Жаҳон | 20:29 / 19.10.2022
39305
12 дақиқада ўқилади

Херсон бўйича «нооддий қарорлар». Янги қўмондон Суровикин нимани назарда тутди?

Фронтдаги вазият қалтис. Херсон билан нима бўлиши — ноаниқ. Оддий бўлмаган қарорларга қўл урилиши мумкин.

Фото: EPA

Октябр ойи бошида Россиянинг Украинадаги бирлашган қўшинлари қўмондонлигига тайинланган армия генерали Сергей Суровикиннинг Херсон бўйича «нооддий қарорлар» қабул қилиниши истисно этилмаслиги борасидаги баёнотини айримлар Херсондан ва Днепр дарёсининг ўнг соҳилидан буткул чекинишга тайёрланиш сифатида баҳолаётган бўлса, бошқалар ўнг соҳилда эгалланган ҳудудларда охиригача ҳимояланиш бўйича қатъият кўрсатилиши деб талқин қилмоқда.

Сешанба куни кечқурун Суровикин Россия қўшинларининг Херсондаги ҳаракатлари ҳарбий-тактик вазиятга боғлиқ бўлиши ва «бугунги кунда у ерда вазият анча қийинлашгани» ҳақида гапирди. Унинг чиқиши «Россия 24» телеканали орқали эфирга узатилди. Бу ушбу генералнинг 8 октябр куни Россия қўшинларининг Украинадаги гуруҳи қўмондони этиб тайинланганидан буён берган илк баёноти бўлди.

Суровикин Херсон аҳолиси учун жуда қийин вазият юзага келгани - Антонов кўприги ва Кахова ГЭС тўғони HIMARS реактив снарядлари томонидан шикастлангани, улар бўйлаб ҳаракатланиш тўхтатилгани, озиқ-овқат етказиб бериш мураккаблашгани, ичимлик суви ва электр таъминоти билан боғлиқ муаммолар мавжудлигини айтиб ўтган.

«Ҳар қандай ҳолатда ҳам биз тинч аҳоли ва ҳарбий хизматчиларимиз ҳаётини максимал даражада сақлаб қолиш заруратидан келиб чиқамиз. Биз онгли равишда, ўз вақтида, оддий бўлмаган қарорлар қабул қилинишини истисно этмаган ҳолда ҳаракат қиламиз», деган генерал.

Тахминан шу вақтда Херсон областининг Россия томонидан тайинланган маъмурияти раҳбари Владимир Сальдо Днепр дарёсининг ўнг соҳилидаги тўрт район аҳолиси эвакуацияси ҳақида эълон қилди. Унинг сўзларига кўра, бу қарор Украина қуролли кучларининг кенг кўламли ҳужуми кутилаётгани, Кахова ГЭС тўғони вайрон бўлиши ҳамда областнинг улкан ҳудудларини сув босиш хавфи юзага келгани билан боғлиқ.

Сальдо чоршанба куни Херсон областининг 60 минг аҳолиси Днепр дарёсининг чап соҳилига кўчирилиши режалаштирилаётгани, бунга олти кун вақт кетишини айтди.

Октябр ойи бошида Украина ҳарбий бўлинмалари Днепрнинг ўнг соҳилида россияликлар мудофаасини ёриб ўтиб, Берислав ва Кахова ГЭС йўналишларида илгарилай бошлади. Натижада Херсондаги Россия қўшинлари қуршовга тушиш хавфи реаллашди.

Херсон - икки томон учун ҳам муаммо

Россия армияси Украинага босқиннинг илк кунларидаёқ ортиқча қаршиликсиз эгаллаган Херсон ҳудудида Россиянинг улкан гуруҳи жойлаштирилган - очиқ манбаларга кўра, 15-20 минг ҳарбий хизматчидан иборат қўшин.

Айни вақтда Россиянинг ўнг соҳилдаги мудофаа чизиғи улкан ёй шаклини олган - Қора денгиздаги Днепр кўрфазининг Херсондан ғарбдаги қисмидан шимолда Днепр дарёси бўйидаги Миловое қишлоғигача.

Ясси текисликлар ва деярли дарахтсиз майдонларда мудофааланиш ҳам, ҳужумга ўтиш ҳам қийин, аммо агар ҳужумдаги хато фақат йўқотишларга олиб келса, ҳимояланишдаги хато фалокат деганидир.

Россия Херсонни йўқотишни истамайди - бу уруш бошидан буён эгаллашга муваффақ бўлинган ягона област марказидир. Аммо агар Украина қуролли кучлари Бериславга ёриб кирса ва Херсон гуруҳини блоклаб қўйса, катта эҳтимол билан, бу гуруҳ тақдири аянчли бўлади - гуруҳ таъминотсиз узоқ бардош бера олмайди. Генерал Суровикин эса ҳозирнинг ўзидаёқ таъминот осон кечмаётганини тан олмоқда.

Бошқа томондан, Украина армияси ҳам Херсонни қамал қилиш ва уни штурм билан эгаллаш учун куйиб пишмаяпти - бундай йирик шаҳарда кўча жанглари жуда кўп қон тўкилишига олиб келади.

«Озодлик радиоси» хабар беришича, Россия қўшини Херсон областида Ингулец дарёси (Днепр ирмоғи) орқали иккита понтон кечув ўрнатган. 11 октябр куни Planet Labs сунъий йўлдоши орқали олинган суратларга кўра, улардан бири Дарьевский кўприги ёнида, иккинчиси эса Украина армияси аввалроқ яксон қилган эски кечув жойидан 100 метр масофада жойлашган.

Антонов кўпригида 20 июл кунги зарбалар оқибатлари. Фото: SERGEI BOBYLEV/TASS

Қанчалик ғалати кўринмасин, Украина қуролли кучлари бу вақтинчалик кечув йўлларини бомбардимон қилмаяпти, ҳолбуки Ингулец орқали ўтган стационар (муқим) кўприкни август ойидаёқ осонлик билан сафдан чиқаришганди. Бу орқали улар сигнал бераётган бўлиши ҳам мумкин: хоҳласангиз кетинг, биз қарши эмасмиз.

Жавобгарликка тортиш истаги

Россия армияси Украинада кетма-кет муваффақиятсизликларга учрамоқда. Харкив атрофида ва Лимандаги қақшатқич мағлубиятлар ортидан жанубий фронтда ҳам муваффақиятсизликка учралиши туфайли Украина билан уруш тарафдорлари сафида тушкун кайфият ҳукм сурмоқда.

Урушнинг биринчи босқичида яксон этилган колонналар, Киев, Черниҳив ва Суми областларидан чекиниш, Қора денгиз флоти флагмани бўлган «Москва» крейсери ва бошқа ҳарбий кемалар чўктирилиши, Илонли орол (Змеийний) ташлаб чиқилиши - буларнинг ҳеч бири унутилмаган. Энди эса - Қрим кўприги портлатилди, Украина қуролли кучлари фронтнинг турли участкаларида ҳужум қилмоқда ва олдинга силжимоқда, ҳатто Россия ҳудудидаги инфратузилма объектлари ҳам ўққа тутилмоқда.

Октябр ойининг илк ҳафтасидаёқ Украина қуролли кучлари Херсон областида 29 та аҳоли яшаш манзилларини озод этди

Россияда эълон қилинган сафарбарлик уруш партияси тарафдорларида маълум умидлар уйғотган бўлса-да, ҳукумат рейтингини кўтармади - фронтда ҳамон ютуқлар йўқ, одамлар ҳалок бўлиши давом этмоқда, норозилик кучайиб бормоқда. Америкадаги Урушларни тадқиқ этиш институти (ISW)таҳлилчиларининг сўнгги ҳисоботида «қисман сафарбарлик»нинг нотекис табиати Россия жамиятида бўлинишга олиб келиши мумкинлиги таъкидланади.

Вазият шу даражага бориб етдики, ўз ихтиёридаги қўшинларга эга бўлган одамлар - Чеченистон раҳбари Рамзан Қодиров ва «Вагнер» хусусий ҳарбий компанияси раҳбари Евгений Пригожин очиқчасига россиялик ҳарбий бошлиқлар лаёқатига шубҳа билдира бошлади. Уларнинг ортидан кремлпараст бўлган блогерлар, ҳарбий корреспондентлар ва федерал телеканаллардаги пропагандачилар ҳам ҳарбий раҳбариятни танқид қилишга киришди.

8 октябр куни Украинадаги бирлашган қўшинлар гуруҳи қўмондони этиб тайинланган армия генерали Суровикин эса ҳукумат босқин бошидан буён телеэфирда намойиш этишга қарор қилган илк ҳарбий бошлиқ бўлди. Нега?

«Ватанпарвар» блогерлар нима демоқда?

Суровикин телеэкранда жуда яхши кайфиятда кўринмади - у камерадан бошқа томонга қараб туриб гапирди, катта эҳтимол билан олдиндан тайёрланган матнни ҳеч қандай қўшимча қилмасдан ўқиб берди (буни унинг кўз ҳаракатидангина эмас, ўқиш оҳангидан ҳам пайқаш қийин эмасди).

Аммо бу муҳим эмас - ахир у матбуот котиби эмас, балки жанговар генерал. Муҳими у айтган сўзлардир.

Унинг баёнотининг қисқача мазмуни шундай:

Умуман олганда, махсус амалиёт ҳудудидаги вазият кескин. Бизнинг душман — жиноий режим, биз украинлар билан бир халқмиз ва битта нарсани истаймиз: Украина Ғарбдан озод, Россия билан дўстона давлат бўлсин. Украина қуролли кучлари барча захираларини олдинги чизиққа келтирмоқда, шу жумладан тайёр бўлмаган ҳудудий мудофаа кучларини ҳам — улар амалда ҳалокатга маҳкум. Националистлардан тузилган заградотрядлар қочишга уринганларнинг барчасини отиб ташламоқда. Украина қуролли кучларида кунига ўртача 600-1000 минг киши ҳалок бўлмоқда ва яраланмоқда. Биз тез суръатларда ҳаракатланишга интилмаймиз, чунки ҳар бир аскарни эҳтиёт қиламиз ва бу тинч аҳоли орасидаги қурбонлар сонини ҳам қисқартиради. Херсон йўналишида — вазият мураккаб. Шаҳарнинг ўзида таъминот билан боғлиқ муаммолар мавжуд. НАТО Украинадан ҳеч қандай қурбонларни ўйламасдан, ҳужум амалиётлари ўтказишни талаб этмоқда. Киев урушнинг тақиқланган методларидан фойдаланиши мумкинлиги ҳақида далиллар мавжуд. Бизнинг вазифамиз — ҳаётни сақлаб қолишдир, шунинг учун аҳолини олиб чиқишни амалга оширамиз. Херсон бўйича кейинги режалар вазиятга боғлиқ бўлади. Нооддий қарорлар қабул қилиниши мумкинлигини истисно этмайман.

Аввалига ҳеч қандай янги гап йўқдек туюлади: «душман - бу Украина фуқароларини ўлимга юбораётган жиноий режим», «украин ҳукумати жанг майдонини тарк этмоқчи бўлганларнинг ҳар бирини отиб ташловчи миллатчилардан тузилган махсус отрядлардан фойдаланади», «биз юқори суръатларда ҳаракатланишга интилмаяпмиз, ҳар бир аскарни эҳтиёт қиляпмиз».

Эҳтимол, агар Суровикин Херсон атрофидаги Россия армияси тушиб қолган оғир ҳолат ҳақида очиқ гапирмаганида, унинг чиқиши алоҳида таассурот қолдирмаган бўларди. Аммо у айтди - ва бу Украинадаги урушни мадҳ этувчи кўпчиликни маъюс ҳолга солди. «Бари йўқ бўлди, уруш бой берилди», дея ёзишди улар.

Аммо айрим кремлпараст блогерларнинг Суровикиннинг чиқишига илк реакцияси ижобий бўлди. Улар барчаси рўйирост айтилганини юқори баҳолашди.

«Вазият оғир ва илк марта бу ҳақда [мудофаа вазирлиги вакили] Игорь Конашенков ёки Бош штабнинг қандайдир умумлашма қиёфаси эмас, амалиёт раҳбарининг ўзи очиқчасига гапирмоқда. Тўғрисўзлик ва масъулиятлилик ҳамиша яхши», дея ёзади ВГТРК репортёри Александр Сладков.

«Херсон билан нима бўлади? Вазият кўрсатади. Ҳудудни қайтариш имкони ҳамиша бўлади, ҳалок бўлган аскарни эса - ҳеч қачон», дея таъсирли сўзларни қўллайди Сладков.

«Суровикин, эҳтимол, янги тарихимизда ёмон янгилик айтиб амалда халқ қаҳрамонига айланган илк генераллардан. Замонавий жамиятнинг ҳақиқатга бўлган талаби аслида қанчалик тотал эканига баҳо беринг», дейди WarGonzo телеграм канали муаллифи тушкунликка тушмаган ҳолда. 

Бошқалар эса генералнинг сўзларини чекиниш ҳақидаги сигнал эмас, балки қандайдир жиддий нарсага тайёрланиш сифатида қабул қилишган.

«Мен шахсан Суровикиннинг ҳарбий-тактик вазият бўйича оддий бўлмаган қарорлар қабул қилиш истисно этилмаслиги тўғрисидаги ибораси ҳақида бутунлай бошқа нарсани ўйладим. Масалан, қандайдир жуда кучли нарсадан фойдаланиш ҳақида қийин қарор қабул қилишга тўғри келади. Хўш, айтишади-ку, яшасак - кўраверамиз», - дея ёзади Zаписки Vетерана телеграм-канали муаллифи.

Миллиондан ортиқ обуначига эга бўлган ва ҳарбий соҳага ихтисослашган «Рыбарь» телеграм-каналининг ҳисоблашича, «аҳоли билан ниҳоят катталарча гаплашилди». «Аллақачон Херсон йўналишидаги бирга беш нисбати Россия қўшинлари фойдасига ҳал бўлмаслиги ҳақида тушунча мавжуд. Турли сценарийлар - жумладан энг ёмонлари ҳам режалаштирилган», - дея ёзади у.

Украиналик ҳарбийлар ва сиёсатчилар ҳозирча генерал Суровикиннинг чиқишига муносабат билдирмади.

Мавзуга оид