улгурган ёки фарзандини тортиб олишларидан қўрқиб, оилада, жамиятда ўз ўрнини тополмай, аросатда қолаётганлар, фарзандига умрини бағишлаб, отасиз катта қилаётган оналар қанча...

Энг ёмони — отасизликда, онасининг қийинчилигини кўриб катта бўлган фарзандларнинг руҳий изтироблари келажагига ҳам таъсир қилмай қолмайди.

Оила қуришдан қўрқаман

«Отамни элас-элас эслайман, онам билан тинмай жанжаллашишарди, — дейди Насиба хомушлик билан. — Бир-бирларини тушунаверишмагач, ажрашиб кетишган. Биз икки фарзанд онамиз билан қолдик. Онам умрини бизга бағишлаб бошқа турмуш қилмади.

Отам фарзандлари билан ҳам ажрашгандек, энди оталик вазифаси тугагандек эди. Онам бизни боқиш учун бозорга чиқди. Оёқ қўллари кечаси билан оғриб, инграб чиқарди. Ҳамма менга сен кучли бўлишинг керак, кучли бўлишинг керак, онангнинг машаққатини роҳатга айлантиришинг керак, дерди.

Бор кучим билан ўқидим. Онамни қийинчиликлардан олиб чиқиш учун ҳам ўқидим. Ўқишга кирдим. Чет элга грант ютдим. Ўқиб келиб, ўз бизнесимни бошладим. Мени кўрганлар катта амалдорнинг қизи бўлса керак, деб ўйлашади. Аслида эса аксинча.

Оила қурадиган ёшга етган бўлсам-да, менда қўрқув бор. Тақдирим онамникига ўхшаса-чи, турмуш ўртоғим мени тушунмаса-чи, болаларим отасизлик азобини тортса-чи, каби қўрқув сабаб шу мавзуни четга суравераман».

Навбат йигитларга!

Халқимизда қизларни оилага тайёрлаш одат тусига кирган. Тош келса кемириб, сув келса симириб яшаш кераклиги уқтирилади. Бугунги кун эса қизлар қаторида йигитларни ҳам оилага тайёрлаш зарурлигини кўрсатмоқда. Қарс бир қўлдан чиқмайди, ахир. Болаларни оилавий муносабатларга тайёрлашда диний билимни кучайтириш, оила муқаддаслиги ғоясини сингдириш шарт.

Бугун Европада, айниқса Японияда «Ота-оналик мактаблари», «Оила таълими», «Оила мактаблари» ўқув масканлари кўпайиб бормоқда. Япония ҳукумати уйланадиган эркаклардан 18 рақамдаги, қиз ва аёллардан эса 24 рақамдаги сертификат сўрашмоқда. Бу сертификатнинг моҳияти «Оила учун ҳозирлик», «Эр-хотинлик билими» даражасини ифодалайди. Аслида «Оила таълими» мактабларининг бўлиши ва кенгайтирилиши жуда долзарб масала. Оилага ҳозирлик қадрият ёки анъаналар билангина эмас, таълим-илм билан бўлиши керак.

«Таҳлилларга кўра, кейинги пайтда оилаларда эркакларнинг масъулияти камайиб бормоқда. Бунда эса тарбиянинг қайсидир жиҳатида, айниқса ўғил болалар тарбиясида камчиликка йўл қўйилаётганлиги кўриниб қоляпти. Биз аёлларни ҳимоя қилиш борасида ҳимоя ордери беришни, реабилитация марказларига қабул қилиб, уларга руҳий кўмак беришни йўлга қўйганмиз. Аммо аёл яна ўша муҳитга боргач ҳаммаси изга тушиб кетади дегани эмас.

Таълим муассасаларида «Йигитлар клуби»ни ташкил этиш бўйича Низом ишлаб чиқилмоқда. Маҳаллаларда «Оталар мактаби» жамоатчилик тузилмасини ташкил этиш борасида Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги томонидан Низом тайёрланмоқда», — дейди Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси раиси ўринбосари Раъно Турдибоева.

Ўғил бола тарбияни отасидан олади, ҳар бир ишида унга тақлид қилади. Рўзғор ташвиши бўйнида бўлган ота боласига қачон тарбия беради? Қачонки, ўша тарбия ўзида бўлса. Боласининг қўлидан етаклаб масжидга олиб борса, оила, аёл, она муқаддаслиги ҳақидаги маърузаларни тинглаганда ўғлини шерик қилса. Аксинча, ёшлигидан болалар масжидларга киритилмаса, ҳеч қандай диний таълим олишига йўл қўйилмаса, оила ҳақида эшитиб билгани турк сериалларидан кўрган нарсалари бўлса, бу авлоддан яна қандай натижани кутишимиз мумкин?!

Чарос Маннонова, журналист

Мавзуга оид