Жаҳон | 18:11 / 22.10.2022
23224
17 дақиқада ўқилади

Honda тарихи: Велосипед таъмирловчи уста жаҳонга машҳур компанияга қандай асос солганди?

Бугун дунёда автомобил ва мотоцикл ишлаб чиқарувчи компаниялар жуда кўп. Улар орасида Япониянинг Honda компанияси алоҳида ажралиб туради. Компания анча йиллардан буён дунёда мотоцикллар ишлаб чиқариш бўйича биринчи ўринда, автомобиллар ва турли ўлчамдаги двигателлар ишлаб чиқариш бўйича эса юқори ўринларни эгаллаб келмоқда. Honda’ни иккинчи жаҳон урушидан кейин оддий уста ташкил этган эди.

Ўтган асрнинг 70-80-йилларида «япон маҳсулоти» дейилганда сифат жиҳатдан мукаммал бўлган турли буюмлар ва техникалар тушуниларди. Ўша пайтларда бошқа соҳалар каби Япониянинг турли компаниялари юқори технологиялардан фойдаланган ҳолда замонавий мотоцикллар ва автомобиллар ишлаб чиқарарди. Улар орасида Honda Motor Co., Ltd компанияси ҳам бор эди.

Honda илк ташкил этилганда асосан мотоцикллар ишлаб чиқарган. Унинг мотоцикллари компания номини дунёга машҳур қилгач, Honda автомобиллар ишлаб чиқара бошлайди.

Компания ишлаб чиқарган мотоцикллар ва автомобилларига дунё бўйлаб қизиқиш кучли эди ва улар муваффақият билан сотиларди. Жумладан, 1960-йиллар бошига келиб Honda жаҳондаги энг кўп мотоцикл ишлаб чиқарувчи компанияга айланади. Компания ҳанузгача бу мавеини сақлаб келмоқда.

Компанияга 1948 йилда Соитиро Ҳонда ва Такэо Фудзисава асос солган ва у ҳанузгача дунё автосаноатида ўз ўрнига эга бўлиб келмоқда. Бугун дунёнинг 20га яқин давлатларида Honda заводлари бор ва улардан 200 мингдан ошиқ одам ишламоқда.

Фото: globallookpress.com

Соитиро Ҳонда

Соитиро Ҳонда 1906 йилда Хонсю оролида жойлашган Хаммацу шаҳарчасида, камбағал темирчи оиласида туғилади. Соитиронинг ёшлиги айнан автомобилсозлик энди ривожланаётган даврларга тўғри келгани учун у автомеханикага жуда қизиқади.

Ҳонда 15 ёшида уйдан чиқиб кетади ва Токиога бориб, у ердаги устахоналардан бирида автомеханик ёрдамчиси бўлиб ишлай бошлайди. 1923 йилда Токиода кучли зилзила содир бўлади. Шундан сўнг кўплаб усталар вайрон бўлган уйларини тиклаш учун банд бўлишади.

Ана шунда Ҳонда илк марта ўзи мустақил ҳолда машина таъмирлаш имкониятига эга бўлади ва бу синовдан муваффақиятли ўтади. 1928 йилда Ҳонда илк патентини қўлга киритади.

Ўшангача машиналарнинг ғилдираги ёғочдан ясалган бўлса, Ҳонда илк марта метал симлардан фойдаланади ва буни патентлаштириб қўяди (Ҳонда фаолияти давомида 150 та патент олган).

1928 йилда Ҳонда ўзи туғилган шаҳарчага қайтиб келади. У ерда Токиода ишлаган устахонасининг филиалини очади ва бир неча йил автомобилларни таъмирлаш билан шуғулланади.

Фото: zap.com.br

1937 йилда Ҳонда Tōkai Seiki корхонасини ташкил этади ва автомобиллар учун эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқара бошлайди. Аммо муваффақиятсизликка учрайди.

Ҳонда Toyota компанияси билан шартнома имзолайди ва эҳтиёт қисмлар етказиб беради. Аммо Toyota эҳтиёт қисмларни сифатсиз деб қайтариб юборади. Шундан сўнг у Toyota компанияси заводларига бориб у ердаги талабларни ўрганади ва маҳсулотлари сифатини талаб даражасида ишлаб чиқара бошлайди.

Орада Иккинчи жаҳон уруши бошланади ва Япония иқтисодиёти фақат ҳарбий соҳа учун ишлай бошлайди. Ўша пайтда унинг корхонаси ҳам Япония савдо ва саноат вазирлиги таркибига ўтиб кетади.

1944 йилда АҚШ ҳарбий самолётлари томонидан ташланган бомба Tōkai Seiki биносига тушади ва корхона вайрон бўлади. 1945 йил 13 январда содир бўлган зилзила унинг яна бир корхонасини яроқсиз ҳолга келтиради. Шундан сўнг унинг қўлида Тойота компаниясининг озроқ акцияларидан бошқа ҳеч нарса қолмайди.

Урушдан сўнг Ҳонда устахона очиб у ерда асосан велосипедларни таъмирлайди. Кунлардан бир кун Ҳонда уруш пайтида кичик электростанцияларда фойдаланилган ва ташлаб юборилган кичик двигателни ўзининг велосипедига ўрнатади. Натижада, велосипед мопедга айланади.

Фото: pikabu.ru

Шундан сўнг унга одамлар мотор ўрнатиб беришни сўраб ўз велосипедларини олиб кела бошлашади. Ўша пайтда ташлаб юборилган двигателлар кўп эди. Ҳонда ишларга улгурмай қолади ва ёрдамга турмуш ўртоғини ҳам жалб қилади.

Кейинчалик корхонасини кенгайтириб, ўн нафардан ошиқ усталарни ишга ҳам олади. 1946 йилда Ҳонда ўзида бўлган Тойота компанияси акцияларини сотади ва Ҳонда техник тадқиқот институтини (Honda Technical Research Institute) ташкил этади. Бундан мақсад автомеханика соҳасида етук мутахассисларни тайёрлаш эди.

Орада эски двигателлар тугайди ва Ҳонданинг ўзи кичик двигателлар ишлаб чиқара бошлайди. Ана шу пайтда Ҳондада моторли велосипедлардан кўра мотоцикл ишлаб чиқарувчи корхона ташкил этиш режаси пайдо бўлади. Аммо унда бунга етарли маблағ йўқ эди. Шунда у ўз лойиҳасини молиялаштириш учун Такэо Фудзисавага таклиф билан чиқади.

Honda компаниясининг ташкил этилиши

1948 йилда Соитиро Ҳонда Honda Motor Corporation компаниясини ташкил этади ва 1949 йилдан мотоцикллар ишлаб чиқара бошлайди. Ўша пайтда дунёнинг аксарият ривожланаётган давлатларида одамларнинг машина сотиб олишга қурби етмасди. Тўрт ғилдиракли уловни фақат ўзига тўқлар харид қила оларди.

Ана шундай шароитда нафақат Японияда, балки дунёнинг кўплаб давлатларида мотоциклларга талаб жуда катта эди. Буни яхши англаган Ҳонда айнан мотоцикл корхонасини ташкил этиб тўғри йўл тутганди.

1950 йилда Ҳонда янги двигателларни ишлаб чиқара бошлайди ва улар ўрнатилган мотоцикллар дунё бўйлаб оммалашади.

Бозордаги талаб ошиши ортидан Ҳонда ўз фаолиятини кенгайтира бошлайди. Натижада, Honda Motor Corporation ташкил этилгандан 10 йил ўтиб, 1959 йилга келиб у дунёдаги энг кўп мотоцикл ишлаб чиқарувчи компанияга айланади.

Ҳонда мотоцикллари нафақат Осиё ва Европада, балки АҚШда ҳам кенг оммалашади. 1959 йилда American Honda Motor Company, Inc шуъба корхонаси ташкил этилади ва мотоцикллар АҚШнинг ўзида ҳам ишлаб чиқарила бошлайди.

1964 йилга келиб АҚШда сотилаётган ҳар иккита мотоциклнинг бири Ҳонда маҳсулоти эди.

Автомобил ишлаб чиқаришнинг бошланиши

1960-йилларга келиб дунёнинг аксарият давлатлари иккинчи жаҳон уруши пайтида инқирозга юз тутган иқтисодиётни қайта тиклаб, кескин ривожлана бошлайди. Шундан сўнг Ҳонда автомобил ишлаб чиқаришни режалаштиради.

1963 йилда компания ўзининг илк автомобилини ишлаб чиқаради. Бу Honda T360 пикапи эди. Ўша йили октябрда Honda S500 спорт автомобили ҳам сотувга чиқарилади. Ўша пайтда Honda автомобиллари фақат Япония ва АҚШда сотилар эди.

Фото: civicesgroup.com

1973 йилда Honda компанияси учун бир нечта муҳим ҳодиса содир бўлади. Компания Honda Civic автомобилини ишлаб чиқара бошлайди. Ўша пайтда бу автомобил жуда замонавий бўлиб, компания унинг савдосидан катта фойда олишни мўлжаллаётганди.

Аммо ўша йили Араб-Исроил можароси юз беради нефть қазиб олувчи араб давлатлари Ғарб давлатларига нефт экспорт қилишни тўхтатиб қўяди. Оқибатда жаҳон бозорида ёқилғи нархи бир неча баробарга ошади ва автомобиллар савдоси кескин тушиб кетади.

Бу ҳолат Honda компаниясининг режаларига акс таъсир қилади. Компания маҳсулотларига талаб камаяди. Ана шундай шароитда, 1973 йилда Соитиро Ҳонда компания президентлигидан кетади.

1974 йилдан вазият изга тушади ва компания Honda Civic автомобилини муваффақият билан сота бошлайди. 1975 йилга келиб бу турдаги автомобиллардан 1 миллион дона сотилган эди.

Фото: bringatrailer.com

1975 йилда компания нархи бироз қиммат бўлган Honda Accord автомобилини ишлаб чиқара бошлайди. Бу машина ҳам АҚШда жуда оммалашади.

Ундан кейин ҳам компания кўплаб турдаги машиналар ва мотоцикллар ишлаб чиқаради ва уларнинг аксарияти муваффақият билан сотилади.

1986 йилдан бошлаб Honda роботлар ишлаб чиқара бошлайди. Ўша йили компания автомобил ихлосмандларига Acura маркаси остида премиум-классдаги автомобилни тақдим этади. Шу тариқа, 1980-йиллар охирига келиб Honda дунёдаги йирик автомобил ишлаб чиқарувчи компаниялардан бирига айланади.

1990-1992 йиллар оралиғида Acura АҚШда энг кўп сотилган автомобиллар орасида биринчи ўринни, Honda компанияси эса умумий автомобиллар савдоси бўйича учинчи ўринни эгаллайди.

Фото: automotobike.ru

1993 йилдан бошлаб АҚШда компанияга тегишли ҳар икки моделнинг савдоси пасайиб кетади. Шундан сўнг Honda бошқа бозорларга ҳам кириб боради ва Ҳиндистон, Вьетнам, Туркия, Индонезия ва Бразилияда ўз заводларини очади. Унгача, 1992 йилда компания Хитойда қўшма корхона очиб, ўз мотоциклларини ишлаб чиқара бошлаганди.

2004 йилда АҚШда Honda Aero номи остида яна бир шуъба корхона ташкил этилади. Унда асосан самолётлар учун реактив двигателлар ишлаб чиқарилади.

2011 йилда Япония соҳиллари яқинида зилзила содир бўлади. Ундан пайдо бўлган тўлқин туфайли кунчиқар юртнинг шарқий соҳилларини сув босади. Оқибатда, Honda компаниясининг кўплаб заводларига ҳам зарар етади ва ишлаб чиқариш тўхтаб қолади. Ўшанда компания ярим миллиард доллар зарар кўради.

Компания ҳақида маълумотлар

Компания штаб-квартираси Токионинг Минатао туманида жойлашган.

Компания 2021/2022 молиявий йилида Honda жами 17 миллион дона мотоцикл ва квадроцикл ишлаб чиқарган. Ундан 14,6 миллион донаси Осиёда, қолгани бошқа қитъаларда сотилган.

Фото: stock.adobe.com

4,1 миллион дона Accord, City, Civic, Fit/Jazz каби русумлардаги енгил машиналар, Breeze, CR-V, Freed, Odyssey, Pilot, Acura RDX, Vezel/HR-V, XR-V каби кичик ўлчамли юк машиналар ва N-Box микроавтобуслари ишлаб чиқарган.

Улардан 2 миллион донаси Осиё мамлакатларида, 1,3 миллион донаси Шимолий Америкада, қолгани бошқа мамлакатларда сотилган.

Бугунги кунда Honda компаниясининг Осиё, Шимолий ва Жанубий Америкада кўплаб заводлари бор ва уларда 100 минг нафардан ходим ишламоқда.

Компаниянинг энг йирик заводлари қуйидаги давлатларда жойлашган:

  • Япония — 4та завод, 15 минг нафар ходим;
  • АҚШ — 7та завод (3 завод Огайода, 2та Шимолий Каролинада (авиация заводлари), биттадан Индиана ва Алабамада), 17 минг нафар ходим;
  • Канада — 1та завод, 4,2 минг нафар ходим;
  • Мексика — 2та завод, 6,3 нафар ходим;
  • Ҳиндистон — 4та завод, 10 минг нафар ходим;
  • Индонезия — 1та завод, 7,5 минг нафар ходим;
  • Малайзия — 1та завод, 2,6 минг нафар ходим;
  • Филиппин — 1та завод, 1,3 минг нафар ходим;
  • Таиланд — 3та завод, 7,5 минг нафар ходим;
  • Вьетнам — 2та завод, 4,5 минг нафар ходим;
  • Аргентина — 1та завод, 1,2 минг нафар ходим;
  • Бразилия — 2та завод, 10 минг нафар ходим.

Бундан ташқари, компаниянинг Хитойда учта, Канада ва Покистонда биттадан йирик қўшма корхонаси бор. 2022 йил маълумотларига кўра, Honda компанияси заводларида 210 мингдан ошиқ одам ишламоқда.

Компания акциялари дунёнинг барча фонд биржаларида савдога чиқарилса-да, улар асосан Токио ва Нью-Йорк фонд биржасида сотилади.

Компаниянинг энг йирик акционерлари:

  • The Master Trust Bank of Japan – 15,7 фоиз акция;
  • JPMorgan Chase – 6,3 фоиз акция;
  • Custody Bank of Japan – 6,3 фоиз акция;
  • BlackRock – 6,1 фоиз акция;
  • Sumitomo Mitsui Trust Holdings – 5,5 фоиз акция;
  • Mitsubishi UFJ Financial Group – 5,3 фоиз акция.

Компания нуфузли мотоцикл ва автомобил пойгаларининг доимий иштирокчиси ҳисобланади. Жумладан, Формула-1 пойгаларида Honda жамоаси ҳам мунтазам қатнашиб келади.

Фото: alamy.com

Honda компанияси ишлаб чиқарадиган автомобиллар жуда ишончли ҳисобланади. Жумладан, 2012 йилда Буюк Британия суғурта компаниялари Honda автомобилларини энг ишончли деб топган эди.

Компания шаънига танқидлар

Honda компанияси ўз автомобилларини Япониянинг Takata Corporation компаниясида ишлаб чиқарилган хавфсизлик ёстиқчалари билан жиҳозлайди.

2009 йилда Honda машинаси билан йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлади ва ҳайдовчи вафот этади. Ҳодисани текшириш жараёнида машинадаги хавфсизлик ёстиқчаси ўз-ўзидан ишлаб кетгани «авария»га сабаб бўлгани аниқланади.

Ўшанда хавфсизлик ёстиқчасида фойдаланилган нитрат аммония машиналар ЙТҲга учрамаса ҳам реакцияга киришиб, оқибати фожиа билан тугаганди.

Шундан сўнг компания Takata Corporation вакилларига хавфсизлик ёстиқчаси билан боғлиқ муаммони маълум қилади. Аммо ўшанда бу муаммога ҳеч ким жиддий эътибор бермайди.

2014 йилгача Honda автомобилларида хавфсизлик ёстиқчаси ўз-ўзидан ишлаб кетиши билан боғлиқ 100 та ҳодиса содир бўлади ва уларнинг 12 таси одамларнинг ҳалок бўлиши билан тугайди. Шундан сўнг компания жами 8,5 миллионта автомобилни қайтариб олади.

Ўша пайтда жаҳоннинг кўзга кўринган автомобилсозлик компаниялари BMW, Chrysler, Ford, Mazda, Nissan, Toyota, General Motors ва Ferrari компаниялари ҳам қисман Takata Corporation маҳсулотларидан фойдаланишарди.

Улар ўз машиналарига ўрнатган хавфсизлик ёстиқчаси ҳам носоз деб топилади. Шундан сўнг юқоридаги компаниялар Honda билан қўшиб ҳисоблаганда жами 60 миллион дона автомобилни қайтариб олишади.

Бу ишдан энг катта зарарни Honda компанияси кўради. Биринчидан компания Takata Corporation маҳсулотларидан бошқаларга қараганда кўпроқ фойдаланарди. Иккинчидан бу компаниянинг бир қисм акциясига Honda эгалик қиларди.

Носоз хавфсизлик ёстиқчалари туфайли келиб чиққан можаро ортидан Takata Corporation’нинг акциялари арзонлаб кетади ва бу ҳам Honda компаниясига салмоқли зарар келтиради.

Ҳонда умрининг охирида

Соитиро Ҳонда 1973 йилда гарчи Honda президенти лавозимидан кетган бўлса-да, 1983 йилгача компанияда маслаҳатчи бўлиб қолади.

Ўша йили Honda компаниясидан узил-кесил кетади ва Токио савдо палатаси ва Япония автомобил ишлаб чиқарувчилар ассоциацияси вице президенти этиб сайланади.

Бундан ташқари, у иккита нотижорат ташкилот – Honda Foundation ва Халқаро йўл ҳаракати хавфсизлиги ассоциациясини (International Association of Traffic and Safety Sciences) тузади.

1990 йилда Формула-1 пойгалари мавсуми тугагандан сўнг Соитиро Ҳонда Халқаро автоспорт федерацияси томонидан автомобил пойгаси спортини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун олтин медал билан тақдирланади.

Формула-1 пойгалари билан боғлиқ бундай медал билан тарихда Ferrari компанияси президенти Энцо Феррари ва Porsche компанияси эгаларидан бири кичик Фердинанд Порше тақдирланган.

Соитиро Ҳонда 1991 йилда 85 ёшида буйрак етишмовчилиги касалидан вафот этади.

Компания сўнгги йилларда

Автомобиллар ишлаб чиқариш

Honda компанияси 2021 йилда жами 4 миллион 456 минг дона автомобил ишлаб чиқариб, умумий рўйхатда олтинчи ўринни эгаллаган.

Toyota, Volkswagen, Group Hyunday/Kia, General Motors, Stellantis (Fiat Chrysler Automobiles (FCA) ва Франциянинг Groupe PSA компанияларини ўз таркибига олган халқаро корпорация) Honda компаниясидан юқорида, Nissan, Ford, Renault ва BMW пастда жойлашган.

2021 йилда компаниянинг иккита русуми дунёдаги энг оммабоп автомобиллари ўнталигига киради. Булар Honda CR-V (йил давомида 713 143 дона сотилган) ва Honda Civic (569 минг дона сотилган) русумлари эди.

Мотоцикл ишлаб чиқариш

2021 йилда Honda компанияси 17 миллион дона мотоцикл ва квадроцикллар ишлаб чиқарган. Ўтган йилда жаҳонда ишлаб чиқарилган ҳар олтита мотоциклнинг биттаси Honda конвейрларидан чиққан.

Сўнгги бир неча йилда компаниянинг жаҳон бозоридаги улуши пасайиб келмоқда. Мотоцикллар бозорида Honda компаниясига асосан Хитой компаниялари рақобат қилмоқда ва электроскутерлар ва мотоцикллар ишлаб чиқариш ҳисобига ўз ҳиссасини ошириб келмоқда.

2019 йилда Honda компаниясининг умумий бозордаги ҳиссаси 33,7 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда 29,9 фоиз, 2021 йилда эса 15 фоизни ташкил этган.

Фото: hasznaltauto.hu

Бундан ташқари, Honda ҳар йили ўртача турли қувватларда 15 миллион дона ички ёнув двигатели ишлаб чиқаради.

Компаниянинг йиллик умумий айланма маблағи 100 миллиард долларни, соф фойдаси эса 5 миллиард доллардан ошиқроқни ташкил этган. Таққослаш учун, жаҳонга машҳур спорт автомобиллари ишлаб чиқарувчи Феррари компаниясининг йиллик умумий айланма маблағи 3,5 миллиард долларни, соф фойдаси эса қарийб бир миллиард долларни ташкил этади.

1973 йилда Соитиро Ҳонда Honda президенти лавозимидан кетгандан сўнг компанияни бир неча нафар шахслар бошқарди. 2022 йил апрел ойидан бошлаб компания директорлар кенгаши раис лавозимини 1958 йилда туғилган Сэйжии Кюраиси (Seiji Kuraishi – компанияда 1982 йилдан буён ишлайди), 2021 йил июн ойидан бошлаб компания президенти лавозимини 1961 йилда туғилган Тошихиро Мибе (Toshihiro Mibe – компанияда 1987 йилдан буён ишлайди) эгаллаб турибди.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Мавзуга оид