Ўзбекистон | 15:33 / 26.10.2022
13824
2 дақиқада ўқилади

Навоийда собиқ “замҳоким”, Бухорода шифохона ходимлари фирибгарлик учун қўлга олинди

Навоий, Бухоро ва Жиззах вилоятларида ишга киритиб қўйиш ва ишга жўнатиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари фош этилди.

Фото: Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти учта вилоятда ишга киритиб қўйиш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланганлиги юзасидан хабар берди.

Маълум қилинишича, департаментнинг Кармана туман бўлими томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, фуқаро З.Ш. фуқаро Ш.ни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига 20 млн сўмни олган вақтида ушланган. З.Ш.нинг кўрсатувига асосан давом этган тадбирда, жорий йилнинг июль ойига қадар Навоий шаҳар ҳокими ўринбосари лавозимида ишлаган Т.А. фуқаро Ш.га ўзини гўёки ҳоким ўринбосари деб таништириб, ўзида сақлаб қолган хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, уни Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимига ишга киритиб қўйиш эвазига 19,6 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.

Департаментнинг Бухоро вилоят бошқармаси томонидан ИИБ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда эса вилоят наркология диспансери ходими Ш.Р. ва вилоят перинатал маркази ходими М.И. фуқаро М.ни РШТТЁИМ Бухоро филиалига ҳамшира вазифасига ишга киритиб қўйиш эвазига 1 900 АҚШ долларини олган вақтида ушланган. Шунингдек, департаментнинг Жиззах шаҳар бўлими томонидан ДХХ ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро С.Қ. фуқаро А.ни танишлари орқали 1 350 АҚШ доллари эвазига Латвия давлатига ишга юбориш ҳамда фуқаро Ю.ни чет элга юборишда электрон навбатни тезлаштириб беришини айтиб, олдиндан 450 АҚШ долларини олган вақтида қўлга олинган.

Қайд этилишича, ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилган. 

Мавзуга оид