Жаҳон | 06:49 / 16.11.2022
40349
10 дақиқада ўқилади

Польша ҳудудига ракета тушди. Асосий маълумотлар

Польшанинг Украина билан чегара ҳудудига ракета қулаган — бу россиялик ҳарбийлар Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллаган куни рўй берди. Қурбонлар бор. РФ мудофаа вазирлиги «провокация» ҳақида айтмоқда.

Arkadiusz Stankiewicz / Agencja Wyborcza.pl / Reuters / Scanpix / LETA

15 ноябр куни куннинг иккинчи ярмида, РФ армияси Украина бўйлаб ёппасига ракета зарбалари йўллаган маҳалда Польша ҳудудига ракета қулади. Ракета Украина чегарасидан беш километр масофада, Люблина воеводствосидаги Пшеводув қишлоғи ҳудудига тушган. Бу ҳақда дастлаб хабар берган ZET радиосига кўра, ракеталар донқуритгич устига тушган, натижада икки киши вафот этган.

Lublin112 нашри маълумотига кўра, маҳаллий вақт билан соат 15:35 до (Тошкент вақти билан 19:35) ракета тракторга уланган элеватор ёнига тушган, натижада портлаш рўй берган. Польшалик қутқарувчилар расман Пшеводувда портлаш бўлганини қайд этишган, аммо унинг сабабини келтирмаган. Воқеа жойига Люблина воеводаси (ҳокими) Лех Справка етиб келган ва қишлоқда бахтсиз ҳодиса рўй берганини айтган. Ижтимоий тармоқларда Пшеводув қишлоғидаги портлаш жойида олинган видео тарқалди.

Америка разведкасининг юқори мартабали мулозими Associated Press нашрига Польша ҳудудига россияликлар ракеталари қулаганини айтди. Пентагон матбуот хизмати эса, АҚШ томони Полша ҳудудига айнан россияликлар ракетаси қулагани тўғрисида тасдиқланган маълумот йўқлигини айтди. Оқ уйдагилар Полша шарқида юз берган ракета портлаши юзасидан қўшимча маълумотлар тўплаш бўйича Варшава биргаликда иш олиб борилаётгани, кейинги қадамлар шунга кўра аниқлаштирилишини маълум қилишган.

Польшага Украина қуролли кучлари уриб туширган ракеталар қулагани тўғрисидаги версия ҳам бор. Бу ҳақда дастлаб ZET журналисти Мариуш Гершевский ўз манбалари маълумотига асосланиб хабар тарқатди. Бошқа манбалар ҳозирча бу маълумотни тасдиқламаган. Россиянинг Кремл таъсиридаги Mash нашри Польша ҳудудига С-300 ракеталари — «Украина қуролли кучларидаги ракета ҳужумига қарши мудофаа воситалари» тушганини хабар қилган. Ижтимоий тармоқларда ракета қолдиғи сурати тарқалган — бу чиндан ҳам С-300 ракетаси парчаси, аммо, бу тасвир қачон ва қаерда олингани маълум эмас. Польша ҳудудига украинларнинг С-300 тизими ракеталари тушгани ҳақида Россиядаги пропагандачи агентлик РИА Новости ҳам ҳарбий экспертга таяниб хабар тарқатган. Польшанинг Rzeczpospolita газетаси ҳукуматдаги манбасига асосланган ҳолда ҳукумат мамлакат ҳудудига кимнинг ракетаси тушганини ўрганаётганини хабар қилган.

РФ мудофаа вазирлигидагилар россияликлар ракетаси қулагани тўғрисидаги хабарни «вазиятни кескинлаштириш мақсадида қасддан уюштирилган провокация» деб атади. «Украина-Полша давлат чегарасидаги ҳеч бир нишонларга Россиянинг нишонга олиш воситалари томонидан зарба берилган эмас. Полша нашрлари томонидан Пшеводув аҳоли яшаш манзилидаги воқеа жойидан иссиқ изидан эълон қилинган парчалар Россиянинг нишонга олиш воситаларига тааллуқли эмас», — дейилади Россия ҳарбий идораси баёнотида.

АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати раҳбари ўринбосари Ведант Пател РФ мудофаа вазирлиги баёнотига муносабат билдириб, «АҚШ вазиятни кескинлаштириш ёки қандайдир тарзда провокация қилишга уринмаётгани аниқ»лигини айтди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ НАТО бўйича иттифоқчилар «ёнида туриш»га тайёр, аммо ҳозирча назарий сценарийларни муҳокама этмоқчи эмас. «АҚШ учун Полшага ракета тушиши тасодиф ёки ғаразли ниятда амалга оширилганини аниқлаб олиш муҳим» — дейилган АҚШ Давлат департаменти баёнотида.

Портлаш жойидан кадр

Украина реакцияси

Украина президенти Володимир Зеленский Польшадаги портлашга муносабат билдириб, «Россиянинг террори Украина давлт чегаралари билан чекланмаслиги»ни айтди.

«Россия ракеталари Польша бўйлаб зарба берди. Украина террорчи-давлат бизнинг мамлакат билан чекланмаслиги ҳақида неча бор айтганди? Россия террори давом этаркан, бу вақт масаласи бўлиб қолади.

Россия жазосизликни қанчалик узоқ ҳис қилса, унинг ракеталари учиб етиб бориши мумкин бўлган барчага таҳдид солаверади. НАТО ҳудудига ракета зарбасии бериш — бу Россиянинг коллектив хавфсизлик томон берилган ракета зарбаси. Бу можаронинг жиддий кенгайиши. Бунга қарши ҳаракатни бошлаш керак», — деди Зеленский урушнинг 265-куни якунларига кўра қилган видеомурожаатида.

Ўз навбатида, Украина президенти девони раҳбари Андрей Ермак ҳам россияликлар «Украинада тўхташ ҳақида ўйламаслиги»ни таъкидлади. Ермакнинг маслаҳатчиси Михайло Подоляк Польшага ракета қулаши — «РФдан „хато“ ниқоби остидаги режалаштирилган „салом“ экани»ни айтди.

Украина ТИВ раҳбари Дмитро Кулеба «украинлар россияликларнинг ҳар қандай ракетасини тутиб қолиши» учун мамлакатга замонавий самолётлар ва ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари тақдим этишга чақирди. «Бугунги кунда Украина осмони ҳимояси НАТО ҳимоясини англатади», — деган вазир.

Полша ҳукумати шошилинч йиғилиш ўтказди

Полша ҳукумати ва Хавфсизлик кенгаши аъзолари шошилинч йиғилишга йиғилмоқда. Фото: EPA

Полша бош вазири Матеуш Моравецкий «инқирозли вазият туфайли» ҳукуматнинг хавфсизлик ва мудофаа қўмитасининг фавқулодда йиғилишини чақирди. Полша ҳукумати матбуот хизмати раҳбари Пётр Мюллер ОАВни «ҳозирча тасдиқланмаган маълумотларни эълон қилмаслик»ка чақирди. Бу вақтда маҳаллий нашрлар Полша ҳарбий-ҳаво кучлари самолётлари Томашув-Мазовецки аэродромидан ҳарбий қирувчи самолётларни ҳавога кўтаргани ҳақида хабарлар тарқалди.

Полшанинг айрим ҳарбий қисмларида жанговар шайлик даражаси оширилган. Президент Анджей Дуда ва НАТО бош котиби Йенс Столтенберг музокаралар ўтказган. Полша ҳукумати НАТО низомининг 4-моддасини фаоллаштириш заруратини текширишга қарор қилган, унга кўра «ҳарбий алянс аъзоларидан бирининг ҳудудий яхлитлиги, сиёсий мустақиллиги ёки хавфсизлиги таҳдид остида қолган деб ҳисобланса, томонлар ўзаро маслаҳатлашув ўтказади». НАТО бош котиби Йенс Столтонберг иттифоқчилар Полшадаги ҳодиса бўйича маслаҳатлашувлар ўтказаётгани, барча фактлар анқланиши лозимлигини айтди.

Полша бош вазири Матеуш Моравецкий йиғилишдан кейин мамлакат ҳаво ҳудуди хавфсизлигини таъминлашга эътибор кучайтирилгани, РФ элчиси Полша ТИВга чақирилганини маълум қилди.

Полша президенти Анджей Дуда ҳозирча ракетани ким учиргани аён эмаслиги, Пшеводувдаги портлаш бир марталик бўлгани ва бу яна такрорланиши мумкинлиги белгилари йўқлигини маълум қилди.

Чоршанбага ўтар кечаси қилган фавқулодда чиқишида у ракета катта эҳтимол билан Россия томонидан ишлаб чиқарилганини айтди.

«Ҳозирча бизда бу ракета айнан ким томонидан учиб келгани бўйича тўлиқ далиллар йўқ. Тергов ҳали давом этмоқда», деган полшаликлар етакчиси.

У чоршанба куни НАТОнинг фавқулодда йиғилишида Полша алянс низомининг 4-моддасини фаоллаштиришини айтди.

Дуда шунингдек НАТО жанговар шай ҳолатда экани, ўз навбатида Полша ҳам ўз қуролли кучлари, биринчи навбатда ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларининг шайлик даражасини кучайтирганини қўшимча қилди.

Президентнинг сўзларига кўра, портлаш бўйича суриштирув ишларига АҚШдан экспертлар жалб этилади.

Маълумот учун, НАТО низомининг 5-моддаси «НАТО аъзоларидан бирига қилинган ҳужумга алянснинг барча аъзолари биргаликда жавоб қайтариши»ни назарда тутади.

Халқаро реакция

Бу ҳодиса юзасидан Шарқий Европа давлатлари тезкор реакция қилишди. Дастлаб Чехия мудофаа вазири Ян Чернохова Польша ҳудудига ракета қулагани тўғрисидаги маълумот тасдиқланганини айтди. Латвия мудофаа вазири Артис Пабрикс «Россиянинг жиноий режими» Украина аҳолиси томон учирган ракеталар «Полшада НАТО ҳудудига тушгани»ни айтди. Латвия бош вазири Кришьянис Кариньш «НАТОнинг ҳар бир дюм ҳудуди ҳимоя қилиниши кераклиги»ни таъкидлади ва 16 ноябр тонгида ҳукумат ушбу масалада фавқулодда йиғилиш ўтказишини маълум қилди. Эстония ТИВ Полша билан бирдамлигини маълум қилди ва «НАТО ҳудудининг ҳар бир сантиметрини ҳимоя қилиш»га тайёрлигини билдирди.

Полша президенти Анджей Дуда АҚШ президенти Жо Байден билан телефон орқали боғланган. «Президентлар телефон орқали мулоқот қилмоқда», дея хабар берган Дуданинг матбуот хизмати.

ЕИ кенгаши раиси Шарл Мишел Балида ўтаётган «Катта йигирматалик» саммитида ушбу ҳодисани муҳокама қилиш ташаббусини билдирган.

Франция президенти офиси ҳам Эммануэл Макрон Полша ҳукумати билан алоқада бўлиб турганини айтган.

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг ҳам бу ҳақда ёзган. «Президент Дуда билан Полшадаги портлаш ҳақида гаплашдик. Мен инсонлар ўлими муносабати билан ҳамдардлик билдирдим. НАТО вазиятни кузатмоқда, иттифоқчилар яқиндан маслаҳатлашишмоқда. Барча фактлар аниқланиши муҳим», дея ёзган у.

«Биз вазиятни диққат билан кузатиб борамиз ва полшалик дўстларимиз ҳамда НАТО бўйича иттифоқчиларимиз билан алоқада бўламиз», дея ёзди Германия ташқи ишлар вазири Анналена Бербок.

Мавзуга оид