Спорт | 17:59 / 10.11.2022
19244
6 дақиқада ўқилади

«Қизилқум» атрофидаги шубҳалар: «Сурхон»нинг «қутқарилиши», кулгили голлар ва Лазаревичнинг иқрори

Суперлига 23-турига қадар Осиё чемпионлар лигаси йўлланмаси учун кураш олиб борган «Қизилқум»нинг Ҳамиджон Актамов бош менежерлигидаги «Сурхон»га мағлубиятга учраши ҳар қанча шубҳа уйғотиб, мунозара, эътироз, кинояларга сабаб бўлмасин, Навоий клуби «Пахтакор»га қарши баҳсда ҳам ўтказиб юборилган навбатдаги кулгили голлар билан эътибор марказида бўлди.

Фото: Қизилқум

«Бугун «Нефтчи» ва «Металлург» ҳақиқий эркакча футбол ўйнади, учинчи клуб эса ғурури бўлса 5-6 футболчисини Тошкентда қолдириб келавериши керак, сўнгги турда ёшлар ўйнагани яхшироқ», - дея ёзди ПФЛ бош директори Диёр Имомхўжаев «Қизилқум»нинг чемпионлик учун кураш олиб бораётган «Пахтакор»дан учралган 0:6 ҳисобидаги мағлубиятидан сўнг.

ПФЛ бош директорининг «Қизилқум» сафидаги бир қатор тажрибали ўйинчиларни назарда тутиб, «учинчи клуб ғурури бўлса 5-6 футболчисини Тошкентда қолдириб келавериши керак», дея айтган фикри фақат Тошкентдаги хатолари учун эмас, икки тур аввал Олмалиқда «Сурхон»га қарши баҳсдаги шубҳали мағлубияти учун ҳам аталган бўлса, ажабмас.

Сўнгги икки сафар ўйинида Олмалиқ ва Тошкентдаги мағлубиятлардан сўнг «Қизилқум» бош мураббийи Никола Лазаревич ҳам жамоаси олдида ожиз қолганини унинг матбуот анжуманида янграган ушбу сўзлари тасдиқлайди:

«Футболчиларнинг ўз вазифалари бор, йигитлар тажрибали. Аммо бир нарсани айтиш керакки, бу жамоани мен йиғмаганман. Агар жамоани ўзим йиғганимда бошқа гап эди».

Фото: Tribuna.uz

Бу билан Лазаревичнинг «Сурхон» ва «Пахтакор» ўйинидан кейин қўл остидаги футболчиларга ишончи қолмаганини сезиш қийин эмас. «Қизилқум» ижросидаги сўнгги икки сафардаги ўйинда аксарият футболчиларнинг шубҳали ҳаракати мухлис ва мутахасссисларда бўлгани каби жамоа ичида бўлган хорижлик бош мураббийнинг ўзида ҳам шубҳа уйғотгани табиий.

Лазаревичнинг фикрларига қўшилмай илож йўқ – «Қизилқум» таркибини йил бошида у эмас, ҳозирда «Сурхон» бош менежери сифатида ишлаётган Ҳамиджон Актамов шакллантирган. Узоқ йиллар «Қизилқум»ни бошқарган мутахассис таклиф этган айрим ўйинчилар айнан унинг амалдаги жамоасига қарши баҳсда кулгили хатоларга йўл қўйгани турли саволларни туғдириши табиий.

Хусусан, «Сурхон» - «Қизилқум» (2:0) учрашувидаги пенальтидан кейинги 2-голдаги ҳимоя чизиғининг болаларча хатоси футбол ичидаги ҳар қандай кишида шубҳа уйғотгани аниқ.

Юқоридаги вазиятда навоийликларнинг узоқ йиллик тажрибали ҳимоячилари Шерали Жўраев ва Файзулла Қамбаровнинг ҳаракатларига изоҳ бера олишар, аммо мавсум бошида Ҳамиджон Актамов томонидан таклиф этилган 88-рақамли чап қанот ҳимоячиси Артём Дмитриев ва 75-рақамли ҳимоячи Олег Толмасовнинг ҳаракатларини қандай тушуниш мумкин? Россиялик ўйинчиларнинг Навоийга таклиф этгани учун Актамовга раҳматими бу? «Сурхон» айнан ушбу ғалаба билан якунда Суперлигада қолиш вазифасини бажарди.

Фото: Қизилқум

«Сурхон» келажакда ўсиши ва тўғри йўлдан бориши учун клуб лойиҳаси ҳақида жиддий бош қотириш шарт. Футболдан нимадир оладиган ва уни лойқалаштирадиган инсонлар эмас, унга нимадир бера оладиган кишилар жуда муҳим. Мақсадга шундай кишилар билан эришиш режада бор бўлса, қинғир ишнинг қийиғи 40 йилда ҳам чиқади», - дея ёзади Диёр Имомхўжаев Термиз клуби лигада қолиш вазифасини бажаргач.

Умуман олганда, мавсум якунида «Қизилқум» билан шартномаси якунига етадиган Олег Толмасовнинг сўнгги турда ҳам «Пахтакор»га қарши муҳим ўйиннинг дастлабки учта голида Драган Черанга шунчаки «совға» улашгани россиялик ҳимоячига нисбатан турли шубҳаларни асослантиради. Кўринг ва завқланинг:

«Қизилқум» бош мураббийи Толмасовнинг 3-голдаги вазиятда майдонга қулаганидан кейин 57-дақиқада уни майдондан олишга қарор қилди. Аммо бу кулгили голлар камайишига сабаб бўлгани йўқ.

Фото: Қизилқум

Тошкентдаги шармандали мағлубиятдан кейин Никола Лазаревич «Сурхон» билан ўйиндан кейин аллақачон истеъфога чиқишга қарор қилгани, мавсум якунигача чидаб турганига шама қилди.

«Сурхон» билан ўйиндан сўнг истеъфо беришимни таъкидладим. Кетишни истадим. Аммо мавсум охиригача қолдим. «Сўғдиёна» билан ўйин мен учун «Қизилқум»даги охиргиси бўлади. Сўнгги ўйинда ҳаммаси йигитларнинг ўзига боғлиқ. Улар ўз вазифаларини бажаришни истаса, охирги турга ҳар томонлама тайёрлана олишади. «Навбаҳор», «Металлург»га қарши ўйинлардан сўнг кетишни истагандим. «Сурхон» билан учрашувдан кейин эса қарорим юз фоиз аниқ эди. Фаолиятимда янги чақирув ва рестарт зарур», - дея фикр билдирган Лазаревич.

Фото: Қизилқум

Молиявий жиҳатдан юқори ўринлар учун даъвогарлик қилишга кучи етадиган «Қизилқум» охирги мағлубиятларидан кейин ОЧЛ йўлланмаси учун курашдан чиқди, жамоа сўнгги турда ҳам ўзига кела олмаса турнир жадвалида 7-поғонага тушиб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Мавсум якунида клубда ўзгаришлар қилинишига шубҳа йўқ, чунки бақувват ҳомийга эга Навоий клуби юқори ўринларга муносиб. Аммо жорий мавсум якунидаги хунук ҳолатлар шунчаки жавобсиз қолиши бу жамоа ишқибозлари ва Суперлигани кузатиб борган оддий мухлисларга нисбатан адолатдан бўлмайди.

Саид Усмон 

Мавзуга оид