«Шовотландия иши» бўйича суд ҳукми ўзгаришсиз қолди. Кафени ёқиб юборганлар умрбод қамоққа ҳукм қилинган
Тошкент шаҳри Чилонзор туманидаги «Шовотландия» кафесини ёқиб юбориб, беш кишининг ўлимига сабаб бўлган икки шахс умрбод озодликдан маҳрум этилганди. Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди апелляция инстанциясида ушбу ишни кўриб чиқди.
2021 йил 27 феврал куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани Гулистон кўчасида жойлашган «Шовотландия» миллий таомлари кафесида ёнғин содир бўлган эди. Оқибатда 645 миллион сўмга баҳоланган кафе биноси, унинг ичидаги 420 миллион сўмга баҳоланган ошхона жиҳозлари тўлиқ ёниб кетади.
Энг аянчлиси, кафеда яшаб ишлаган, воқеа пайти бино ичида ухлаб ётган икки эркак ва уч аёл ис газидан заҳарланиш, тананинг 100 фоизи 3-4 даражали термик куйиши оқибатида ҳалок бўлганди.
Тезкор тергов ҳаракатлари натижасида ёнғин қасддан содир этилгани аниқланган. Кафени қасддан ёқиб юборган шахс бино деворларига ўзи билан олиб келган идишдаги суюқликни сепгани, яна бир идишдаги суюқликни эса бино ичкарисига отгани, бинога ўт қўйгач аланга чиқишини кузатиб, ёнғин авжига чиққач, воқеа жойини тарк этгани аниқланган.
2021 йил 21 декабр 2 нафар шахс жиноят ишлари бўйича Олмазор туман суди томонидан мазкур жиноятни содир қилганликда айбли деб топилиб, умрбод озодликдан маҳрум қилинганди. Маҳкумларнинг апелляция шикоятига асосан жиноят иши жорий йилнинг 19 октябр куни Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилди.
Судланувчининг адвокати мижозининг ҳаракатлари Жиноят кодексининг 23-моддасига тортишини айтиб, қотиллик бўйича айбловни жиноят ишидан чиқариб ташлашни сўради.
«Суд терговининг тўлиқ эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтмоқчиман. Жумладан, ҳимоям остида бўлган шахс томонидан қийноқ билан боғлиқ ҳолатлар тўлиқ текширилмагани келгусида суд томонидан қабул қилинаётган қарорнинг объективлигига жиддий шубҳа уйғотади.
Биринчи инстанция судининг ҳукми ҳам тахминларга асосланган. Ҳимоям остида бўлган шахс ҳаракатларига эътибор қаратадиган бўлсак, у қилмиши ижтимоий хавфли оқибатларга олиб келишига кўзи етса-да, ўлим юз беришини истаганлиги ҳеч қандай далиллар билан тастиқланмаган. Оддий мисол, ҳимоямдаги шахс билан беш кишининг олдин таниш эмаслиги тўғри қасд йўқлигидан далолат беради.
Биринчи инстанция суди ва тергов органлари айнан эгри қасдга шу ҳолатни боғлаш учун аҳамият қаратадиган бўлсак, айб эълон қилишда қасддан одам ўлдириш мақсадида амалга оширилгани, кафеда ётиб юрганлигидан фойдаланиб амалга оширмоқчи бўлганини билдириб ўтишган. Агар жабрланувчи кафеда ётган пайтида ҳимоям остида бўлган шахс томонидан у ерда ёнғин содир этилганда эди, мен бу ҳукмга қўшилган бўлардим», дейди судланувчининг адвокати.
Судланувчилар ҳимоячиларининг фикрлари тинглангач, судя жабрланувчининг адвокатига навбат берди.
«Судланувчиларнинг адвокатлари томонидан ошхонада ётиб қолиш мумкинлиги қайси қонун нормаларида қайд этилган, ёки ҳокимнинг қарори борми, деб кўрсатиляпти. «Шовотландия» кафеси хусусий мулк, Фуқаро кодекси 164-моддасига кўра, мулк дахлсиздир. У ерда ким ётиб қолади, қачон ётиб қолади, қайси вақтда ётиб қолади, буни мулк тасарруфидаги фойдаланаётган шахс ўзи мустақил идора қилади, рухсат беради. Шунинг учун бу фикрлар ўринсиз деб биламан.
Келтириб ўтган асосларимга кўра, судланганларнинг ҳаракатлари биринчи инстанция суди томонидан қилмиш ва рўй берган ижтимоий оқибатлар ўртасида содир этиляпти. Оқибатда беш нафар шахс вафот этяпти. Менинг ҳимоямдаги шахснинг онаси ҳам вафот этган, унга мулкий зиён етган. Сабабий боғланиш бор. Судланувчи ҳимоямдаги шахсни танимайди. Нима учун ёқяпти?
Тўхта, ким у ердан фойдаланяпти? Тортишувга вафот этганларнинг алоқаси борми? Йўқ, албатта. Хавфли усулда бу жиноятни содир этганлиги дастлабки инстанция суди томонидан тўғри квалификация қилинган ва асосли жазо тайинланган деб ўйлайман.
Юқоридагиларга асосан, биринчи инстанция суди ҳукмини ўзгаришсиз қолдириб, судланганларни қўшимча тарзда мол-мулкларини хатлаш орқали, уларнинг мол-мулки ҳисобидан жабрланувчиларга етказилган моддий ва маънавий зарарларни ундиришни белгилаб беришингизни сўрайман», дейди жабрланувчининг ҳимоячиси.
Жабрланувчилардан бири ўттиз йилдан бери оилавий юритиб келган кафеда бирор марта ёнғин чиқмагани, судланувчилар қасд олиш мақсадида бу ишни қасддан қилганини таъкидлади.
«Қилмишига яраша жазосини олсин, шу жойда ўтиришсин, сизлардан шуни таъминлаб беришингизни сўрайман. Ёқиб юборганни умуман танимайман. Р. заказ қилган, Ф. бориб ёққан. Бўлди, бу ерда бошқа ҳеч нарса йўқ. Икки йилдан бери шуни айтиб келяпман.
Адвокатлар газ у ёқдан чиққан, бу ёқдан чиққан, дейишяпти, бўлмаган гап, ўттиз йилдан бери юритиб келамиз, ўн икки йилдан бери мен юритаман. Ўтган ўттиз йилдан бери олов тугул чўғ чиқмаган. Бешта одам ўлиб кетди шу қилган ишига. Буларнинг жойи шу ер [яъни панжара орти].
Чиқиб ўзига хулоса чиқармасдан яна кириб ўтирибди. Мен ўша куни ўн икки яримгача ўша ерда бўлганимни билган у. Жума куни эди. Намозни ҳам битта масжидда ўқиган бўлсак керак. У кузатиб юрган бўлган. Менинг қаерга боришимни, нима қилишимни билган. Бугун ўша ерга кириб ётади деб ўйлаган», деб жабрланувчи кўрсатмаларини билдирди.
Эътиборлиси, бир нечта жабрланувчи судда жамоат ҳимоячиси сифатида қатнашган депутат Расул Кушербаевни нохолисликда айблашди.
Расул Кушербаев эса ўзига қарши айтилган сўзларга нисбатан қуйидагича муносабат билдирди.
«Биринчидан, қаерда ён босганимни исботлаши керак. Чунки суд жараёни очиқ ва шаффоф бўлди. Агар саволларим нуқтайи назаридан келиб чиқсак, қонунбузилиши ҳолати бўлса-ю, қонун юзасидан текширувни сўраса, саволлар берса, кимгадир ён босиш бўлмайди. Бу ерда фақат қонунийликни таъминлашни сўраяпмиз, холос.
Эътиборлиси, жабрланаётган ёки айбланаётганларнинг ўрнида ҳар биримиз бўлиб қолишимиз мумкин. Шуни ҳисобга олиш керак. Аслида бизда прокурор назорати деган институт бор. Прокуратура қонунлар ижро этилишини назорат қилади. Шу хулосадан келиб чиқадиган бўлсак, прокуратура ҳар бир қонунбузилиши ҳолати юзасидан чора кўради. Биз уни кимгадир ён босади деймизми.
Токи у қонунийликни таъминлашга ҳаракат қилса, биз ҳам шунинг бир қисмини қўллашга ҳаракат қиляпмиз. Шу сабабли мен бу фикрларни мутлақо асоссиз деб ҳисоблайман. Бунақа фикрлар пайдо бўлаётгани иш моҳияти, қонунларни чуқур билмаган ҳолда муносабат билдириш деб ҳисоблайман», дейди жамоат ҳимоячиси Расул Кушербаев.
Давлат қораловчиси биринчи инстанцияси суди дастлабки терговда тўпланган барча далилларни текшириб чиқиб, тўғри баҳолагани, тўғри хулосага келганини билдирди.
Судланувчилардан бири сўнгги сўзида қасд олиш нияти бўлмаганини таъкидлади.
«Ўлганларни мен қаердан билишим мумкин? Қандай уларга қасд қилишим мумкин? Агар қасд қилган бўлсам, эллик метр, узоғи айланиб чиқадиган бўлса, икки юз метр уйи. Орқа эшикдан чиқса, уйи турибди. Уйини ёқиб юбормайдими. Чойхонани нима қилади. Ҳозир ақлим етмаяпти кимнинг йўлидан ўтиб қўйдим. Ҳўп, майли исботлашсин, фақат босимсиз. Виждонан нима иш қилдим? Қилган ишим учун жазойимни беринглар. Мен ўн икки йил турмада ўтириб чиққанман. Турмасидан қўрқмайман. Энг ёмон жойларда ўтириб келганман. Контролда бўлганман. Қилган ишим учун жазойимни беринглар. Агар бегуноҳ бўлсам, қўйворинглар. Бола-чақамнинг олдига бориб, ўз ишимни қилиб юраверай», дейди судланувчи.
Иккинчи судланувчи ҳар қандай жазога тайёрлигини маълум қилди.
«Чин кўнгилдан айтяпман, мен қасддан ҳеч кимни ўлдирмадим. Аллоҳ ҳукмидан охиратда қўрққаним учун қилган ишимни бўйнимга олиб, жазойимни беринглар, деяпман. Лекин ортиқчасини эмас. Агар ортиқчаси бўлса, у ҳам Аллоҳни хоҳишидан бўлади. Фақат сизлар сабабчи бўласизлар. Унда ҳам қазойи қадаримга ёзилгани бўлади. Шунинг учун ҳеч кимдан хафамасман. Фақат Аллоҳдан офият сўраяпман. Шунинг учун илтимос қиламан, адолатли ҳукм чиқаринглар», дейди судланувчи.
Мазкур жиноят иши юзасидан Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси очиқ суд мажлисида 9 соатдан ошиқ вақт давомида тарафларнинг музокараси тингланиб, судда танаффус эълон қилинди.
21 октябрда мазкур жиноят иши юзасидан суд ажрими эълон қилинди.
Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2021 йил 21 декабрдаги судланувчиларга оид ҳукми ҳамда жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судининг 2022 йил 25 феврал кунги ажрими ўзгаришсиз, апелляция шикоятлари ва хусусий шикоят қаноатлантирилмасдан қолдирилди.
Судланувчидан олиб қўйилган «Iphone 12 Pro Max» телефон аппарати ва бошқа буюмларни қайтариш юзасидан манфаатдор томонларга тергов органига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди.
Судя ажримдан норози тарафлар ЖПКнинг 497-36-моддаси тартибида Олий судга кассация тартибида шикоят бериш ёки протест билдиришга ҳақли эканини эслатди.
Мавзуга оид
15:50 / 25.11.2024
Жанубий Кореяда армиядан бўйин товлаш учун атай семирган фуқаро қамалди
17:11 / 14.06.2024
Самарқандда куёв қайнотаси ва қайнонасини ўлдирди
16:20 / 05.06.2024
19 ёшида 18 йиллик қамоқ – Қорақалпоғистонда босқинчилик ва қотиллик қилган йигитга ҳукм ўқилди
22:38 / 18.05.2024