Жаҳон | 11:06 / 12.10.2022
12987
3 дақиқада ўқилади

NASA зонди тўқнашувдан кейин астероид орбитасини ўзгартирди

DART космик зонди Диморф астероиди билан режалаштирилган тўқнашувни амалга оширди ва орбитасини ўзгартирди. Миссиянинг мақсади Ерни самовий жисмлар билан юзага келиши мумкин бўлган тўқнашувлардан ҳимоя қилиш учун маълумотларни тўплаш эди.

Фото: abc

Инсоният фазони тадқиқ қилиши тарихида биринчи марта АҚШ Миллий аэронавтика ва коинот бошқармаси (NASA) бошқариладиган зонд зарбаси орқали осмон жисмининг орбитасини ўзгартирди. NASA 11 октябр, сешанба куни кечқурун хабар қилишича, мақсадларидан бири Ерни астероидлар тўқнашувидан ҳимоя қилиш имкониятларини синаб кўриш бўлган DART (Double Asteroid Redirection Test) миссияси муваффақиятли якунланди.

Ушбу миссия давомида учувчисиз космик кема Дидим астероидининг сунъий йўлдоши - диаметри тахминан 160 метр бўлган Диморф астероиди билан режалаштирилган тўқнашувни амалга оширди.

NASA маълумотларига кўра, зонд билан тўқнашувдан олдин, Диморфнинг каттароқ Дидим атрофида учиб ўтиши учун зарур бўлган вақт 11 соат 55 дақиқа эди. Тўқнашувдан кейин у 11 соат 23 дақиқага қисқарди.

Дастлаб NASA астероид сунъий йўлдошининг орбитал даври 73 сония ёки ундан кўпроққа ўзгариши муваффақиятли деб ҳисобланишини аниқлади.

«Ушбу миссия NASA коинот бизга ташлаган ҳар қандай нарсага тайёр туришга ҳаракат қилаётганини кўрсатади, - деди NASA раҳбари Билль Нелсон. - NASA бизнинг сайёрамизнинг жиддий ҳимоячилари эканини исботлади. Бу NASA ва бутун дунёдаги ҳамкорларимиздан иборат ажойиб жамоа содиқ бўлган нарса - сайёра ва бутун инсоният ҳимояси учун бурилиш нуқтаси».

DART зонди Калифорниядаги Ванденберг космик марказидан 2021 йил 24 ноябрда Falcon 9 ракетаси ёрдамида учирилган. Ушбу миссия қиймати 330 миллион долларни (340 миллион евро) ташкил этган. Зонднинг астероид билан тўқнашуви 26 сентябр куни содир бўлган.

Астероид билан тўқнашув таъсирини чуқурроқ ўрганиш учун Европа космик агентлигининг (ESA) Hera номли миссияси 2024 йилга мўлжалланган.

Ҳозирги вақтда олимлар яқин келажакда Ерга қулаши мумкин бўлган астероидлар ҳақида билмайди. Умуман олганда, тадқиқотчилар сайёра яқинида 27 мингга яқин ана шундай самовий жисмларни аниқладилар. Улардан 10 мингга яқинининг диаметри 140 метрдан ошади.

NASA'нинг таъкидлашича, DART зонди билан тўқнашувдан олдин Диморф ва Дидим астероидлари Ер учун хавф туғдирмаган ва ҳозир ҳам хавф туғдирмайди.

Мавзуга оид