Жамият | 20:10 / 21.10.2022
15533
3 дақиқада ўқилади

Париж кўргазмаси учун артефактлар реставрация қилинди. Улар орасида Катта Лангар Қуръони ҳам бор

Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида Ўзбекистон тарихига оид кўплаб артефактлар реставрация қилинди. Улар 23 ноябрь куни очиладиган Ўзбекистоннинг бой меросига бағишланган Париж кўргазмасида намойиш этилади. 

Сўнгги уч йил ичида кўргазмага пухта тайёргарлик ишлари олиб борилди. Бир қанча ўзбек-француз қўшма экспедициялари бўлиб ўтди, улар давомида кўплаб археологик тадқиқотлар олиб борилди. Бундан ташқари, Париждаги Лувр музейи реставраторлари ва мамлакатимиз мутахассислари бир неча босқичда кенг кўламли реставрация ишларини бажарди. 

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Реставрация қилинган буюмлар орасида Кофир-қалъа қадимги шаҳар қолдиқларидан (Самарқанд) топилган, куйиб кўмирга айланган ва VI-VII асрларга мансуб ёғоч лавҳ ажралиб туради. Унинг олд қисмлари тозаланди ва реставрация қилинди, лавҳнинг ўзи еттита қисмлари билан бирлаштирилди. 

Жамғарма реставрация ишлари учун Лувр музейи мутахассиси Дельфин Лефеврни жалб қилди. У Яҳё Ғуломов номидаги Самарқанд археология институтининг етакчи илмий ходими Марина Реутова билан бирга ишлади. 

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Кофир-қалъадан топилган, ўймакор нақшлар билан безалган, куйиб кўмирга айланган лавҳни консервация қилиш Сўғд тасвирий санъатининг сюжетларини ўрганиш, VII аср ва VIII аср бошидаги Самарқанд ҳукмдорлари қароргоҳида тахт ўрнатилган хонанинг архитектура безакларини график реконструкция қилиш имконини берди. 

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Шунингдек, лойдан ясалган «Гулчамбар таққан Будда» ҳайкалига ҳам (милоддан аввалги I аср – милодий I аср) реставрация ишлови берилди, экспонатнинг уст қисми тозаланди ва зарарланган қисмлари мастика билан қопланди.

Бундан ташқари, Ислом оламининг ноёб объекти ва энг муҳим қўлёзмаларидан бири бўлган XIII асрга мансуб Катта Лангар Қуръонининг 13 саҳифаси реставрация қилинди. Ушбу Қуръон узоқ вақт Қашқадарё вилояти, Қамаши туманидаги Лангар-ота масжидида сақланган ва энг қадимий қўлёзма нусхаларидан бири ҳисобланади.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Жамғарма таклифига биноан қўлёзмани реставрация қилиш ишлари Лувр музейи реставраторлари Аксель Делау ва Аурелия Стрери томонидан амалга оширилди. Маҳаллий мутахассислардан Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг бошлиғи Камолиддин Маҳкамов, Навоий номидаги Миллий кутубхона ахборот ва кутубхона ресурсларини реставрация қилиш бўлими бош мутахассиси Шуҳрат Пўлатов, Ўзбекистон мусулмонлари идораси кутубхонасининг етакчи мутахассиси Саидаҳмад Икромов реставрация ишларида иштирок этди.

Фото: Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси

Экспонатларни реставрация қилиш жараёни бошидан охиригача Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси кўмагида амалга оширилди.

Реставрация жараёнида маҳаллий мутахассисларнинг ушбу соҳадаги етакчи хорижий мутахассислар билан ўзаро ҳамкорлиги ва тажриба алмашиши учун шароит яратилди.

Мавзуга оид