Ўзбекистон | 13:36 / 06.10.2022
10103
3 дақиқада ўқилади

Тошкентда 3 та янги метро бекати қурилиши якунланмоқда

Тошкент шаҳрида ерусти метросининг 2-босқичи «Қўйлиқ – Қурувчилар» йўналиши 7-бекатдан 12-бекатгача бўлган 8,5 километрлик участкасида қурилиш ишлари амалга оширилмоқда.

Фото: Ўзбекистон темир йўллари

«Ўзбекистон темир йўллари» хабарига кўра, ҳозирги вақтда 3 та бекат қурилиши якунланмоқда. Қўйлиқ бозоридаги 7-бекатдан 8-, 9- ҳамда 10-бекатлар Миробод ҳамда Сергели туманидан ўтган Тошкент ҳалқа автомобил йўли ёқасида жойлашган бўлиб, айни пайтда мутахассислар томонидан 7-бекатдан 10-бекатгача бўлган масофада қурилиш жараёнининг барча темир-бетон ишлари тугатилиб, янги ва мустаҳкам рельслар тўлиқ ўрнатиб бўлинган. 

Қайд этилишича, 8-бекат Қўйлиқ-1 мавзесида жойлашган бўлиб, йўлнинг ўнг томони кўп қаватли уйлар бўлса, чап томонида аҳоли хонадонларидан иборат катта-катта маҳаллалар жойлашган. Бугунги кунгача 8-бекатда асосий ишлар қарийб 95 фоизи бажариб бўлинди. 

Мазкур бекат 2 қаватдан иборат бўлиб, биринчи қаватда жами 28 та хона қурилди, уларда махсус электр энергияси, алоқа тизими ҳамда ёнғин хавфсизлиги хоналари, тиббиёт пункти, ишчи-ходимлар хонаси ва касса мавжуд. Перрон 2-қаватда бўлиб, умумий узунлиги 105 метрдан иборат. 

9-бекат Қўйлиқ-4 ҳамда Қўйлиқ-5 мавзеларида жойлашган бўлиб, ҳозиргача энг кўп иш қилинган бекат бўлиб турибди. Бу ерда асосий қурилиш ва пардозлаш ишлари қарийб 99 фоизи якунига етган. 

Биринчи қаватдаги барча хизмат кўрсатиш ва техника хоналари тўлиқ таъмирдан чиқарилиб, 2-қаватдаги перрон қисмида ҳам замонавий ва мустаҳкам, узоқ муддатга чидамли мармар маҳсулотларидан фойдаланилди. 

Ушбу йўналишнинг 10-бекати Сергели туманидаги Қўйлиқ-7 мавзесида жойлашган бўлиб, метро йўналиши Тошкент вилояти Зангиота туманидаги Хонобод кўчасига бурилиш яқинида жойлашган. 10-бекатда ҳам асосий қурилиш ишлари тугатилиб, сўнгги пардозлаш ишлари амалга оширилмоқда. Бугунги кунгача бу бекатда асосий ишлар қарийб 98 фоизи якунига етган.

8-, 9-ҳамда 10-бекатларда 2-қаватдаги перрон қисми кўриниши бир-бирини такрорламайди. Ҳар бир бекатда ёнғин хавфсизлиги йўлаги ташкил этилди. Мавжуд 3 та бекатда замонавий лифт ва эскалаторлар ҳам ўрнатилди.

Лойиҳанинг Тошкент ҳалқа йўлидан пойтахт вилояти Зангиота туманидаги Хонобод кўчасига бурилиш қисмидаги монолит усулида бунёд этилаётган эстакада йўлида қурилиш ишлари якунланди. Хонобод кўчасидаги метро йўналишида пойдевор, темир-бетон устунлар, ригеллар ҳамда балкаларни ўрнатиш ишлари якунланяпти. 

Ушбу босқич қуриб битказилиши билан Тошкент метрополитени жами узунлиги 70 километрдан зиёд бўлади. Бекатлар сони 50 тага етади. Метрода юрувчи кунлик йўловчилар сони 600 минггача ошади. 245 та янги иш ўрни яратилиб, метро ҳаракати таннархи, аҳолининг жамоат транспортига харажати ва кутиш вақти сезиларли қисқариши айтилган.

Мавзуга оид