Жамият | 10:00 / 27.09.2022
32284
4 дақиқада ўқилади

“Кўринмас одам” чўпонларни хонавайрон қиляпти: ИИБ мурожаатни “бости-бости” қилиш билан овора 

Самарқанд вилояти Пахтачи туманида чорва ўғирлиги билан боғлиқ жиноятлар кўпайгани ҳақида хабар берилди. Ёмон томони, жабрланувчилар ҳуқуқ-тартибот идораларига вақтида хабар беришган, бироқ ходимларнинг воқеа жойига етиб бориши учун бир неча кунлаб кутилган, далиллар йўқолишига имконият берилган.

Kun.uz ҳолатни ўрганиш мақсадида Пахтачи туманида бўлди.

Гўрўғли маҳалласида яшовчи Шерали Эгамбердиев чорвачилик ортидан рўзғор тебратади. У биз билан суҳбатда 2021 йилнинг 7 декабр куни қўрасидан 20 та қўй ўғирлаб кетилганини маълум қилди.

Чўпон эрта туриб қўра атрофида бегона оёқ изларини кўрган. Ҳодиса жойига етиб келган профилактика инспекторлари туман шароитида экспертиза қилиш ёки из олувчи итлари йўқлиги айтган. Шу сабабли излар устига плёнка ташлаб қўйишни тайинлаган. Воқеадан уч кун ўтиб Самарқанд вилоятидан мутахассислар етиб борганида эса, излардан асар ҳам қолмаган.

Шерали аканинг турмуш ўртоғи Лобар Қосимова саккиз-тўққиз ой давомида мурожаат қилмаган ташкилот қолмади ҳисоб. Лобар опанинг айтишича, вилоят ҳокимининг сайёр қабулига мурожаат қилиш учун борганида, у Пахтачи туман ички ишлар бўлими томонидан тўхтатиб қолинган. Ҳатто унинг қўлида Пахтачи туман ИИБ бошлиғи Мухтор Аҳмедовнинг жиноятни 15 куни ичида очиб бераман, деб ёзилган тилхати ҳам бор.

Бироқ натижа ўша-ўша!

Дарвоқе, бу биргина ҳолат эмас. Ушбу хонадондан чамаси икки километр наридаги қўрадан ҳам 2021 йилнинг март ойида 26 та қўй ўғирланган. Чорва эгаси Сабоҳат Облоқулова мурожаат қилинганидан бир ой ўтиб, ИИБ ходимлари ўрганиш учун келганини айтмоқда.

Сабоҳат опа гумондор ҳақида ички ишлар идораларига маълум қилган. Гумон қилишига етарлича асослари ҳам борлигини айтмоқда. Қизиғи, икки оила ҳам бир одамдан гумон қилмоқда. Чунки унинг оёқ изларини эртаси куни қўра атрофида кўришган, қолаверса, бир кун аввал уйлари атрофида ҳам уни кўришган. Ҳудуддаги уйларнинг жойлашувига эътибор қиладиган бўлсак, бегона киши бежизга бировнинг хонадони ёки қўрасига яқинлашмайди. Ялангликда бегонани пайқаш жуда ҳам осон.

2020 йилнинг ноябр ойида Сарвиноз Эшқобилованинг беш бош қорамоли ҳам ўғирланган. Бироқ у моллар ҳам топилмаган.

Эътибор қиладиган бўлсак, учта жиноят ҳам кўпи билан икки-уч километр радиусда содир этиляпти.

Мурожаатчилар билан суҳбатлаша туриб, уларнинг оғир вазиятга тушиб қолганини пайқадик. Қишлоқ шароитида бешталаб қорамолнинг йўқолиши, йигирмалаб қўй-эчкиларнинг қўрадан ўғирланиши бу оилаларни тушкунликка туширган. Чорвадорларнинг кўз тиккани шу чорваси бўлган. Мол аччиғи билан юқори идораларга арз қилишганда, ҳар сафар ИИБ қаршилигига учраяпти.

Худди шундай вазиятга 2020 йилнинг январида Миришкор туманида гувоҳ бўлгандик. Деярли кунда-кунора Помуқ қишлоғида ўғирлик содир этилган. Миришкорлик ўғрилар ҳар қандай изқувар ва замонавий технологияларни ҳам доғда қолдирадиган профессионал ёки «кўринмас одам», деган хаёлга боргандик. Буни қарангки, Kun.uz суриштирувидан бир кун ўтиб ўғрилар қўлга олинганди.

Самарқанд вилояти ички ишлар бошқармаси юқоридаги ҳолатлар бўйича жиноят иши очилгани ва тезкор суриштирув ҳаракатлари олиб борилаётганини маълум қилди.

Пахтачи тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Аҳмедов Kun.uz журналисти суриштирувидан хабардор. Шу сабабли Лобар Қосимова билан яна суҳбатлашиб, уч кун муддат ичида қўйларни топиб беришга ваъда берибди. Эвазига суриштирувни чиқармасликни сўраган. Қолган икки жабрланувчига бундай ваъда берилмаганига қараганда, жиноят вақт ўтгани сари унутиляпти. Ички ишлар бўлими наздида, албатта.

Умид қиламизки, Пахтачидаги “кўринмас одам” ҳам тез орада қўлга олинади. Қачонки, ички ишлар бўлимидагилар ваъдабозликдан тийилиб, “бости-бости” қилишга зўр беришни тўхтатса. Ўз иши билан шуғулланса. 

Исомиддин Пўлатов,
Kun.uz мухбири
Тасвирчи ва монтаж устаси: Фахриддин Ҳотамов.

Мавзуга оид