Жаҳон | 14:23 / 30.10.2022
30811
8 дақиқада ўқилади

“Миямизнинг атиги 10 фоизидан фойдаланамиз” – сайёранинг 76 ёшли энг ақлли одами ҳақида

IQ тестларида ҳам ўсмирлар, ҳам катта ёшлилар орасида энг юқори натижани кўрсатган Мерилин вос Савант Америка журналлари колумнисти. Турмуш ўртоғи Роберт Жарвик эса биринчи сунъий юрак моделини яратган шахс. Жуфтликка “Ню-Йоркнинг энг ақлли жуфтлиги” номи ҳам берилган.

Фото: Kun.uz

IQ даражаси нима?

IQ инглизча “intelligence quotient” – ўзбекчада “интеллектуаллик коэффициенти” сўзлари қисқартмаси бўлиб, инсоннинг ўрганиш, тушуниш, маълумотлар билан ишлаш қобилияти ва самарали йўлларни қўллаш коэффициентини ўлчайди. IQ тестлари балли тизимда баҳоланиб, дунё бўйича тахминан 68 фоиз кишининг IQ даражаси 85 баллдан 115 баллгача деб қаралади. Жуда озчилик кишилар 70дан паст ёки 130 дан юқори IQʼга эга бўладилар.

IQ даражаси юқори бўлиш бошқаларга нисбатан ақллироқ бўлишни англатади. Энг юқори IQʼга эга шахслар қаторига Алберт Эйнштейн – 160-190, Натан Леополд – 210, Надя Камукова – 210, Вилям Сидис – 250 киради. Улар орасида расман Гиннесснинг рекордлар китобига киритилган Мерилин вос Савант ҳам бор.

Мерилин вос Савант ким?

Мерилин Савант Мерилин Мач 1946 йил 11 августда Миссури штатининг Цент-Луис шаҳрида туғилган. У камтарин кўмирчилар оиласидан чиққан, ота-онаси эса Германия ва Италиядан келган муҳожирлар бўлган. Савантнинг томирида италян, чехословак, немис ва австрияликлар қони бор. У физик ва файласуф Эрнст Махнинг узоқ авлоди. Отасининг исми Жозеф Мач ва онаси Марина вос Савант бўлган.

Мерилиннинг ақл-заковати 2 турдаги IQ тестлари ёрдамида текширилган. Бири 10 ёшлигида ўтказилган Stanford Binet тести бўлиб, оғзаки қобилиятини аниқлашга қаратилган.

Иккинчи тест “Hoeflin Mega Test”. Вундеркинд иккала тестда ҳам жуда юқори балл – 228 олди ва 1986 йилда сайёрадаги энг ақлли инсон сифатида Гиннесс жаҳон рекордлари китобига расман киритилади. Бу – оддий одамларникидан 2 баробар юқори. Савант натижаси ҳам ўсмир, ҳам катта ёшлилар ичида энг юқориси бўлган.

IQ тести ҳақидаги баҳслар сабаб Гиннесс рекордлар китоби тест ўтказишни 1990 йилда тўхтатади ва Савант охирги рекорд қайд этган киши бўлиб қолади.

Жамиятдан узоқ тутилган фарзанд

Унинг айтишича, болалиги оддий болаларники каби ўтган, ота-онаси Савант учун алоҳида эътибор кўрсатишмаган. Савантнинг ота-онаси унинг иқтидорини оммага эълон қилмаслик, тижорий эксплуатациядан асраш мақсадида уни жамият диққат марказидан узоқ тутишган.

У нафақат фанлар ва математикани жуда яхши билган, балки ёзиш маҳорати ҳам юқори бўлган. Ўсмирлигида маҳаллий газеталарга доимий мақолалар бериб турган. 

У Meramec Community College’га ўқишга кириб, кейинчалик Cент-Луисдаги Вашингтон университетида фалсафа бўйича таҳсил олади. Бироқ икки йилдан сўнг оиласининг бизнесини юритишга ёрдам бериш учун коллежни ташлаб кетади. Шундан кейин қимматли қоғозлар, кўчмас мулк ва инвестициялар бўйича карьерасини бошлайди. Бироқ хаёлида доим ёзувчи бўлишни орзуси турган. 5 йил ичида молиявий ҳолатини яхшилаб, доимий ёзувчилик билан шуғулланишга ўтиб кетади. Вос Савант тахаллуси остида романлар, қиссалар, сиёсий сатиралар ёзиб, журнал ва газеталар саҳифаларини тайёрлаган.

Турмуш ўртоғи Роберт Жарвик эса биринчи сунъий юрак моделини яратган шахс. New York Magazine сонларининг бирида бу жуфтликни “Ню-Йоркнинг энг ақлли жуфтлиги” деб аташган. Ҳозир Савант, New York Magazine колумнисти, рафиқа, она ва буви.

Маломатга қолдирган жавоб

У 30 йил давомида Parade журналининг “Мерилинадан сўранг” деб номланган савол-жавоблар рукнини ёзган. Бу журнални Америкада 80 миллиондан ортиқ киши ўқийди.

Журналда ишлаб юрган йиллари Савантга мухлислари кенг тарқалган “Монти Ҳалл муаммоси (Monty Hall Problem)” деб аталадиган саволни жўнатишади.

“Сиз ўйин шоусида иштирок этяпсиз деб тасаввур қилайлик. 3та эшик турибди, бирининг ортида машина, қолган иккисида эчки. Сиз дейлик, 1-эшикни танладингиз. Қайси эшик орқасида нима борлигини биладиган мезбон, орқасида эчки турган 3-эшикни очди. Ва сизга жавобингизни ўзгартириб, 2-эшикни танлайсизми деди, сиз нима қиласиз?”

Савант бу саволга жавобни журнал саҳифасига жойлаб, шундай дейди.

“Ҳа, жавобимни ўзгартираман. 1-эшикни танласам, менда имконият 1/3, 2-эшикда эса 2/3”, – деб ёзади.

Жавоб эълон қилингач, журнал ўқувчилари норозиликлари бошланиб, Савантга жавобга қарши 10 минглаб хатлар келади, уларнинг 1000га яқини математик олимлардан эди.

Кейинроқ Савантнинг ҳақлигини 1992 йилда ўйин бошловчиси Монти Ҳалл (“Monty Hall Problem” – эҳтимоллик муаммоси унинг номи билан аталган) The New York Times газетасига интервюсида маълум қилади.

“Жонли ўйин кўрсатувларида пул хавф остида бўлганда турли хил психологик омиллар бўлади. Биринчи жавобини ўзгартирмаганлар, кейинги имкониятдан фойдаланишдан бош тортиб, ютиш имкониятини камайтирадилар”, – дейди у.

“Жамиятдан олаётган фойдамизга жавоб қайтаришимиз керак”

1994 йилда Савантнинг “Мен мактабда ўрганган ҳамма нарсани унутдим. Таълимингизни қайта тиклашингизга ёрдам берадиган малака ошириш курси” китоби нашрдан чиқади. У ўқувчиларнинг ақлий диққатини кучайтиришга ёрдам берадиган бир қатор машқларни ўз ичига олади.

Икки йил ўтгач, “Мантиқий фикрлаш кучи: фикрлаш санъатида осон дарслар. У ҳаётимизда йўқлиги ҳақида аниқ фактлар” китобини нашр этди. Бу китобда муаллиф: “Миямизнинг атиги 10 фоизидан фойдаланамиз. Ҳозирги аниқ ҳисоб-китобларни билмайман. Балки 5–15 фоизи ҳам бўлиши мумкин. Лекин мотивация бўлса, инсон кўп нарсага қодир”, – деб ёзади.

2002 йилда ёзилган “Ўсиш: Классик Америка болалиги” китобида эса оилалар учун автомобилларга техник хизмат кўрсатишдан тортиб, касб танлашгача бўлган барча нарсаларни ўз ичига олган амалий маслаҳатлар, 3 ёшдан 18 ёшгача бўлган болалар учун машғулотлар берилган.

У когнитив психолог ва ёзувчи ҳам ҳисобланиб, “Ўта юқори шахс: назария. Даҳо ва устунлик” китоби ҳам Савантга тегишли. У даҳоликнинг қандай белгиланиши ва ўлчаниши, даҳолик шахснинг индивидуал хатти-ҳаракатларида қандай намоён бўлишини ўрганиб чиққан.

Сўнгги йилларда вос Савант сунъий интеллектнинг (AI) инсон интеллектини ортда қолдирганига кўпроқ қизиқиш билдирмоқда. 2020 йилда The New York Times газетасига берган интервюсида у сунъий интеллект бир неча ўн йил ичида “супер ақл”га эришиши мумкинлигини ва бу инсоният учун ёмон оқибатларга олиб келишини айтган.

“Агар бир инсон ҳаммадан ақллироқ бўлса, у нима қилишини ўйлаб кўриш керак. Биз буни назорат қила оламизми? Ундан яхши мақсадда фойдаланиладими ёки аксинча” деган фикрларни илгари суради.

Савантга ақл эгаларига жамиятда кўпроқ масъулият юкланиши керакми, деган саволга шундай жавоб беради:

“Аввало оддий одамлар мактаб, йўл қураётган бир пайтда улар қилган ишнинг шунчаки фойдаланувчиси бўлиш тўғри эмас. Масъулият фақат ақл эгалари эмас, ҳамма учун муҳим. Биз жамиятдан олаётган фойдамиз эвазини қайтаришимиз, ижтимоий масъулиятни бўйнимизга олишимиз керак. Лекин буни уддалай оляпмиз деб ўйламайман. Мен китобларим орқали жамиятдан олган нарсаларимни одамларга қайтаряпман деб ўйлайман”, – деган у. 

Зуҳра Абдуҳалимова тайёрлади.

Мавзуга оид