Жаҳон | 10:22 / 13.10.2022
3765
3 дақиқада ўқилади

ЕК Босния ва Ҳерцеговинага ЕИ аъзолигига номзод мақомини беришни тавсия қилди

Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузкорлиги Европа иттифоқининг кенгайишига «янги геосиёсий туртки берди», деб маълум қилди Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррел.

Фото: Shutterstock

Европа комиссияси (ЕК) Европа иттифоқи кенгашига Босния ва Ҳерцеговинага (БвҲ) Европа иттифоқига номзод мақоми берилишини тавсия қилди. Бу қарор мамлакатда туб ислоҳотлар ўтказилишига умид билан боғлиқ, деди 12 октябр, чоршанба куни Европа иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили Жозеп Боррел. Унинг қўшимча қилишича, Россиянинг Украинага қарши ҳарбий тажовузкорлиги Европа иттифоқининг кенгайишига «янги геосиёсий туртки» берди. Ўз навбатида, Европа иттифоқининг қўшничилик ва кенгайиш сиёсати бўйича комиссари Оливер Вархейи Европа қитъасидаги «тинчлик, барқарорлик, хавфсизлик ва ижтимоий-иқтисодий фаровонликка қаратилган геостратегик сармоялар» ҳақида гапирди.

Европа иттифоқи кенгаши жорий йилнинг декабрь ойида Босния ва Ҳерцеговинага номзод мақомини бериш ёки бермаслик тўғрисида қарор қабул қилиши кутилмоқда.

Босния ва Ҳерцеговина 2016 йилда Европа иттифоқига аъзо бўлиш учун ариза топширган. Албания, Черногория, Шимолий Македония ва Сербиянинг Европа иттифоқига қўшилиш жараёнини баҳолаган Европа комиссияси ушбу мамлакатларни қонун устуворлиги, жиноятчиликка қарши кураш ва фуқаролик эркинликларининг турли жиҳатларида муваффақиятга эришишга чақирди. Туркиянинг қўшилиш истиқболларига назар ташлар экан, ЕК давлатнинг демократия, қонун устуворлиги ва асосий ҳуқуқлар каби соҳалардаги «салбий тенденцияларни» енгиб ўтиши кераклигини таъкидлади.

Июнь ойида Украина ва Молдова тезлаштирилган аъзолик учун ариза бериб, ЕИ аъзолигига номзод сифатида қабул қилинган эди. Грузия ҳам худди шундай ариза юборган, бироқ унга фақат «Европа истиқболи» мақоми берилган. Еврокомиссия Тбилисига Европа интеграцияси йўлида кейинги тараққиёт учун 12 мезондан иборат рўйхатни юборди.

Жозеп Боррел аввалроқ Грузия суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишда, шунингдек, қонун устуворлиги ва оммавий ахборот воситалари эркинлиги соҳасида кўпроқ ҳаракат қилиши кераклигини айтган эди. Унинг таъкидлашича, мамлакатда Европа иттифоқига қўшилиш бўйича миллий консенсусга эришилиши ва Грузиянинг бутун сиёсий спектри ЕИга интеграция жараёнига жалб этилиши керак. Боррел бу вазифаларни амалга ошириш учун асосий масъулиятни ҳукмрон «Грузия орзуси» партиясига юклади.

Бугунги кунга қадар Европа иттифоқига аъзоликка расмий номзодлар - Украина, Молдова, Албания, Шимолий Македония, Сербия, Черногория ва Туркиядир. Бу мамлакатларнинг ҳеч бири учун Европа иттифоқига кириш муддатлари аниқланмаган.

Мавзуга оид