Иқтисодиёт | 19:35 / 30.09.2022
61690
10 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонга россиялик муҳожирлар оқими: иқтисодчилар нима дейди?

Ўзбекистонлик иқтисодчиларнинг фикрича, сафарбарликдан қочган муҳожирлар оқимидан “ваҳима қилишга ҳожат йўқ”. Бу қисқа муддатда ижтимоий соҳаларга юкламани ошириши, айрим секторларда нархлар кўтарилишига олиб келса-да, узоқ истиқболда иқтисодий жиҳатдан ижобий таъсирга эга бўлиши мумкин.

Фото: Reuters

Россия президенти Владимир Путин сафарбарлик эълон қилганидан кейин россияликлар мамлакатни фаол равишда тарк эта бошлади. Сайёҳлар учун очиқ бўлган давлатларга парвозлар учун чипталар деярли тўлиқ сотиб бўлинди, қуруқлик чегараларида кўп километрлик тирбандликлар пайдо бўлган.

Норасмий маълумотларга кўра, 21 сентябрдан кейин юз минглаб Россия фуқаролари Қозоғистонга, яна минглаб руслар Ўзбекистонга кириб келган.

Kun.uz Россиядан муҳожирлар оқимининг навбатдаги тўлқини Ўзбекистон иқтисодиётига қандай таъсир қилиши мумкинлиги ҳақида мутахассислар фикрларини тўплади.

“Кўп нарса мигрантларнинг сонига боғлиқ”

Валижон Тўрақулов, иқтисодчи:

— Бу ерда кўп нарса россияликларнинг нима мақсадда келаётганига боғлиқ. Урушнинг бошида санкциялар таҳдиди остида Ўзбекистонга бизнеслар кўчиб кела бошлаганди. Ҳозирги ҳолатда эса Россиядан кетаётганларнинг аксариятини сафарбарликдан норози оддий одамлар ташкил этади. Бу иқтисодиётга кўп нарса беради, деб айта олмайман.

Кўчиб келаётганларнинг ёш гуруҳлари ва илмий даражасини таҳлил қилиб чиқиш керак, чунки бошқа миллат вакилларининг кириб келиши мамлакатдаги ижтимоий ҳолатга ҳам таъсир кўрсатади. Ишсизлик ортидан турли тартибсизликлар юзага келиши мумкин.

Рус тилида мулоқот қилиш имконияти нисбатан юқорилиги боис асосий кўчиб келувчилар Тошкентга келиши ва бу ерда талабнинг ошиши ҳисобига озиқ-овқат ва квартираларнинг нархи қимматлашиши мумкин.

Менда Россиядан қанча одам Ўзбекистонга келгани ёки келиши мумкинлиги ҳақидаги аниқ маълумотлар йўқ. Агар катта миқдорда руслар кириб келадиган бўлса, ўз-ўзидан улар шунча миқдорда рубль ҳам олиб келади. Бу Россия валютасига нисбатан сўм курсининг мустаҳкамланишига таъсир қилиши мумкин. Бу эса рублда импорт қилинадиган маҳсулотларнинг нархи пасайишига, Россияга экспорт қиладиган товарларимиз баҳоси ошишига олиб келади. Буларнинг барчаси, албатта, Ўзбекистонга қанча миқдорда россиялик келишига боғлиқ.

“Россиялик муҳожирлар ички бозордаги талаб ва таклиф мувозанатига таъсир қилмайди”

Абдулла Абдуқодиров, иқтисодчи:

— Менинг ўйлашимча, Россиядан келаётганлар бизнинг бозордаги талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни буза олишмайди. Москва, Санкт-Петербург ёки бошқа йирик шаҳарларни инобатга олмаса, Тошкентдаги нарх-наво Россиянинг бошқа шаҳарларидан юқори, яъни кўчиб келаётганларнинг кўпчилигида Тошкентдаги талабни ошириб юбориш потенциали йўқ, уларнинг аксарияти бой қатлам эмас, балки урушдан қочиб келаётганлар.

Келса, 50 минг одам кўчиб келиши мумкин. Бу 35 млнлик аҳолиси бор мамлакатнинг ички бозоридаги талаб ва таклиф ўртасидаги мутаносибликни бузиб юбора олмайди. Ваҳима қилишга ҳожат йўқ.

Россиядан келаётган бизнесларнинг ҳам Ўзбекистон учун фойдаси у қадар сезиларли бўлмайди. Биринчидан, тадбиркорлар ўзларининг бизнесини Россияга ташлаб келади, улар Ўзбекистон ички бозоридаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб фаолият олиб бориши керак. Яъни биздаги бизнес муҳитига кириши керак, ўзи билан янги технология ва ишлаб чиқариш моделини олиб кирмайди. Жамиятни сифат жиҳатдан ўзгартира олмайди. Фақатгина, кам миқдорда бўлса ҳам малакали кадрларнинг келиши, иқтисодиётимизга қисман бўлса-да, ижобий таъсир қилиши мумкин.

“Бу масалага ҳис-туйғуни бир четга суриб қараш тўғрироқ бўлади”

Беҳзод Ҳошимов, АҚШнинг Висконсин университети докторанти, иқтисодчи:

— Иқтисодиётда қийматни инсонлар яратади, улар иқтисодиёт учун энг муҳим ресурс ва бойлик манбаи. Шу жиҳатдан ҳам, Россиядан келаётган қочқинларнинг ижобий жиҳатлари мавжуд, улар келажакда қиймат яратади. 200 мингга яқин меҳнатга лаёқатли россияликлар четга чиқиб кетишди. Бу қочқинлар бораётган мамлакатга қисқа муддатли даврда қийин бўлиши мумкин, чунки уларни вақтинчалик бошпана билан таъминлаш керак.

Шу билан бирга, Қозоғистонга 100 минг киши кўчиб келди деб оладиган бўлсак, 17 млн аҳолиси бор мамлакат учун бу катастрофик кўрсаткич эмас, аммо кичкина рақамлар ҳам эмас. Менимча, 6-12 ой ичида Россиядан келаётган қочқинлар Грузия ёки Қозоғистон иқтисодиётига ижобий таъсир ўтказади. Улар нафақат бу мамлакатларга пул олиб киряпти, балки ишлаб, иқтисодиётда қиймат яратиши мумкин.

Бошқа томондан, бу иммиграцион оқимнинг ҳам бир қанча специфик жиҳатлари бор. Биринчидан, қочаётганларнинг катта қисми ўзига тўқ инсонлар. Россияда ҳам аҳолининг барча тоифаларида кўчиб чиқиб кетиш учун пул йўқ. Урушдан олдинги тадқиқотларда ҳам, мамлакатдаги ички миграцияга аҳолида бирламчи эҳтиёжлар учун маблағнинг йўқлиги тўсиқ бўлиб келган. Агар ҳозирги “буюк қочқин” узоқроқ давом этса ва Ўзбекистон ҳамда Қозоғистонга кўплаб миқдорда қочқинлар кириб келса, мезбонлар уларнинг ассимиляциясига ёрдам беришса, узоқ муддатли истиқболда бунинг таъсир ижобий бўлади ва катта миқдорда дивиденд олишади.

Ўзбекистонга Россиядан келаётган қочқинлар оқимининг ижара ва озиқ-овқат нархларини ошириб юбориши ҳақидаги хавотирлардан қўрқмаслигимиз керак. Масалан, қандайдир тасодиф билан Ўзбекистонга миллионлаб туристлар келишни бошлади. Ўз-ўзидан бу вазиятда меҳмонхоналар нархининг ошиб кетишини ҳеч ким ёмон демайди. Ҳозирги шароитда россиялик қочқинларнинг Ўзбекистон ва Қозоғистон шаҳарларида пул сарфлаши истеъмолни оширади ва мамлакатни бойитадиган жиҳат.

Кўп нарса талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатга боғлиқ. Қисқа муддатда, ижара нархининг ошиши ҳисобига одамлар кўпроқ даромад олиш мақсдадида ўзлари яшаётган уйларни ҳам ижарага бера бошлаши мумкин. Узоқ муддатда эса, квартиралар тезроқ қурила бошлашига рағбатлар пайдо бўлади. Умуман, талабалар учун ҳам ижара нархининг ошаётганига муаммо сифатида қараймиз, ваҳоланки бу – имконият.

Озиқ-овқат нархлари ҳақида тўхталиб ўтадиган бўлсам, 100 мингта одам овқат бозорида нархларни кескин ошириб юбора олмайди. Мамлакатга ҳар йили келадиган туристларнинг салмоғи ҳам бундан бир неча баробарга кўпроқ. Бу масалага ҳис-туйғуни бир четга суриб қараш тўғрироқ бўлади.

Умуман олганда эса, Ўзбекистон ҳам яшаш қиммат, ҳам пул топишга имконият камлиги учун қочқинларга жозибадор жой эмас.

“Инсон капитали қиймат яратади”

Ботир Қобилов, АҚШнинг Ҳарвард университети докторанти, иқтисодчи:

— Қанча кўп инсон капитали мамлакатга кириб келса, бу шунчалик ўша мамлакат учун фойдали. Инсон капитали – исталган давлатнинг асосий миллий бойлиги. АҚШнинг собиқ президенти Роналд Рейган АҚШнинг кучи бу – иммигрантлар деб айтганди. Президентлик давридаги охирги нутқида ҳам муҳожирларга “севги мактуби” шаклида монолог ўқиб кетган. Шу жиҳатдан келаётган одамлар узоқ муддатли даврда мезбон мамлакатга ижобий таъсир кўрсатади.

Инсон капитали қиймат яратувчи капитал ҳисобланиб, ундан фойдаланмаслик қўлдан бой берилган энг катта имкониятлардан бири ҳисобланади. Келаётган одамлар ўзи билан янгича фикр, янгича йўналиш олиб келади, жамиятдаги ғоялар хилма-хиллигини таъминлайди.

Одамларда жуда кўп иммигрантлар Ўзбекистонга келяпти, деган қўрқув бор. Тўғри, қисқа муддатли даврда кўплаб одамларнинг келиши нархларни оширади, чунки таклиф буни қоплаб беришга улгурмайди.

Ижара нархларининг ошиши ортида ҳам тоза иқтисодий механизм ётади. Талабнинг ошиб кетганини кўрган уй эгаси, мўмайгина пул ишлаб олиш илинжида уйини бўшатиб беради. Масалан, бизда яхши авиакомпаниялар бўлганда Москва ёки бошқа шаҳарларда юзага келган талаб ортидан яхшигина пул ишлаб олиши мумкин бўларди. Турк компаниялари бундан фойдаланиб қолишди.

Ижара масаласига қайтадиган бўлсак, сиз шартнома асосида ижарада турибсиз. Уйнинг эгаси нархларнинг ошиши ва катта қондирилмаган талаб туфайли сизни уйдан чиқариб юборишга ҳаракат қилиши мумкин. Аммо 1 йиллик шартнома бор, ҳали 6 ой яшагансиз. Яъни мавжуд муаммолар фонида ижарада турувчиларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонуний асослари пайдо бўлиши мумкин.

“Ортиқча сентиментлар бўлмаслиги керак”

Отабек Бакиров, иқтисодчи:

— Сентябрнинг 21-сидан кейин шимолдан оқиб келаётган қочоқлар тўлқинига нисбатан ўзбек жамиятида аниқ-тиниқ муносабатлар шакллангани йўқ, мулоҳазалар, ёндашувлар, фикрлар турлича.

Лекин бир нарсани ўзимиз учун белгилиб олишимиз зарур: янги тўлқин зеҳнияти маъно мундарижасига кўра урушга қарши эмас, урушга боришга қарши холос. Уларни қабул қилишимиз, Украинага сафарбар этилаётган босқинчилар сонини камайтиради, ўлдирилаётган, зўрланаётган, таланаётган украинлар сонини қисқартиради. Сентиментлар бундан ортиқ бўлмаслиги зарур.

Иқтисодий наф, бойитиладиган инсоний капитал, социал соҳага, инфратузилмага қўшимча юкламалар, уй-жой бозори, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш, транспорт соҳаси бошдан кечираётган кичик шоклар мазмунли дискуссия яратмайди. Спекулятив инвестициялар узоқ муддатли трендлар яратмаганидек, вақтинчалик, транзит бошпана илинжидаги қочоқлар тўлқини шовқинлардан бўлак из қолдирмайди.

Уларга тилайдиганимиз Украина ғалабасидан кейин қочоқларнинг тезроқ ўз ватанларига эсон-омон қайтиб олишлари ва инсониятни ва дунёни йўқ бўлиб кетишига олиб келиши мумкин бўлган антихристни қайтиб ҳеч қачон ҳокимиятга келтирмаслик чораларини кўриш бўлиши керак. 

Мавзуга оид