Ўзбекистон | 07:55 / 17.11.2022
2941
2 дақиқада ўқилади

Испаниянинг Валенсия шаҳрида Ўзбекистон фахрий консулхонаси очилди

Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчихонаси ташаббуси билан жорий йил 11 ноябрь куни Испаниянинг Валенсия шаҳридаги Ипак музейи биносида Ўзбекистоннинг Валенсиядаги фахрий консулхонаси очилишига бағишланган расмий маросим бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё”.

Фото: Dunyo

Тадбирнинг расмий очилиши Ўзбекистон ва Испаниянинг давлат мадҳиялари садолари билан бошланди. Сўнгра Arte Mayor de la Seda ипак санъати институти президенти Гонсало Ордунья, институт жамғармаси раҳбари Висенте Хеновес, Валенсия шаҳри кенгаши туризм бўйича маслаҳатчиси Эмилиано Гарсия, Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Жаҳонгир Ғаниев ва мамлакатнинг Валенсиядаги фахрий консули Хосе Мария Чикийо ва бошқалар нутқ сўзлашди.

Сўзга чиққан Хосе Мария Чикийо Ўзбекистоннинг Валенсиядаги фахрий консули этиб тайинлангани ўзи учун катта шараф экани ҳамда ушбу лавозимни мамнуният билан қабул қилишини қайд этди. “Мен бунга катта иштиёқ ва айни пайтда Валенсия ҳамжамиятида ушбу мамлакат вакили бўлиш учун жиддий масъулият билан қарайман. Менга билдирилган ишончни оқлашга умид қиламан”, - деди у.

Унинг сўзига кўра, фахрий консул сифатидаги вазифаси Валенсиядаги Ўзбекистон фуқароларига хизмат кўрсатиш, икки давлат ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини мустаҳкамлашга кўмаклашишдан иборат бўлади.

Тадбир доирасида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ташкил этилди. Йиғилганлар ўзбек халқи ноёб тарихий-маданий мероси ва анъаналари, мамлакат сайёҳлик салоҳияти билан яқиндан таништирилди. Мамлакатда туризм салоҳиятини ривожлантириш, ЮНЕСКО Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган кўплаб ноёб меъморий ёдгорликларни реконструкция ва реставрация қилиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. 

Ўзбекистоннинг Валенсия шаҳридаги фахрий консулхонаси Calle Antonio Suarez, N 31, 1°, 3-C, 46021 Valencia манзилида жойлашган.

Мавзуга оид