Жаҳон | 13:55 / 30.09.2022
8291
2 дақиқада ўқилади

ISW: Украина Лиман яқинидаги Россия кучларини қуршаб олган бўлиши мумкин

Урушни ўрганиш бўйича Америка институти (ISW) мунтазам ҳисоботига кўра, Украина қўшинлари Донецк областининг Лиман ҳудудида Россия кучларини қамал қилишни якунлаган бўлиши мумкин.

Фото: Getty Images

Таҳлилчиларга кўра, украиналиклар Лимандан 10 км шимолда жойлашган Ставок ҳудудида Россия мудофаасини ёриб ўтиб, Лиман ғарбидаги чизиқни ушлаб турган россияликлар учун охирги таъминот канали ва чиқиш бўлган Торское-Дробишево йўлини тўсиб қўйишган. 

ISW таъкидлашича, Дробишево ва Лиман ҳудудларида мудофаани ушлаб турган 20-армиянинг БАРС-13 бўлинмалари ва 752-мотоўқчилар полки «ўта оғир» вазиятга тушиб қолган. ISW экспертларига кўра, Украина қўшинлари Лиманни озод қилишга қодир. 

Бундан олдин Украина президенти девони раҳбари маслаҳатчиси Олексий Арестович биринчи сафарбар қилинган россияликлар аллақачон урушга жўнатилганини маълум қилганди

Унинг сўзларига кўра, янги чақирилган ҳарбий хизматчилар Луҳанск областидаги Сватовой ҳудуди ва Харкив областидаги «тешикни шошилинч ёпиш зарурати» бўлган қисмларга юборилган.

«Асосий масса икки ҳафта ичида йиғилади», деди Арестович. Шу билан бирга, у ҳарбий хизматчилар фронтга жўнатилишдан олдин тўлиқ тайёргарликдан ўтмаганига ишонч билдирди. Украина расмийси, шунингдек, биринчи тўлқинда Россия қўмондонлиги 90 000 га яқин сафарбар қилинган русларни жангга ташлашини айтди. 

Мавзуга оид