Ўзбекистон | 16:58 / 28.10.2022
16702
7 дақиқада ўқилади

“Жаҳонда узум бозоридаги ўрнимизни йўқотяпмиз” — боғбон

Ўзбекистон салкам 50 та давлатга узум экспорт қиляпти. Бироқ, фарғоналик боғбон Ихтиёр Ниёзовнинг сўзларига кўра, агар муайян чоралар кўрилмаса, келгусида узум экспорти қисқариб кетиши мумкин.

Фото: KUN.UZ

Фарғонанинг Риштон туманида фаолият юритувчи боғбон Ихтиёр Ниёзов билан гилос етиштириш бўйича ҳам суҳбат қургандик. Унинг узумчилик ҳақидаги фикрлари ҳам диққатга сазовор.

“Мутахассисларимиз фақат маҳаллий навлар билан чекланиб қолишди”

— Аслида узум дунё бўйича энг кўп истеьмол қилинадиган учта мевадан бири. Жаҳонда узум савдоси йилдан йилга ўсиб бормоқда.

Лекин дунёдаги энг йирик узум етиштирувчи давлатлардан бири Ўзбекистоннинг жаҳон бозоридаги ўрни қисқариб боряпти, ҳатто бизга жой қолмаяпти. Бунинг исботини ички бозордаги арзон бўлиб кетган узумлар нархидан хам билиш мумкин. Тўғри, Ўзбекистон ҳозир ҳам арзонга бўлса-да узум экспорт қиляпти. Лекин бу ҳозирча.

Хўш, келажакда-чи? Нега Ўзбекистон мевалар ичидаги энг муҳим экспорт маҳсулотларидан бири бўлган узумни асосан ички бозорда ва ўта арзон нархларда сотяпти?

Сабаблар бор. Ўзбекистонда узумчилик соҳаси мутахассислари фақат маҳаллий навлар билан чекланиб қолишди. Узумчиликка иқтисослашган деярли барча адабиётларда фақат маҳаллий узумлар ҳақида маълумотлар жойланган. Гўёки бошқа узум йўқдек. Йўқ, мен бу билан маҳаллий навларни ёмон демоқчи эмасман. Лекин биз экспорт ҳақида ўйлайдиган бўлсак, тизимда селекция қилиш шарт.

“Истеъмолчиларнинг талаби ўзгарган”

— Дунёда узум истеъмолчиларининг талаби ўзгарган. Оддий мисол – бизнинг энг катта экспорт бозоримиз Россияни олайлик. У ерда ёш авлод Ўзбекистон узумини талаб қилмасликни бошлади. Чунки бошқа МДҲ давлатлари улар истаган узумни етиштириб сотишяпти.

Хўп, унда бошқа бозорга ўтамиз, бошқа давлатга сотамизми? Йўқ. Дунёнинг аксарият давлатларидаги истеъмолчиларга номаълум ва эскирган навлар қизиқ эмас.

Ўзбекистонда энг кўп тарқаган узумлар рўйхатида қора кишмиш ва оқ ҳусайни етакчи. Кетмонсопи ва келинбармоқ ҳам юқори ўринда. Лекин бу навлар ҳусайнининг бир тури ҳисобланади. Жаҳон савдо расталарида эса бу узумлар “модадан қоляпти”. Фақатгина қора кишмиш дунё бозорида ўрнини сақлаб қолиши мумкин. Сабаби, унинг данаги йўқ ва қора майизи сифатли чиқади.

Бизда келинбармоқ навли узум боғлар барпо этиш ҳалиям давом этмоқда. Данакли узумга бундан кейин экспорт бозорида “нон” йўқлигини англаш вақти келди. Бундай янги боғлар ичида маҳаллий аҳоли “Мерседес” деб атайдиган Тожикистон нави ҳам бор. Ҳа, у ҳозирча харидоргир. Аммо келажак расталарида унга ҳам жой йўқ. Ризамат навлари ҳам айнан шундай.

“Чет эллик харидорлар ихчамроқ бошли узумларни афзал кўряпти”

— Бизда узумчилик дейилганда боғбон қўлига катта шингилли узум ушлаб тушган расмини жойлаб мақтанишади. Нақадар катта, бир неча килограмм чиқади бир боши. Лекин бундай узумни чет эллик истеъмолчига асло кўрсатманг. Ўзи бизда узумлар бир боши ўртача бир кг атрофида чиқади. Аммо дунё бизнинг тоғамиз ёки амакиваччамиз эмас. Улар катта бошли узумни кўп харид қилишмаяпти. Жаҳон бозорида бир боши 0,3 ва 0,5 кг бўлган узумлар оммалашиб боряпти. Бу харидорга қулай. Бизнинг узумлар эса жаҳон талабларига катталик қиляпти.

Бугунги хорижий истеъмолчи шакари пастроқ мевани талаб қилмоқда. Бизнинг мевалар, айниқса узумда шакар миқдори юқори. Кейин хорижликлар учун меванинг боғда етилиши, ташиш, сақлаш, божхона, логистика, умуман ҳамма жараёнлар қизиқ.

“Узумини егин-у боғини суриштирма” деган нақл Ўзбекистонда амал қилади холос. Хорижлик харидорлар ҳамма босқични суриштиришади.

Қадоқлашдаги муаммо ҳам катта рол ўйнайди. Хорижлик харидорлар биологик парчаланувчи идишни қадрлашади. Биз ҳануз асосан елим қутида экспорт қиляпмиз. Елим эса чиримайди, атроф-муҳитга зарар. Ёғоч қути билан ҳам муаммони еча олмаймиз. Чунки уни тайёрлаш учун дарахт кесилган, пул учун табиатга зарар етказилган.

Муаммо ечими – уруғсиз узумзорларни кўпайтириш

— Ўзбекистондаги 70 фоиздан кўп боғлар уруғли узум боғлардир. Масаланинг ечими шу – янги навлар!

Янги навларни келтириш эса катта муаммо. “Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги” ташкилоти талаблари сабаб четдан кўчат олиб кириш қийинлашган. Лекин уддаласа бўлади. У ташкилот хавотирини ҳам тушунса бўлади. Янги навлар билан янги касалликлар кириб келиш эҳтимоли ортади.

Демак, асосий эътиборни селекцияга қаратишимиз зарур. Ҳали ҳам кеч эмас. Уруғсиз узумларни экиб, жаҳон бозорида йўқолиб бораётган ўрнимизни қайта тиклашимиз мумкин.

***

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 24 ноябрда президент Шавкат Мирзиёев мева-сабзавотчилик ва деҳқон хўжаликларини ривожлантириш мавзусида селектор ўтказганди.

“Мева-сабзавотчиликда ҳам кўплаб кластерлар ташкил этилган. Лекин натижалар мавжуд салоҳият даражасида эмас. Масалан, бу тармоқда экспорт миқдорини ҳозирги 1 миллиард 200 минг доллардан 5 миллиард долларга кўпайтириш мумкинлиги ҳисоб-китоб қилинган. Бу соҳада ҳали қанча иш ўрни, ойлик, солиқ бор. Ишни тўғри ташкил этиб, мева-сабзавотчиликда юқори натижа қилиш мумкин. “Оёғимизнинг тагида” имконият турибди”, – деганди давлат раҳбари ўша йиғилишда.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид