Ўзбекистон | 14:45 / 03.11.2022
8801
3 дақиқада ўқилади

Ўн беш ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга рухсат берилмоқда

Меҳнат шартномасини тузиш билан боғлиқ муносабатларда ўзгариш бўлади. Бу ҳақда янги таҳрирдаги Меҳнат кодексида белгилаб қўйилди. Хусусан, ишга қабул қилишда йўл қўйиладиган ёшга аниқлик киритилмоқда.

Умумий қоидага кўра, меҳнат лаёқатига эга бўлган ўн олти ёшга тўлган ходимларни ишга қабул қилиш ва ўқувчиларнинг енгил ишини ўқишдан бўш вақтида бажариши учун уларни ўн беш ёшга тўлганидан кейин ишга қабул қилиш йўлга қўйилиши мумкин.

Эндиликда, маданий-томоша ташкилотларида, телевидение, радиоэшиттириш ташкилотларида ва бошқа оммавий ахборот воситаларида ота-онанинг ҳар иккисининг ёки ота-она ўрнини босувчи шахснинг розилиги ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан, соғлиғига ва маънавий камол топишига зиён етказмасдан асарларни яратиш ва (ёки) ижро этишда (кўргазмага қўйишда) иштирок этиш учун ўн беш ёшга тўлмаган шахслар билан меҳнат шартномасини тузишга рухсат берилмоқда.

Ходим билан муддатли меҳнат шартномаси уч йилгача (амалдаги – беш йилгача) тузиладиган ҳоллар белгиланди. Шунингдек, янги Меҳнат кодексида муддатли меҳнат шартномасини тузиш учун асослар кенгайтирилди.

Масалан, табиий шароитлар туфайли иш фақат муайян давр (мавсум) ичида амалга оширилиши мумкин бўлганда мавсумий ишларни бажариш учун;

  • йўқ бўлган ходимнинг мажбуриятларини бажариш вақти учун;
  • вақтинчалик (икки ойгача) ишларни ҳамда табиий шароитлар туфайли мавсумий ишларни бажариш учун;
  • ишнинг тамомланиши аниқ сана билан белгиланиши мумкин бўлмаган ҳолларда муддатли хусусиятга эга бўлган, олдиндан белгиланган ишларни бажариш учун қабул қилинадиган шахслар билан ва бошқалар.

Ишга қабул қилишда дастлабки синов муддати уч ойдан, ташкилотлар раҳбарлари ва уларнинг ўринбосарлари, бош бухгалтерлар ҳамда ташкилотлар алоҳида бўлинмаларининг раҳбарлари учун эса олти ойдан ошмаслиги кераклиги белгиланди.

Шу билан бирга, дастлабки синов муддати белгиланмайдиган шахс тоифалари кенгайтирилмоқда.

Масалан, ҳомиладор аёл, уч ёшга тўлмаган боласи бор аёл ёки уч ёшга тўлмаган болани ёлғиз ўзи тарбиялаётган оталар (васий) учун;

  • захирага қўйиладиган иш ўринларига ишга жойлаштириш учун юборилган аҳолининг ижтимоий эҳтиёжманд тоифаларидан бўлган шахслар учун;
  • давлат грантлари асосида ўқиган ва олий таълим ташкилотини тамомлаган кундан эътиборан уч ой ичида йўлланма бўйича олинган мутахассислигига доир ишга кираётган олий таълим ташкилотларининг битирувчилари учун ва бошқалар.

Маълумот учун, Кодекс 6 ойдан сўнг кучга киради.

Мавзуга оид