Жамият | 17:59 / 25.10.2022
34000
6 дақиқада ўқилади

Уй олишдаги хатолар

Ўзбекистонда, умуман бутун дунёда ҳам жуда кўпчилик турар жой, оддий тилда айтганда уй сотиб олишни орзу қилиб яшайди. Дейдилар-ку, дунё аҳолисининг ярми уй олишни, ярми бор уйини кенгайтиришни ўйлайди. Аммо биламизки, бу борада фақат ниятнинг ўзи билан иш битмайди. Кўчмас мулк хариди учун сармоя билан бирга, маълум даражада қатъият ҳам зарур.

Айнан мана шу қатъият масаласида юртдошларимиз кўп хато қилиб қўйишади. Тўғрироғи, етти эмас, етмиш ўлчаб юбориб, яхши имкониятларни йўққа чиқаришади. Бугун ана шу хатолар ҳақида оддий тилда ҳикоя қиламиз.

“Шошмай турайлик-чи...”

Охирги ўн йилликларда жуда кўпчиликни чалғитган, мақсадни узоқлаштирган позиция. Мисол учун, кўп инсонлар бор, 20 минг доллар тўплаган, лекин энг арзон уй (дейлик) 25 минг доллар (эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда кўчмас мулк хариди асосан АҚШ долларида амалга оширилади). Қарз олишни истамайди, бунинг устига 25 минг долларлик уйни ёқтирмайди, ҳатто писанд қилмайди ва камида 30 мингдан ортиқ уйларга ҳавас қилади.

“Шошмай турайлик-чи” позициясига ўтилиши, қолган пулни тўплаш ният қилиниши билан ютқизиш бошланади. Тенденция шундайки, уй нархи ошаверади; 30 минг тўплангунча 25 минглик уйлар 35 минг долларга чиқиб кетади. Йиғилган пул қадрини анча йўқотади. Ҳам вақтдан, ҳам нархдан ютқазилади.

Маслаҳат шуки, уйнинг маъқул қисмини тўпладингизми, дадил қарз олинг. Ишонинг, ҳатто уй нархи тушиб кетсаям, зарар қилмайсиз. Чунки ўз уйида яшаган одамнинг топганига барака беради, қарздан ҳам тез қутуласиз.

Энг муҳими – имкониятингизга ярашасини олиб туриб, қолганига яна йиғинсангиз, ҳеч қачон ютқазмайсиз. Яъни бор пулингизга харид қилиб турсангиз, келажакда кенгайтириб олиш дастлабкисини олиш каби қийин кечмайди.

“Таъмирсиз бўлсаям, арзон бўлсин”

Миллатдошларимиз шу гапни айтишни жуда яхши кўришади. Негадир таъмирсиз уй жуда арзон бўлишига, ўзи таъмирлаши ҳисобига анча маблағ тежаб қолишига ишонишади. Яхши таъмирланган уйни кўрсатиб: “Мана шу уй таъмирига 5 минг доллар сарфланган, шунинг ҳисобига нархи 40 минг. Лекин сиз 2-3 минг ютаман деб таъмирсизини қидиряпсиз. Ундай уйни олганингиздан кейин 5 минг билан ҳам таъмирлай олмайсиз, камига 2-3 ой овора бўласиз. 2-3 ойлик ижара пулиям 500-600 доллар бўлиб қолади, бу томондан ҳам ютқазасиз” дейилса ҳам бефойда.

Бугунги кунда битта уйни тўлиқ таъмирлаш анчагина қимматга тушади. Камида 3-4 ва ундан ортиқ хонадонни узлуксиз таъмирлаш орқалигина таннархни камайтириш мумкин. Қолаверса, мунтазам шуғулланиб юрмаган одам бўлса, жуда кўп овора бўлади, ортиқча харажат қилади. Шунинг учун таъмирсиз уйни атайлаб қидиришни, ўзи таъмирлаб олиш орқали бу хариддан нимадир ютишни ўйлашни тавсия қилмаймиз. Жуда қийин режа бу.

“Шошилинч сотадиганлар бўлади-ку...”

Бўлмайди. Ишонинг, мўъжиза юз бериб, бозорда 30 минг доллар турадиган уйни ҳеч ким 20 мингга сотиб кетмайди. Ҳатто 29 мингга сотишни ҳам ўйлаб кўради. Тўқсонинчи йиллар ўтиб бўлди, уйини кўтарганига сотиб Россияга ёки бошқа давлатга кетадиганлар ҳам қолмади ҳисоб. Қолаверса, кўчмас мулкка пул тикишга тайёр турган пулдорлар ҳар маҳалла, ҳар кўчада бор энди. Ҳар қанча шошилинч сотадиган ҳам ҳеч қачон ярим нархи тугул чораккам арзонига бермайди. 3-5 фоизга арзонига сотган тақдирда ҳам ўша пулдорлар орасида талаш бўлиб кетади. Чунки жуда кўпчилик кўчмас мулк яхши инвестиция эканини аллақачон тушуниб етган.

Сиз қаердандир етиб келиб, уни кўриб, қариндош-уруғ билан маслаҳатни пишириб, пул қидириб кетгунингизча тайёр маблағ билан келиб шартта олиб қўядиган чиқади.

Қолаверса, ҳозир олди-сотдини расмийлаштириш ҳам жуда осон бўлиб қолган. Келишилса, бир соат ичида барчасини амалга ошириб, уй эгаси бўлиш мумкин.

“Биз бир маслаҳат қилайлик-чи, картошка олмаяпмиз-ку!”

Айрим харидорлар бор, уй ҳар жиҳатдан ёқиб турибди. Лекин албатта “шаҳар кўрган” бир танишини маслаҳатга чақиради. Аммо бизникиларда бир одат бор, маслаҳатга келгандан кейин ишнинг яхши томонга битишини эмас, айбини қидиради. “Ниятингизга етяпсиз экан, сизга ёққан бўлса, менга ҳам ёқди”, дея қолмайди. “Қимматроқ эмасми, шошманг-чи... Бу ерлар чеккароқ, яхшироқ жойдан чиқмадими... Менга фарқи йўқ, ўзингиз биласиз...” деб харидорнинг кўнглини хижил қилади.

Яна эр-хотин, қариндош-уруғлар тўпланиб маслаҳат қилаверишади, қилаверишади... Лекин уларнинг боши қовушгунча уйлар сотилиб кетаверади.

“Нархлар тушмасмикин, шунча уйлар қуриляпти-ку”

Кўпчиликнинг тасаввурида уйлар жуда кўп қуриляпти ва бу эртами-кечми нарх тушишига сабаб бўлади. Аслида уйлар қурилаётгани сабаби ҳам юқори талаб. Ўзбекистон – мустақиллик йилларида аҳолиси деярли икки баробар кўпайган давлат. Қолаверса, олдингидек бир ҳовлида 2-3 нафар ака-ука яшаш анъаналари йўқолиб бормоқда, ҳамма алоҳида бошпанага эга бўлишни истайди.

Қурилиш материаллари баҳоси ортяпти, инфляция кучаймоқда. Кўпчилик тан олишни истамаса-да, аҳолининг тобора кўпроқ қатламида даромадлар ошяпти. Тадбиркорлик, хориждан пул оқими кўпайяпти. Бундай пайтларда энг ишончли мулк турар жой эканини ҳамма билади.

Тўғри, ҳеч қандай маҳсулот нархи абадий ошиши мумкин эмас. Шу жумладан кўчмас мулк баҳоси ҳам тушиши мумкин. Лекин бу Ўзбекистон шароитида кўчмас мулкка талаб пасайгани билан эмас, умумиқтисодий пасайиш билан изоҳланиши мумкин. Яъни оддий тил билан айтадиган бўлсак – уй нархи тушганда уни сотиб олиш ҳам қийинлашади: “Туя бир танга, қани бир танга” ҳолати юз беради.

Бу уй олишни ортга суриб, имкониятни пасайтириб юбораётганларга тегишли. Маълум маблағингиз ва заруриятингиз борми, кўнглингизга ёқадиган уй чиқдими, кўп ўйланманг ва шартта олинг. Йиллар тажрибаси шуни кўрсатиб бўлган – темирни қизиғида босиш зарур!

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид