Жамият | 09:00 / 29.09.2022
20310
8 дақиқада ўқилади

“7-10 ёшли ўқувчиларим лего-роботлар ясайди” — 18 яшар робототехник

Суҳроб Ҳайдаров 18 ёшда. Унинг  7-10 ёшли ўқувчилари роботлар ясайди. Шунингдек, у IT-компания эгаси. Ёш қаҳрамонимиз юзлаб болаларни робототехникага ўқитгани, пулсизлик ва қўллов бўлмагани сабаб мағлубиятларга учрагани, лойиҳаларини сотиб компаниясига пул тиккани ва ниҳоят кўплаб медалларни қўлга киритгани ҳақида Kun.uz'га гапириб берди.

«YouTube'дан кўрган видеом мени робототехникага олиб кирган»

— Асли навоийликман, Кармана туманида туғилиб ўсганман. Ҳозирда Тошкент шаҳридаги IT-паркда робототехника бўйича менежерман. Яъни робототехника бўйича 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аудиторияга дарс бераман. Ҳозирда 50 дан ортиқ шогирдларим бор. Тошкент ахборот технологиялари университетининг 2-босқич талабасиман. «Uzrobup» компанияси асосчиси ва бир нечта стартаплар муаллифиман.

Бу соҳага қизиқишим 14 ёшимдан бошланган. Робототехникага YouTube'даги биргина видео сабаб бўлган. Ўзбекистондан тажрибали устоз тополмаганман. Бир-иккита марказлар бўлган, аммо охиригача етишга кўзим етмаган. Шундан кейин онлайн платформалар орқали устозлар топдим. Улардан 6 ой давомида таҳсил олдим.

«Ноутбук яхши ишламагани учун халқаро мусобақадан қолиб кетганмиз»

— Биз (ўзи ва жамоасини назарда тутяпти – таҳр.) иш бошлаган пайтда Ўзбекистондан керакли қурилмаларни топиш жуда қийин масала эди. Ички бозорда мен ишламоқчи бўлган контроллер ва сунъий миялар йўқлиги сабабли Хитойдан буюртма қилганмиз. У ҳам 3 ой деганда етиб келган. Шундан кейин 15 ёшимда фаолиятимни бошлаб, робототехникага тўлиқ кириб келганман.

“Баркамол авлод” болалар маркази мен ва жамоага фаолият юритишимиз учун шароит яратиб берган. Унгача ҳеч ким ҳаракат қилмаган, “Баркамол авлод” маркази салоҳиятимизни кўриб ёрдам берган. 2018-19 йилларда олимпиадаларга чиқишни бошладик – биринчи олимпиада Қирғизистонда онлайн бўлиб ўтган. Лекин қатнаша олмаганмиз, чунки бизда нафақат қурилмалар бўлмаган, балки ноутбук ҳам яхши ишламаган.

Ёш робототехниклар ўртасида рақобат бўлмас эди, яъни халқаро олимпиадага чиқиш учун шаҳар, вилоят ва республика босқичлари бўлмасдан тўғри халқарога чиқардик, чунки маҳаллий бозорда рақобатчи бўлмаган. Шу сабабли фақатгина халқаро мусобақаларда қатнашар эдик. Бироқ етарли қурилмамиз ва шароитимиз бўлмагани сабабли бу мусобақалардан қолиб кетар эдик. 3 марта чиққан бўлсак, ҳаммасида мағлубиятга учраганмиз.

Қурилмалар четдан келади, арзон ҳам эмас эди. Энг ками 500 доллардан бошланар эди. Бизда унақа катта пул бўлмаган, ёш эдик, ҳамма нарсани ота-онамизга юклаб қўйгимиз ҳам келмасди. Чунки мусобақаларга чиқишимизни ҳам ота-онамиз таъминларди.

«Венгриядаги мусобақада Осиё минтақаси бўйича биринчи ўринни олдик»

— 2019 йилда Тошкентда ўтказилган халқаро мусобақада биринчи ўринни олиб, Венгрияда ўтадиган мусобақага йўлланма олганмиз. Венгриядаги мусобақада Осиё минтақаси бўйича биринчи ўринга сазовор бўлдик. Лекин ғолиблик учун 300 доллар пул олганмиз. Гап пулда эмас, биз кубок ёки медални кўрсак хурсанд бўлардик. Жаҳон аренасида байроғимизни кўтариш биз учун фахр эди…

Кейинчалик Россияда бўлиб ўтган «Кампус-2019» мусобақасида қатнашиб, бронза медалини қўлга киритганмиз.

«Ғояларимни сотиб компанияга тикардим»

— Лойиҳаларим кўпинча қишлоқ хўжалигига бағишланган. Биринчи лойиҳам «Ақлли товуқхона» бўлган. Бу товуқхона товуқларни ўзи боқади: донини, сувини беради, тагини тозалаш функциялари бўлиб, товуқхонани шамоллатиб туради. Суви тугаса, мобил қурилмангизга хабар юборади. Агар жавоб келмаса, ўзи сув беради. Дастурчилар учун бу унчалик қийин иш эмас, аммо буни қилганда ҳали жуда ёш эдим ва бу катта нарса эди.

Шунга ўхшаш лойиҳаларни яратиб, фриланс биржалар орқали ғоясини сотганман. Ўша вақтда «Ақлли товуқхона» ғоясининг ўзини 1000 долларга сотганман.

Аммо ўшанда топган пулимизга жамоа билан фақат қурилма сотиб олганмиз. Чунки бизда ҳомий бўлмаган.

«16 ёшимда дарс беришни бошладим»

— Навоийга IT-парк очилишига келган акаларга лойиҳаларимни кўрсатганман. Улар мени менторликка қўйишган ва биринчи марта 16 ёшимда IT-паркда дарс беришни бошлаганман. Бироқ менда ўзимдан катта одамга дарс беришда муаммолар бўларди. Педагогик билимим бўлмагани учун катталар кетиб қоларди. Лекин IT-парк яхши пул берарди, ундан топган пулимизни ўзимизнинг компанияга тикардик.

Дастурчи даромадини ҳеч қачон айтмаса керак. Даромадимиз ўртача давлат хизматчисининг ойлигидан уч карра кўп деса ҳам бўлади. Дастурчиларнинг ойлиги даражасига қараб белгиланади. Портфолиога қараб сизнинг даражангизни белгилаб беришади. Охирги марта портфолиомни 2022 йил бошида баҳолатган эдим, “Strong Middle” чиққан эди.

«7-10 ёшли ўқувчиларим лего-робот ясай олади»

— Халқ таълими вазирлиги томонидан Россияга соҳани ўқитиш борасида тажриба ошириш мақсадида юборилганмиз. Айнан ўша ерда қандай дарс бериш кераклигини ўрганганман. Ҳозирги кунда IT-паркда таълим менежери ҳисобланаман. Бу ердаги вазифам – 7-40 ёшлиларга робототехникадан дарс бериш. Баъзан 7-10 ёшли болалар бу соҳани эплаб кета оладими деган савол билан келишади. Биз буни исботлаб берганмиз. Дастуримиз давомийлиги 6 ойни ташкил этади. Бу вақт ичида бола электроника, конструкторлик ва дастурлашни ўрганади. Мана шу лего роботни 7-10 ёшли болалар яратган. Унинг вазифаси фақат ҳаракатланиш.

Бу нима учун керак десангиз, бу боланинг креативлигини оширади, дастурлашга илк қадамини қўяди. Шундай оддий роботга дастур ярата олса, бундан катта ва турли дастурларни ярата олади. Биз болаларга фундамент бўла оламиз.

«Профессионал IТ компаниясини очдик»

— 2020 йилнинг ўзида уч карра жаҳон чемпиони бўлдим. Шу орқали президентимиз назарига тушдим. Шу йилнинг ўзида иккита давлат мукофоти – «Мард ўғлон» ва «Меҳр-саховат» кўкрак нишони билан тақдирландим.

Профессионал IТ-компания очганмиз – UzRoboUp. Асосий вазифаси IТ хизматларини кўрсатишдан иборат – веб-сайтлар, мобил иловалар ва роботлар ясаб бериш билан шуғулланамиз. Бу компанияда 8 киши фаолият юритар эди. Бутун Навоий вилоятини қамраб олдик десам ҳам бўлади, кўп буюртмалар олардик. Лекин республика миқёсида буюртмалар ола олмас эканмиз.

2021 йилда “Мард ўғлон” мукофотини олганимдан кейин Тошкент ахборот технологиялари университетига имтиёз асосида қабул қилиндим ва пойтахтга келдим.

«WоrldSkills” танловида илк марта Ўзбекистон номидан қатнашиб бронза медал олдик»

— Талаба бўлиб Тошкентга келгач, IТ-паркда менежер сифатида иш бошладим. Бу ерда катта ёшлиларга дастурнинг электроника қисмини ўргатамиз – системаларни боғлаш, фаввораларни бошқариш, ақлли кўчаларни бошқариш кабиларни. Улар 24-25 ёшлар атрофида бўлади. Улар ўз соҳасини билади, аммо дастур ёзишдан хабари бўлмайди. Биз уларга шуни ўргатамиз.

“WоrldSkills” ташкилоти 2020 йилда Ўзбекистонни аккредитациядан ўтказди ва биз биринчи марта 2022 йилда Россияда бўлиб ўтган мусобақада қатнашдик. Унда бизга вазифалар беришди ва биз шу асосида робот ясадик. Бизнинг роботимиз тиббий робот эди – у ақлли робот палаталарга бориб дориларни олиб ёки қўйиб чиқиши керак эди. Натижаларга кўра, 3 кунда 7та робот ҳаракатини ишлаб чиқиб, бронза медалини қўлга киритдик.

Ҳозирда Францияда бўлиб ўтадиган мусобақага тайёргарлик кўряпмиз. У ерда 160 дан ортиқ давлатлардан вакиллар иштирок этади. 18-24 ёшлилар категориясида қатнашмоқдамиз.

Мадина Очилова суҳбатлашди.
Оператор ва монтаж устаси Жавоҳир Ғайратов.

Мавзуга оид