Ўзбекистон | 15:00 / 26.09.2022
6850
4 дақиқада ўқилади

Туронбанкда ёшлар учун янги имкониятлар!

“Туронбанк” АТБ жорий йилда юқори балл билан талабаликка эришган 100 нафар ёшлар учун “Туронбанк Стипендияси” лойиҳасини жорий қилди.

Фото: Туронбанк

Шавкат Мирзиёев томонидан 2022 йилги ўқув йилидан талаба-қизлар учун фоизсиз таълим кредитларининг ажратилиши,  жорий йилнинг 4 март кунидаги видеоселектор йиғилишида барча давлат ташкилотлари ва муассасаларида талабаларнинг ишлашига рухсат берилиши мамлакат раҳбариятининг келажак авлодга бўлган ишончи, шунингдек ёшларнинг ўзини англаши, мукаммал билимларни эгаллаб ривожланиши учун шароит яратишга бўлган муносабатини яққол намойиш этади. “Туронбанк” АТБ ҳам бу борада янги лойиҳаларни амалга оширмоқда.

Фото: Туронбанк

Банк мисолида олиб қаралса, бугунги кунда банкда фаолият олиб борадиган жами ходимларнинг деярли 38 фоизини ёшлар ташкил этиб, улар орасида бир вақтнинг ўзида ҳам ўқиб ҳам ишлайдиган ёшлар жуда кўп. Шуни алоҳида қайд этиш лозимки, Туронбанк биринчилардан бўлиб битирувчи курсларда таҳсил оладиган талабаларни махсус тест синовлари ва шахсан банк Бошқарув раисининг суҳбатидан ўтказиб, ишга жалб қилиш тизимини йўлга қўйган. Уларнинг ишлаши ва таълим олишларини қўллаб-қувватлаш мақсадида алоҳида шарт-шароитлар яратилган. Бундай ёшларнинг қарийб 300 нафари бугунги кунда банкда фаолият кўрсатмоқда. 

Фото: Туронбанк

2022 йилдан бошлаб эса, “Туронбанк” АТБ яна бир ажойиб ишга қўл урди. Билимга чанқоқ ва интилувчан ёшлар учун “Туронбанк Стипендияси” лойиҳаси жорий этилди. Республикамиздаги олий таълим муассасаларида (Тошкент Давлат иқтисодиёт университети, Молия институти, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети ва бошқалар) иқтисодиёт йўналиши бўйича энг юқори балл тўплаб ўқишга қабул қилинган 100 нафар талаба мазкур стипендияга номзод сифатида таклиф этилди. Иқтидорли ёшлар Туронбанк Бошқарув раиси Чори Мирзаев билан учрашди. Учрашув давомида банк бошқарув раиси номзодлар билан танишиб улар билан суҳбатлашди. Уларга стипендияни қўлга киритиш орқали тақдим этиладиган имкониятлар ҳақида маълумот берилди.

Фото: Туронбанк

Шунингдек, стипендиядан ташқари шартнома асосида таҳсил оладиган талабаларнинг контракт суммалари тўлаб берилади. Биринчи ва иккинчи курсларда стипендия соҳибларининг фақатгина билим олишлари учун барча шароитлар яратилади, 3 курсдан бошлаб «Туронбанк» АТБда меҳнат фаолиятини бошлаш имконияти яратилади. Шу билан бирга улар доимий Туронбанк эътиборида бўлиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватланади, молия муассасаси томонидан ўтказиладиган турли тадбирлар ва семинарларда иштирок этиб, таътил вақтларида бемалол банкда иш ўрганиш имкониятига ҳам эга бўлишади. “Ўқишни тамомлаганимдан кейин қаерда ишлайман?” деган савол уларни қийнамайди. Шунинг учун ҳам улар ўзларининг бор диққат-эътиборларини билим олишга қаратади, бундай ёшлар эса албатта етук мутахассис даражасига кўтарилиши ўз навбатида банк ривожланишига ўз ҳиссасини қўшиши аниқ.

Фото: Туронбанк

Хориж тажрибасига ҳам назар солсак кўплаб мамлакатларда касбий тайёргарлик бўйича давлат идоралари ва таълим муассасалари ўртасида яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган. Мисол учун Сингапурда иқтидорли кадрларни жалб қилиш мақсадида давлат фуқаролик хизмати соҳасида меҳнат фаолиятини бошлашга қарор қилган энг яхши ўрта мактаб битирувчиларига давлат грантлари ажратилади. Грант совриндорлари тўрт йиллик бошқарув менежментини ривожлантириш мутахассислиги бўйича дастур орқали тегишли таълим олишади. Аммо, ёш мутахассис, агар 35 ёшга қадар, масалан, вазир ўринбосари бўлишлиги имкониятини намойиш этмаса, у ушбу ҳолатларда давлат хизматидан кетиши тавсия этилади.

Реклама

Мавзуга оид