Ўзбекистон | 12:53 / 29.09.2022
3362
2 дақиқада ўқилади

Ветеринария ва чорвачилик соҳасида кўкрак нишонларини бериш тартиби белгиланди

Ҳукумат қарори билан “Ўзбекистон ветеринария фидойиси” ва “Ўзбекистон чорвачилик фидокори” кўкрак нишонлари тўғрисидаги низомлар тасдиқланди.

Кўкрак нишонлари билан қуйидагилар тақдирланади:

“Ўзбекистон ветеринария фидойиси” кўкрак нишони билан – ветеринария соҳасини ривожлантириш, соҳада назоратни кучайтириш ва хизматлар сифатини ошириш, эпизоотик осойишталик, озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга муносиб ҳисса қўшган фуқаролар;

“Ўзбекистон чорвачилик фидокори” кўкрак нишони билан – чорвачиликни ривожлантириш, чорва моллари наслини яхшилаш, озуқа базасини мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшган шахслар.

Номзодлар бўйича таклифлар ҳар йили 1 июлгача Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитасига берилади. Қўмита раиси томонидан номзодларни кўриб чиқиш учун 5 кишилик комиссиялар тузилади.

Комиссиялар номзодлар бўйича таклифларни ўрганиб 1 августгача якуний хулосаларни қабул қилади. Хулосалар асосида қўмита раисининг кўкрак нишони билан тақдирлаш тўғрисидаги буйруқлари қабул қилинади.

Кўкрак нишонлари ҳар йили 1 сентябрь – Мустақиллик байрами арафасида тантанали топширилади. Кўкрак нишонлари билан тақдирланганларга 1,2 млн сўм миқдорида бирйўла тўланадиган пул мукофоти ва эсдалик совғалар берилади.

Мавзуга оид