«Ходимларни хурсанд қилиш учун ишлайдиган алоҳида мутахассислар бор» — Google’даги ўзбеклар билан суҳбат
Шу даражага етиб келдикки, баъзан ҳаётимизни «гугллаш»сиз тасаввур ҳам қилолмаймиз. Номдор компанияда ўзбеклар ҳам ишламоқда. Дастурчи-муҳандис Нодир Назаров ва маълумотлар таҳлилчиси Саидакбар Пардаев Kun.uz’га Америка ва Google’даги ҳаёт, қандай ишга кириш мумкинлиги, компаниядаги вазифалар ва унинг бошқа қизиқ жиҳатлари ҳақида гапириб беришди.
Қаҳрамонларимиздан бири Нодир Назаров 1987 йил Қашқадарё вилоятида туғилган. У Google Cloud Security’да дастурчи-муҳандис сифатида ишлаб келяпти. Бунгача «Ebay», «Oracle» каби компанияларда ишлаган.
Яна бир қаҳрамонимиз Саидакбар Пардаев эса Google’нинг реклама гуруҳида маълумотлар таҳлилчиси сифатида фаолият юритади.
«Рекламаларнинг ишончлилигига жавоб бераман» — Саидакбар Пардаев
Америкага 2017 йилда келганман. Google’да ишлаётганимга 5 ойдан ошди. Google adds, яъни рекламалар хавфсизлигини таъминлашга қаратилган гуруҳда ишлайман. Дейлик, бирор кўйлак «Nike» бренди остида реклама қилинаётган бўлса, ўша рекламани жойлашдан аввал биз у кийим ҳақиқатан шу компанияга тегишли ёки йўқлигини аниқлаймиз, яъни рекламанинг хавфсизлигига жавоб берамиз.
«Google’да ресурсларни бошқариш устида ишлайман» — Нодир Назаров
Асосий вазифамиз фойдаланувчиларнинг маълумотлари, яъни ресурсларни ким бошқара олиши устида ишлаш. Масалан, Google docs, Google sheets каби дастурлар бор — кирганингизда логин, парол сўрайди ёки сиз яратган бирор ҳужжатни бошқалар билан бўлишасиз, сиз хоҳлаган одам уни кўриб, ўзгартира олиши мумкин. Шу каби бир нечта амалиётни бошқарамиз.
«Силикон водийсида гуруҳ билан ишлаш жуда муҳим кўрсаткич» — Саидакбар Пардаев
«Uber»дан таклиф тушгач у ерда ишлай бошлаганимдан кейин саноатда ишлатиладиган кўп техникалар, технологияларни бошқариш билан бирга бошқа гуруҳлар билан қандай ишлаш мумкинлигини ўрганганман. Силикон водийсида бошқа гуруҳлар билан қандай ишлаш энг зарур кўрсаткич ҳисобланади. Чунки мутахассис ўзи қанчалик яхши ишламасин, бошқалар билан ишлай олмаса, қийналиб қолади. 2,5 йил давомида «Uber» катта тажриба бўлди, бироқ унчалик ўсиш бўлмагани учун бошқа ишларга топширишни бошладим, 7–8 компанияда интервю бўлди, 4тача компаниядан таклиф бўлди. Google’нинг имкониятлари яхши бўлгани учун шунда тўхталдим.
«Google’гача узоқ йўлни босиб ўтганман» — Нодир Назаров
Google’гача бўлган йўлим узоқроқ бўлган. 2013 йил АҚШда биринчи ишимни бошлаган бўлсам, 2021 йил Google компаниясига кирдим. Орада 8 йил бор — бу ўртада катта компанияларда ишладим, аммо Google ўз номи билан Google, ишга кириш жараёнлари ҳам фарқ қилади. Бошида катта компанияларга ишга кириш машаққатли ишдек кўринган, Силикон водийсига келиш учун биринчи бўлиб «Ebay»га ишга кирганман.
Google каби фан компанияларга ишга киришдаги интервю жараёни бошқа компаниялардан фарқ қилади — масалан, бошқа кичикроқ компанияларга борадиган бўлсангиз, оғзаки савол-жавоблар бўлади, камдан кам ҳолларда ёзма равишда саволларга жавоб берасиз, лекин Google’даги ишга қабул қилиш жуда мураккаб. Бунинг учун сиздан мураккаб алгоритмик билимлар талаб қилинади, бундан ташқари гуруҳ билан ишлаш, зиддиятли ҳолатларда қандай йўл тутишингизни аниқлаш учун турли интервюлар бўлади. Компания ва ишга топшираётган гуруҳга сиз қанчалик мослигингизни текшириш учун одатда техник бўлмаган саволлар берилади. Яъни, сизга маълум бир вазиятда қандай йўл тутишингиз сўралади. Баъзан жуда ноқулай саволлар келиб қолади (бу Google’да эмас-у, Amazonʼга топширганимда берилган). Айтайлик, иш жараёнида қайсидир ҳамкасбингиз ишини қилмасдан, ўйин ўйнаб ёки кино кўриб ўтирибди, шу вазиятда қанақа йўл тутган бўлар эдингиз деган савол берилган. Жавоб бериш қийин бўлган, чунки айнан шу ҳолатга аввал ишлаган жойимда дуч келганман, бироқ унинг ўзига ёки бошлиққа ҳеч нарса демаганман ва шу сабабли виждонимга қарши бориб саволга жавоб бера олмаганман. Интервюнинг алгоритмик саволларига жавоб берган тақдиримда ҳам техник бўлмаган саволларга жавоб беролмаганим учун таклиф ололмаганман. Яъни сиз фақат ўзингизнинг ишингизни яхши бажаришингиз эмас, жамоа бўлиб бошқаларга ёрдам беришингиз ҳам муҳим.
«Жозибадор резюме жуда муҳим» — Саидакбар Пардаев
Google иш тажрибасига қарайди. Ундан ҳам олдин сизда яхши резюме бўлиши керак. Қанчалик кўп тажрибага эга бўлса, қаерда ўқигани ва баҳолари аҳамиятга эга бўлмайди. Резюменгиз ёқса, сизга қўнғироқ қилиб суҳбатга чақиради. Суҳбатда қандай имкониятларга эга эканингизга амин бўлгач, интервю ташкил қилинади.
«Ходимларни хурсанд қилиш ҳақида бош қотирадиган алоҳида мутахассислар бор» — Нодир Назаров
Кўпчилик Google’да ишлашга интилишининг асосий сабаби — ундаги атмосфера. Иш ва ҳаёт мувозанатини сақлашга ёрдам беради. Яқинда ўзим фарзандли бўлдим ва оталарга бериладиган 18 ҳафталик таътил беришди. Ундан ташқари, касал бўлиб қолсангиз ёки ўзингизни ёмон ҳис қилсангиз ишга келмаслигингиз мумкин. Google’да махсус соҳа вакиллари бор: улар ходимларни қандай хурсанд қилиш устида ишлайди. Ҳар бир бинода, қаватда кичик ошхонада турли егуликлар ва ичимликлар бор. Соғлом мева-сабзавотлар, тухум-сут маҳсулотлари олишга осонроқ жойларга қўйилган, мақсад — ишчилар соғлом овқатларни олиши осон бўлсин. Носоғлом маҳсулотлар, шакар ва углеводларга бой егуликлар олиш қийин ёки ноқулай бўлган жойларга яширилган бўлади, масалан, тортмаларда. Ишонч билан айта оламанки, Google ишлаш учун атмосфераси зўр бўлган компаниялардан бири.
«Нега исталмаган рекламаларга учраймиз?» — Саидакбар Пардаев
Рекламалар жуда катта йўналиш ҳисобланади. Фақат қидирувдаги рекламалардан ташқари, Google бошқа платформаларга чиқадиган рекламаларни ҳам қабул қилади, масалан YouTube’да чиқадиган видео рекламалар ва қайсидир сайтларда Google ads деб чиқадиган рекламалар.
Ҳамкорлик асосида реклама жойлаштириш учун Google харидорлар билан шартнома тузади. Шунга қарамасдан биз хоҳламаган рекламаларни ҳам кўриб қолишимиз мумкин, баъзан реклама қўядиган харидорлар биз топгунимизча қисқа муддатга рекламани жойлаштиришга улгуради. Бироқ қисқа муддат бўлса ҳам у кўпчиликда кўриниб қолади, биз шу нарсаларнинг олдини олишга ҳаракат қиламиз. Бундай харидорлар кейинчалик профил очиб реклама қўйиши тақиқланади, тизимдан чиқариб ташланиб, блокланади.
«Бошида ойликни кўриб, катта пул бераркан деб ўйлаганман, аммо…» — Нодир Назаров
Ходимнинг йиллик даромади 150 минг доллардан 1 миллион долларгача бўлиши мумкин. Албатта бу ҳаммаси сизнинг иш жойингиз ва қайси штатда яшашингизга боғлиқ. Мен энг қиммат штатда тураман, маош ҳам шунга яраша бўлади. Аммо менинг лавозимимга тенг даражадаги бошқа штатларда яшайдиган дастурчиларнинг маоши 15-20 фоизга камроқ бўлади. Бу нарсани қизиққанларга доим айтганман, интернетда қайси жойда қайси даражадаги ишларга қанча маош тўланишини очиқ кўрсатадиган сайтлар бор. Ўзим бу маълумотларни кўпинча айтмайман.
Йиллик даромадларни айтганда бир нарсани ҳисобга олиш керак. 150-200 минг доллар атрофидаги рақамлар солиқлардан олдинги рақамлар. Солиқлар катта. 200 минг доллар йиллик даромад бўлса, катта қисми ойлик ва қолган қисми компания акциялари ва турли бонус кўринишида берилади, шунингдек, 35-40 фоизгача солиқлар олинади. Биринчи ойликларни кўриб катта пул бераркан, 12 ойга бўлса, шунча чиқаркан деб ўзимча ҳисоб-китоб қилганман. Йўқ, ишга кириб кўрганманки, бу рақамлар анча пасайиб кетаркан.
«Ўзбекистонда маълумотлар таҳлили соҳасини ривожлантирмоқчиман» — Саидакбар Пардаев
Америкага келишдан олдин, элчихонада савол беришган: боришингдан мақсад нима, қайтиб келганингда нима қилмоқчисан? Ўзимни йўналишимни Ўзбекистонда ҳам ривожлантирмоқчиман деганман. Маълумотлар таҳлили, маълумотларни қайта ишлаш, улардан тўғри хулосалар чиқариш бўйича бўйича компания очиб Ўзбекистонда ҳам бу йўналишни ривожлантирмоқчиман деган эдим, ҳалигача ҳам ўша ғоям бор. Бу соҳани ривожлантириб кўпроқ мутахассислар етиштириб чиқариш ниятим бор. Data science қанақадир қарор қабул қилмоқчи бўлсангиз, кичик компания миқёсида ҳам, бутун давлат миқёсида ҳам тўлиқ маълумотга эга бўлгандан кейин тўғри қарор қабул қилишга ёрдам беради.
«Ўзбекистонда катта лойиҳа бошлаяпмиз» — Нодир Назаров
Ҳозирча очиқлай олмайман, аммо аниқ режаларим бор. Ўзбекистонга, ватандошларимга берадиган ёрдамим тажрибамдан келиб чиқиб ёш дастурчиларни тайёрлаш бўлади. Тўғри, ҳозир ёш дастурчилар жуда кўп, аммо асосий муаммо уларни иш билан таъминлаш. Ҳозир Ўзбекистондаги дастурчилар билан иш олиб боряпман: ёш дастурчиларга соҳани ўргатиш, саволларига жавоб бериш, уларни ишга жойлаштириш учун шунақа бир платформа ташкил қиляпмиз. Ўзим ёқтирган иш — ўргатиш, таълим беришни ватанга қайтганимда давом эттириш ниятим бор.
Мадина Очилова суҳбатлашди.
Тасвирчи ва монтаж устаси: Ғиёс Сафаров.
Мавзуга оид
12:10 / 22.12.2024
“Қотил” чатбот, касалликни олдиндан аниқлайдиган ақлли узук ва супер компютер – технодайжест
17:12 / 20.12.2024
Google қидирувида «Калмар ўйини»ни ўйнаш имконияти пайдо бўлди
16:42 / 16.12.2024
Google йил давомида энг кўп қидирилган мавзуларни эълон қилди
23:20 / 10.12.2024