Ўзбекистон | 10:14 / 26.10.2022
23810
12 дақиқада ўқилади

“Сумка текширишнинг хавфсизликка алоқаси йўқ. Бу фақат театр” — фаоллар метрода ҳазиллашган қизга берилган жазодан норози

Тошкент метросида сумкасида бомба борлиги айтилган қизга 5 кун маъмурий қамоқ жазоси тайинлангани кўпчиликда эътирозларни пайдо қилди. Фаоллар бу ҳодиса тизимнинг муаммосини кўрсатгани, дунёнинг турли давлатларида метрога киришда текширув йўқлиги ҳақида ёзишмоқда.

Фото: ИИВ ахборот хизмати

22 октябрда Тошкент метросининг “Алишер Навоий” бекатида автоматик ўтказиш пунктида тўхтатилган қиз сумкасини кўрсатишни сўраган ички ишлар ходимига унда бомба борлигини айтгани, текширув пайтида эса ундан портловчи мослама топилмагани ҳақида хабар берилганди.

Суд 19 яшар қизнинг ўринсиз ҳазилини майда безорилик ва махсус хизматларни қасддан алдаб чақириш деб, унга 5 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинлаган. Kun.uz воқеага муносабат билдирган фаоллар фикрини жамлади.

“Метрога киришдаги миршаблар олиб ташланса ҳам ҳаёт давом этаверади”

Қобил Хидиров

Давлетовуз Telegram-канали муаллифи Қобил Хидиров Twitter’даги саҳифасида, 5 сутка жазо тайинланган қиз воқеаси тизимнинг муаммосини кўрсатиб бергани, бу хатони тўғрилаш пайти келганини ёзади.

– Дунёдаги энг самарасиз миршаблик вазифаси бизнинг метрога киришдаги миршаблардир. Энг қиммат, энг самарасиз хавфсизлик чораси, деб биламан.

Хавфсизлик муҳим, лекин самарасиз йўл билан эмас. Албатта, шунча одам бўш ўтириб, кечагидек ҳолатларда ўзларидан жиддий тизим ясаб олади.

Агар эртага метрога киришдаги барча миршабларни олиб ташлаб, бир йил кутсангиз ҳам ҳаёт давом этаверади, метрода хавфсизлик ёмон бўлиб қолмайди. Шунинг учун масала кўтарилганда, мавжуд тизимнинг хатолиги ҳақида гапириш ўринли деб ўйлайман. Яна қайсидир хато тизимни тузатиш учун яна бир хато чора йўлини танламаслик керак.

“Қўрқоқнинг кучи тувалоққа етибди бўлмаслиги керак”

Азиза Қурбонова

Журналист Азиза Қурбонова полиция ишласа, доим ҳар қандай вазиятда адолатли ишлаши кераклигини, хавфсизлик фақат бомба эмаслигини эслатиб ўтган.

– 7-синфдан 11-синфгача Чилонзор бекатидан то Буюк ипак йўлигача ҳар куни икки маҳал метрода қатнаганман. Кейин факултет ва ТВ ўртасида ҳам борди-келдим метро орқали бўлган.

Бу 2000-2008 йиллардаги гап; у пайтда метрода, вагонларда – ҳамма ерда ҳозиргидек рекламалар-у ялтир-юлтурлар эмас, “Огоҳ бўлинг, огоҳ бўлинг” деган хавотирли ёзувлар ёпиштирилган бўларди.

Ўзимиз ҳам метро қандайдир ўта муҳим объектлигини ҳис қилардик ва ҳар куни “папкангни оч, сумкангни кўрсат” деган гап-сўзни кутмай, тугунимизни очиб кўрсатардик.

Аллақайси йили, каттароқ синфда ўқиб юрганимда текшир-текширдан зерикиб кетибманми, ҳар куни юзи таниш бўлиб кетган милиционер амакига ҳазиллашибман: “Шу кичкина сумкамнинг нимасини кўрасизлар, бомба олиб юрармидим, турникет қилиб қўйса бўлмайдими?”

Милиционер амакининг қошлари чимирилиб, “қани бомба деганинг учун ҳам сумкани оч” деб, китобларимни варақлаганча яхшилаб текширишни бошлаган. Ҳатто кундалигимни очиб, кимлигим ва баҳоларимни кўрган ва кейин индамай ўтказиб юборган. Ўшанда роса қўрққанман ва кейинги сафар ортиқча гапирмай, индамай сумкани очиб кўрсатишда давом этганман.

Ҳатто ўша бутун мамлакатда “Огоҳ бўлинг!” шарпалари кезиб юрганда, тинчлик энг катта неъмат экани уқтирилган замонда ҳам мени ҳеч ким 5 суткага қамамаган эди…

Бу ерда эса 19 ёшли қиз кайфияти яхшилиги учун ҳазиллашган экан… 5 сутка қамоқ ва 1 БҲМ жарима беришибди.

Бунда тизимлилик муҳим. Доим шундай ҳазилтушунмас ва қатъиятли полиция бўлса, ҳамма билиб муомаласини қилади. Қўрқоқнинг кучи тувалоққа етибди тарзидамас. “Пахтакор” метросида ўғри бир қизнинг сумкасини юлиб олиб кетганда, ўша метро полициямизнинг иши ҳам бўлмаган. Хавфсизлик бомбами фақат? Жарима ва қатъий огоҳлантириш билан битадиган иш эди. 5 кун ортиқча.

Очиғи, нимадир дейишга ҳайронман. Албатта, хавфсизлик жиддий масала. Балки ҳазиллашувчилар кўпайиб кетмаслиги учун ибрат кўрсатмоқчи бўлишгандир. Ким билсин. Қандайдир шу ерда “жазо қонуний бўлиши мумкин, лекин адолатли бўлмаслиги мумкин” деган гапни хулоса қилгим келди.

“Сумка текширишнинг хавфсизликка алоқаси йўқ”

Фарҳод Файзуллаев

“Замбаракнинг ўқи” Telegram-канали муаллифи 2016 йилдан бери Канаданинг Калгари шаҳрида доимий истиқомат қилувчи Фарҳод Файзуллаев Европа ва АҚШда шундай ҳолат рўй бериши билан Ўзбекистон метросидаги текширув ҳолатини таққослайди.

– Юқоридаги мавзу ҳақидаги постга турли фикрлар, ўринли эътирозлар билдирилди. Шунинг учун бу мавзуга яна қайтишни лозим деб топдим.

Савол: Канада/АҚШ/Европа аэропортларида бомба бор десангиз қамашмайдими?

Жавоб: Қамаши мумкин. Лекин бунда биз контекстга, таҳдид қилинган ҳудуд/иншоотга эътибор қилишимиз керак. Контекст жуда муҳим.

2001 йил 11 сентябр воқеаларидан сўнг бутун дунёда аэропортлар кучли назоратда ва уларда ҳазилларга йўл қўйилмайди. Масалан, сув омборини, касалхонани, мактабни портлатиш билан таҳдид қилиш ҳам жуда салбий натижага олиб келади.

Таҳдид қилиниш воситаси ҳам муҳим. Телефон орқали таҳдидга жиддийроқ қаралади, чунки гўшак ортида ким турганини билмайсиз.

Шундай экан, таҳдиддаям таҳдид бор. Таҳдид қилинаётган жой, таҳдид воситаси жуда муҳим. Мантиқсиз текширув бўлаётган жойда ёш қиз томонидан ҳазил қилиниши билан, эркак киши аэропортга бориб, портлатиб юбораман дейиши орасида катта фарқ бор. Бу фарқни кўра билиш учун ғарб полицияси ўқийди, ўрганади, ўз устида ишлайди.

Савол: Хавфсизлик бўлмаса, ҳамма ёқ “бардак” бўлади-ку?

Жавоб: Яна контекстга боғлиқ. Аэропортларда хавфсизлик керак, лекин метрода эмас.

Қаранг-да, метро ичида одам кўпми, бозорда? Нега бозорлардаям унда сумка текширилмайди? Нега автобусларда текширилмайди?

Нега Ню-Йорк, Лондон, Париж, Алмати метроларида сумка текширилмасаям, ҳар куни портлаш бўлмайди? Чунки сумка текшириш мантиқсизлик. Замонавий йўллари борки (масалан, камералар), улар ёрдамида ҳам хавфсизликни таъминлаш мумкин. Сумкаларни текшириш қандай амалга оширилишини биламиз. Олиб ўтаман деган одам бемалол олиб ўтади. Сумка текширишнинг хавфсизликка алоқаси йўқ. Бу фақат театр.

Учинчидан, айтайлик, қиз нотўғри иш қилди. Нега у қамалди? Жамиятга қандай хавфи бор унинг? Нега унинг ҳаётини синдириш керак? Суд нимага асосланиб бундай қарор чиқарди. Кўрайлик қарорни?

Тўртинчидан, биз бутун умр қўрқувда яшаб катта бўлдик. Аввал КГБ, кейин СНБ, ҳозир бошқалари. Мана шу азалий қўрқув ортидан қуллик менталитети, “кимдир назорат қилиб туриши керак” деган тушунча пайдо бўлган. Шу жумладан менда ҳам.

Сумка текширилмасаям, ҳужжат кўрсатилмасаям, ҳаёт давом этаверади. Ҳамма ёқ портлаб кетмайди. Биз ўзимизга эркинлик талаб қилишимиз керак, устимиздан назоратни эмас. Зеро, Бенжамин Франклин айтганидек, “хавфсизлик эвазига эркинликларидан воз кечишга тайёр инсон эркинликка ҳам, хавфсизликка ҳам лойиқ эмас”.

“5 сутка кўп”

Дилроз Абраева 

Жамоатчилик фаолларидан яна бири журналист Дилроз Абраева ўз ҳаётида метродаги ички ишлар ходими билан бўлиб ўтган воқеани эслаб, тайинланган жазонинг оғирлиги, бу ўринда қиз билан профилактик суҳбат ўтказиб қўйиб юборилганда тўғри бўлишини таъкидлаган.

– 19-20 ёшлардамиз. Метрога тушдик 5-6 қиз. Формали киши сумкаларимизни текширди. Орамиздаги энг чиройли дугонамизнинг ҳамёндан сал катта сумкачасини узоқ титди. Бир нималар деб ҳазиллашдиям.

Сезилиб турибди мақсади шу чиройли қиз билан узоқроқ гаплашиш. Буни аниқ далиллаб исботлаш қийин. Лекин буни ҳаммамиз сезиб тургандик. Бу орада эҳеее қанчадан қанча катта сумка-пакет-қоп кўтарганлар ўтиб кетаверди.

Дугонамиз гап талашди ва ходим бирдан жиддийлашиб раҳбарини чақирди. Икки формали эркак бўйсунмаслик қамоқ жазосигача боришини айтиб қўрқитди. Ўша вақтда биз учун каттагина кўнгилсизлик бўлди.

Бу расмда ҳам сумка размери кўриниб турибди. Ўша вақтда хизмат вазифасини ўтаётган ходим ҳам, менимча, ҳазилнамо нимадир деган бўлиши мумкинки, қиз ҳадди сиғиб бомба бор деворган. Бу менинг тахминим.

5 сутка кўп. “Суҳбат ўтказилди, тушунтирилди, хатосини англади, узр сўради”, деган якун яхши эди, албатта.

Кутилмаганда қайта тикланган текширувлар

Шу йилнинг ёзида Тошкент метросига кириш жойларида ички ишлар ходимларининг назорат пунктлари қайта тиклангани жамоатчилик фаолларининг эътиборини тортганди. Июл-август ойларидан буён метрополитеннинг деярли барча бекатларига кириш жойларида ички ишлар ходимлари фуқароларнинг сумкаларини текшириб киргизмоқда.

2018 йил охирида метрода хавфсизлик ва ички ишлар ходимларининг фаолияти деярли тўлиқ бекор қилинганди. Ўшанда бу ҳақда расмий баёнот берган ИИВ матбуот хизмати йил сўнггига қадар барча метро бекатлари устки қисмида ички ишлар ходимлари хизмати тугатилиши, пастки қисмдаги назорат постлари аввалгидай ўз фаолиятини давом эттиришини маълум қилганди.

ИИВ кутилмаганда қайта тикланган ушбу амалиёт ҳақида олдиндан хабар бергани йўқ. Kun.uz мухбирининг саволига жавобан вазирнинг матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов жўяли изоҳ келтира олмаганди.

«Бу ерда ҳеч қандай ўзгариш йўқ. Ходимларнинг бу ерда туриш-турмаслиги бўйича ўзгарувчан графикка асосланади. Кейин бу ходимларнинг бу ерда бўлмай қолиши шахсий таркибнинг ротацияси, метрода хавфсизликни таъминлашнинг Тошкент шаҳар ИИББдан олиб ИИВ тизимига ўтказилгани кабилар билан боғлиқ бўлган.

Лекин ҳеч нарса ўзгармаган. Олдиндан қандай режалаштирилган бўлса, пастда ҳам, тепада ҳам иш кетяпти», – деган эди у.

«Тошкент метрополитени» ДУК матбуот хизмати раҳбари Миракбар Толипов бу масалалар билан ИИВ шуғулланиши, хавфсизликни таъминловчи ходимлар сонини улар оширмаганини билдирганди.

Тошкент метрополитени ички ишлар бошқармаси бошлиғи полковник Олег Биченов 2018 йил 21 ноябрда метрополитенга киришдаги ички ишлар органлари ходимлари ўрнини босқичма-босқич техник ҳимоя воситалари эгаллашини, ташқи ва ички текширув такрорланмаслиги учун ташқи назорат тўлиқ техник ҳимоя воситаларига ўтказилишини билдирганди.

«Ҳозирда синов тариқасида ички ишлар органлари ходимлари ўрнига техник ҳимоя воситалари – кузатув камералари, радиоалоқа воситалари ва сигнализациядан фойдаланамиз. Техник воситалар ва алоқа воситалари етарлича бўлганида ташқи ва ички текширув такрорланмаслиги учун ташқи назорат тўлиқ техник ҳимоя воситаларига ўтказилади», – деганди у.

Шунингдек, Метрополитенда хавфсизликни таъминлаш бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Анвар Ҳасанов Gazeta.uz мухбири билан суҳбатда ички ишлар органлари ходимлари барча йўловчиларни жисмонан текширишга улгурмаслигини тан олган, аммо профайлинг (шахснинг психологик портретини тузиш ва ниятларининг самимийлигини аниқлаш усуллари тўплами) туфайли бир қанча жиноятлар фош этилганини таъкидлаганди. Унинг қўшимча қилишича, ситуацион-таҳлил марказини ташкил этиш, «ақлли» видеокузатув камераларини ўрнатиш, ходимларни замонавий радиоалоқа воситалари билан таъминлаш режалаштирилган.

Бироқ мансабдорларнинг метрополитен бекатларига замонавий техник ҳимоя воситалари ўрнатилиши ҳақидаги маълумотлари қуруқ ваъдалигича қолиб кетди. 

Мавзуга оид