Жамият | 19:00 / 19.10.2022
18888
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқароларини Японияга ишга жалб қилиш бўйича музокаралар ўтказилмоқда

Ўзбекистон ва Япония ўртасида меҳнат миграцияси соҳасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш, иш берувчилар билан музокаралар ўтказиш мақсадида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Ҳусанов бошчилигидаги делегация аъзолари ушбу давлатда бўлиб туришибди.

Фото: Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги

Қайд этиш жоиз, 2019 йилда президентимизнинг Японияга ташрифи доирасида Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Япониянинг Адлия, Соғлиқни сақлаш, Меҳнат ва фаровонлик, Ташқи ишлар вазирликлари ҳамда Япония миллий полиция агентлиги ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди.

Япония ҳукуматининг 2025 йилга қадар мамлакатга хориждан 350 мингдан ортиқ ишчи кучини жалб қилиш давлат дастури доирасида 2019 йилда 9 та мамлакат қаторида Ўзбекистон ҳам ҳамкорликка қўшилган.

Мазкур келишувга кўра, икки давлат “махсус малакали ишчилар” мақомига эга бўлган хорижий меҳнат ресурсларини ишга қабул қилиш тизимини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик қилади.

Делегация аъзолари дастлаб меҳнат миграцияси масалалари юзасидан Токио шаҳридаги “Shimizu corporation” компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Хусусан, Япониянинг “JITCO” компанияси, “Чет эллик техник стажёрлар малакасини ошириш ташкилоти” (OTIT) раҳбариятлари билан ўтказилган учрашувларда ўзбекистонлик техник стажёрларни кенг кўламда жалб қилиш ва Япониядаги меҳнат мигрантларимизни ҳуқуқий, ижтимоий ҳимояси масалалари муҳокама қилиниб, келгусидаги истиқболли режалар белгилаб олинди.

Япония Адлия вазири Садакадзу Танигаки билан бўлиб ўтган музокарада кунчиқар мамлакатида меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга кўмаклашиш масалалари муҳокама қилинди.

Япония иммиграция хизмати раҳбарияти билан Ўзбекистон фуқароларини ушбу мамлакатга хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини амалга ошириш бўйича музокаралар бўлиб ўтди.

Шунингдек, Осака шаҳрида Япониядаги 40 га яқин йирик иш берувчи компания ва корпорация раҳбарлари учун ташкил этилган “Ўзбекистон меҳнат салоҳияти” кўргазма ҳафталиги доирасида фуқароларимизни Японияга хавфсиз, тартибли ва қонуний меҳнат миграциясини амалга оширишини таъминлаш мақсадида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда Япониянинг “Lans corporation” ташкилоти ўртасида меморандум имзоланди.

Нагоя шаҳрида ташкил этилган “Ўзбекистоннинг меҳнат салоҳияти” мавзусидаги кўргазмада “Man to Man”, “Aichi education center”, “Link Asia cooperative” ва бошқа компаниялар билан меҳнат миграцияси ҳамда касбга ўқитиш бўйича шартномалар имзоланди.

Нагоя парламенти раиси Такаҳиро Ивамото ва “Нагоя-Ўзбекистон” дўстлик лигаси раиси Ёширо Ватанабелар билан учрашувда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг 2019 йилда Японияга расмий ташрифи доирасида эришилган келишувлар ижроси ва меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Вазирлик делегацияси ўтказилган меҳнат кўргазмаси доирасида Нагоя шаҳрининг йирик иш берувчиси “Noritsuisu Co.Ltd” ва бошқа бир қатор корхоналар вакиллари B2G форматидаги учрашувларда қатнашишди. “Aichi” халқаро таълим маркази билан ўзбекистонлик фуқароларни япон тилига ўқитиш борасида ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари ҳақида сўз юритилди.

Айти префектураси губернатори Ҳидеаки Оомура ва Нагоя шаҳри мери Такаши Кавамуралар билан бўлиб ўтган учрашувда ўзбекистонлик техник стажёрларни тайёрлаш, уларни Нагоядаги саноат ва хизмат кўрсатиш соҳалари ҳамда қурилиш корхоналарига вақтинчалик ишга жалб этиш масалалари муҳокама қилинди.

Ташриф доирасида Япониядаги ватандошларимизга консультатив, юридик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш учун Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ҳамда “Нагоя-Ўзбекистон” дўстлик жамияти ҳамкорлигида меҳнат мигрантларини қўллаб-қувватлаш маркази ишга туширилди.

Бугун навбатдаги йирик иш берувчи компания билан музокаралар ўтказилиб, Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги ва “Shimizu” корпорацияси ўртасида Ўзбекистон фуқароларини компаниянинг қурилиш объектларига ишга жалб қилиш борасида келишув имзоланди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири Н. Ҳусанов бошчилигидаги делегация аъзоларининг ушбу давлатга ташрифи давом этмоқда.

Мавзуга оид