Жаҳон | 09:09 / 09.11.2022
10646
3 дақиқада ўқилади

Трамп Конгресс сайловлари бўйича норозилик намойишларига чақирди

АҚШда Конгрессга оралиқ сайловларда илк сайлов участкалари ёпилди.

Фото: independent.co.uk

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп 8 ноябрь, сешанба куни Конгрессга оралиқ сайловлар куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида ўз тарафдорларига «Норозилик билдиринг, норозилик билдиринг, норозилик билдиринг», деган чақириқ билан чиқди.

Трампнинг сўзларига кўра, ўша куни сайлов участкаларида кўплаб сайловчиларга улар аллақачон овоз берганликлари айтилган. Бу борада Трамп Детройтдаги вазиятни «жуда ёмон» деб атади, шунингдек, унинг кузатувларига кўра, республикачиларнинг кўп тарафдорлари яшайдиган штатларда муаммолар ва «катта узилишлар» содир бўлган.

Марказий Европа вақти билан соат 1:00 га келиб, АҚШнинг айрим штатларида сайлов участкалари аллақачон ёпилган. Бироқ, мамлакат бир неча вақт зоналарида жойлашганлиги сабабли, овоз беришнинг биринчи натижалари Марказий Европа вақти билан эрта тонггача чиқмайди.

АҚШ Конгрессига 8 ноябрь куни бошланган оралиқ сайловларда Вакиллар палатасининг бутун таркиби (435 ўрин) ва Сенатнинг учдан бир қисми (100 тадан 35 ўрин) қайта сайланади. Бундан ташқари, 36 штатда янги губернаторлар сайланади.

Палаталардан бирида кўпчилик ўрин йўқотилса, АҚШ президенти, демократ Жо Байден ўз кун тартибини амалга ошириши қийин бўлади.

Доналд Трамп эса, кузатувчиларга кўра, республикачилар муваффақиятидан фойдаланиб, яқин келажакда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ўз номзодини эълон қилиши мумкин.

Биринчи сайлов участкалари ёпилгач, 8 ноябрь куни кечқурун Американинг қатор ОАВ, жумладан, CNN ҳам Edison Research компанияси буюртмаси асосида овоз берган фуқаролар иштирокида ўтказилган сўров натижаларини эълон қилди.

Ушбу маълумотларга кўра, АҚШ сайловчиларининг қарийб 80 фоизи ўз штатларида сайловлар адолатли ўтганига ва овозлар тўғри ҳисобланишига «ҳеч бўлмаганда бироз ишончга эга».

Респондентларнинг қарийб ярми «бу борада ўзларига жуда ишонганларини» айтди. Сўров иштирокчиларининг 20 фоизи сайловнинг ҳалоллигига ишончи умуман йўқлигини тан олди.

Шу билан бирга, сўралганларнинг 70 фоизи АҚШ демократияси «бироз» ёки «кўпроқ» таҳдид остида эканлигини ҳис қилишди. Фақат 30 фоизга яқин фуқаролар қарама-қарши фикр билдирган.

Сўров иштирокчиларининг қарийб учдан бир қисми Жо Байден АҚШ президенти бўлган 2020 йилги президентлик сайлови натижаларини ноқонуний деб ҳисоблашларини таъкидладилар. Респондентларнинг қарийб 60 фоизи бу сайловларни адолатли деб ҳисоблашини айтди.

Edison Research институтига кўра, сайловчилар инфляция, қуролга эгалик қилиш, жиноятчилик ва миграция сиёсати, шунингдек, айрим ижтимоий масалаларни сайловларда ўзлари учун энг муҳим мавзу деб билишади. 

Мавзуга оид