Ўзбекистон | 08:33 / 12.11.2022
9597
4 дақиқада ўқилади

Корпоратив муносабатлар соҳасида қатор талаблар бекор қилинмоқда

Президент томонидан “Корпоратив муносабатлар ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Ҳужжат 2022 йил 1 декабрдан қатор талаблар бекор қилинишини назарда тутмоқда. Қуйидаги ташкилотларда ички аудит хизматини ташкил этиш:

  • МЧЖларда (активлари баланс қиймати БҲМ 100 000 бараваридан кўп бўлган давлат улуши 50 фоиз ва ундан ортиқ бўлган МЧЖлар, кредит ташкилотларидан ташқари);
  • активлари баланс қиймати БҲМ 100 000 бараваридан кам бўлган давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган АЖ ва ДУКларда;
  • МЧЖ таъсис шартномасини давлат рўйхатидан ўтказиш; 
  • МЧЖ юридик шахс ҳисобланган иштирокчилари вакилларига умумий йиғилишда иштирок этиш учун бериладиган ишончномани нотариал тартибда тасдиқлаш;
  • МЧЖ ташкил этилганда заҳира жамғармасини устав фонднинг камида 15 фоиз этиб белгилаш.

Эндиликда Олий суд тегишли вазирликлар билан:

  • ҳар ойда Олий суд расмий сайтида, қонун ҳужжатлари миллий базасида ва ижтимоий тармоқларда корпоратив низоларни кўриш натижаси бўйича суд қарорларини эгасизлантирилган ҳолда эълон қилиб боради;
  • ҳар чоракда корпоратив низолар мавзусида судья ва хўжалик жамиятлари вакиллари иштирокида семинар ва давра суҳбатларини ташкиллаштиради.

2023 йил 1 январдан бошлаб давлат улуши 50 фоиз ва ундан юқори бўлган жамиятлар кузатув кенгашлари ва иштирокчилар (акциядорлар) умумий йиғилишлари баённомалари ўн кунлик муддатда Давлат активларини бошқариш агентлиги «Давлат мулки» тизимида эълон қилинади.

2023 йил 1 мартдан унитар корхона ва қўшимча масъулиятли ташкилот шаклида юридик шахс ташкил этишга қўйилмайди, 2025 йил 1 январга қадар эса мазкур шаклдаги юридик шахслар бошқа шаклда қайта ташкил этилади.

2023 йил 1 мартдан бошлаб Молия вазирлиги икки кунлик муддатда ОАВ ва (ёки) ўз сайтида қуйидаги маълумотларни эълон қилади: қимматли қоғозлар чиқарилишини давлат рўйхатидан ўтказиш, уни тўхтатиб туриш, амалга ошмаган ёки ҳақиқий эмас деб топиш; қимматли қоғозлар бозорида профессионал фаолиятни амалга ошириш учун лицензия бериш, унинг амал қилишини тўхтатиб туриш ёки тугатиш, лицензияни бекор қилиш; қимматли қоғозлар бозорида қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириши, хизматларни кўрсатиш ва (ёки) ишларни бажариш ҳуқуқини берувчи малака сертификатини бериш.

2023 йил 1 апрелдан бошлаб: 

  • МЧЖ устав фондига қўшиладиган, қиймати БҲМ 10 000 бараваридан кўп бўлган пулсиз ҳиссалар баҳоловчи ташкилот томонидан баҳоланади ва баҳоланган қийматдан юқори бўлиши мумкин эмас;
  • юридик шахслар қўшиб юбориш, қўшиб олиш ва ташкилий-ҳуқуқий шаклини ўзгартириш орқали қайта ташкил этилганда, корхоналар ҳуқуқ ва мажбуриятлари, топшириш ҳужжатида кўрсатилган ёки кўрсатилмаганидан қатъи назар, қайта ташкил этилган юридик шахсга ўтган ҳисобланади;
  • хўжалик жамиятлари кузатув кенгаш акция, корпоратив облигация ва бошқа қимматли қоғозларни чиқариш бўйича қарорлари муҳим факт сифатида ошкор қилинади;
  • 2023 йил 1 июлдан бошлаб хўжалик жамияти филиаллари, ваколатхоналари ташкил этилгани ва унинг устав фонди шакллантирилгани ҳамда тўловга қобилиятсизлиги юзасидан иш қўзғатилгани тўғрисидаги маълумотлар ЯИДХПда эълон қилинади.

Мавзуга оид