Жаҳон | 12:51 / 30.10.2022
35532
4 дақиқада ўқилади

Сеулда байрамдаги тиқилинч: қурбонлар сони 150 дан ошди, улар орасида ўзбекистонлик ҳам бор

Фавқулодда хизматларнинг сўнгги маълумотларига кўра, Жанубий Корея пойтахтида Covid-19 пандемиясидан кейин илк бор чекловларсиз нишонланган Ҳэллоуин кунида юзага келган тиқилинч оқибатида ҳалок бўлганлар сони 151 нафарга етган, яна 82 киши турли даражада тан жароҳатлари олган. Қурбонларнинг 20 нафардан ортиғи хорижликлар, улар орасида камида бир нафар ўзбекистонлик ҳам бор. Тиқилинч улкан оломон тор кўчага ёпирилиб кирганида юзага келган.

Фото: Getty Images

Фожиа Сеулнинг кўплаб тунги клублар, тунда ҳам ишлайдиган кафе ва ресторанлар жойлашган Itaewon туманида рўй берган. Бу ерда ковид чекловлари бекор қилинганидан буён илк бор оммавий байрам тадбирлари ўтказилган.

Маҳаллий расмийларга кўра, қурбонларнинг аксари ўсмирлар ва 20 ёш атрофидаги ёшлардир.

Yonhap агентлигига кўра, қурбонларнинг 97 нафари аёллар, 54 нафари эркаклар. Яна 82 киши жабрланган, уларнинг 19 нафари оғир аҳволда. Шифохонага ётқизилганларнинг аксарини ёш аёллар ташкил этади. 

Хабарларга кўра, хиёбондаги одамлар кафега машҳур шахс келганини эшитгач, у ерга қараб шошилишган ва тор кўчада тиқилинч юзага келган.

Ўт ўчириш хизмати вакили қурбонлар орасида хорижликлар ҳам борлигини маълум қилган. Сўнгги маълумотларга кўра, 22 нафар хорижлик ҳалок бўлган, жумладан Хитой, Эрон, Ўзбекистон, Россия ва Норвегия фуқаролари.

Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчихонаси Сеулдаги тиқилинчда вафот этган ўзбекистонлик ҳақида маълумот берди.

Маълум қилинишича, сўнгги маълумотларга кўра, ушбу мудҳиш воқеада бир нафар Ўзбекистон фуқароси вафот этган. Элчихона юзага келган фавқулодда вазият оқибатида ёрдам керак бўлса, элчихонаси консуллик бўлими ҳамда Жанубий Кореядаги ўзбекистонликлар уюшмасига зудлик билан мурожаат қилишга чақирган (элчихона: 010-6802-1969, уюшма: 010-8495-0027).

ТИВ матбуот хизмати Ўзбекистоннинг яна бир фуқароси жароҳат билан шифохонага ётқизилгани, унинг аҳволи қониқарли деб баҳоланаётганини маълум қилди.

«Вазият Элчихона назоратига олинган, марҳумнинг жасадини ватанга олиб келиш билан боғлиқ консуллик-ҳуқуқий ва ташкилий масалалар ҳал қилинмоқда, Ўзбекистон фуқароси жойлашган тиббиёт муассасаси билан доимий алоқа ўрнатилган.

Марҳумнинг яқинлари ва оила аъзоларига ҳамдардлик билдирамиз ва Корея Республикаси ҳудудида бўлган Ўзбекистон фуқаролари зарур ҳолларда мамлакатимизнинг Сеулдаги Элчихонасига мурожаат қилишлари мумкинлигини эслатиб ўтамиз», дейилади хабарда.

Жанубий Корея президенти Юн Сок Ёл мамлакатда миллий мотам эълон қилди. Шошилинч чақирилган йиғилишдан кейин у ярадорларга оператив ёрдам кўрсатиш гуруҳини ташкил қилишга кўрсатма берди.

Дунёнинг қатор мамлакатлари раҳбарлари, жумладан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ҳам ҳодиса юзасидан ҳамдардлик билдирди.

«Президент Шавкат Мирзиёев Сеул шаҳри марказида юз берган фожиа оқибатида кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани муносабати билан Корея Республикаси Президенти Юн Сок Ёлга таъзия йўллади.

Давлатимиз раҳбари қурбон бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига ҳамдардлик билдирди, жароҳат олганлар тез фурсатда соғайиб кетишларини тилади», дейилади президент матбуот хизмати хабарида.

Одамлар кўплаб бар ва ресторанлар жойлашган кварталдаги тор кўчада тиқилиб қолган
Фото: Getty Images

Сеулда шу куни сўнгги уч йил ичида илк бор ҳеч қандай коронавирус чекловларисиз Ҳэллоуин байрами ўтказилганди. Апрел ойида ковидга чалиниш билан боғлиқ янги ҳолатлар кескин камайиши ортидан Жанубий Кореяда бар ва ресторанларда комендантлик соати бекор қилинган, шунингдек ўндан ортиқ одам бир жойда тўпланишига рухсат берилганди. Май ойида мамлакатда ниқоб тақиш талаби бекор қилинди.

Бу Жанубий Кореяда 2014 йилдан буён рўй берган энг йирик фожиа бўлди, ўшанда «Севол» пароми ҳалокатга учраши оқибатида 304 киши, асосан мактабнинг юқори синф ўқувчилари ҳалок бўлганди.

Мавзуга оид