Ўзбекистон | 13:12 / 19.11.2022
10981
2 дақиқада ўқилади

Жазони ўташ даврида меҳнатга жалб қилинган маҳбусларга иш стажи ҳисобланиши мумкин 

Қонунчиликка киритилаётган ўзгартиришларга кўра, жазони ўташ жойларида меҳнатга жалб қилинган маҳбуслар учун ҳақ тўланадиган ишлаш вақти уларнинг умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисобланади. Уларга сурдотаржимон хизматидан фойдаланиш ҳамда телекўрсатув ва фильмлар кўришга ҳам рухсат берилмоқда.

Фото: Kun.uz

Сенатнинг ўттиз бешинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига маҳкумларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун муҳокама қилинди

Қонунда жазони ўташ жойларида меҳнатга жалб қилинган маҳбуслар учун ҳақ тўланадиган ишлаш вақтини уларнинг умумий меҳнат стажига қўшиб ҳисоблаш зарурлиги кўрсатилган.

“Маҳкумлар озодликка чиққандан кейин 5 йил ўтирадими, 10 йилми меҳнат стажи бўлмаслигининг ўзи унинг ҳаётдан норозилигига олиб келган ҳолатларнинг гувоҳи бўлганмиз”, — деди Мудофаа ва хавфсизлик қўмитаси раиси ўринбосари Толибжон Мадумаров. 

Озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахсларнинг жазони ўташ даврида бажарган ҳар қандай иши агар ушбу иш бажарилган давр учун жазони ижро этиш муассасаси томонидан ижтимоий солиқ тўланган тақдирда қўшиб ҳисобланиши мумкин.

Бундан ташқари, маҳбусларга нисбатан ғайриқонуний ёки камситувчи жазо чораларини қўллашга йўл қўйилмаслиги, шунингдек, маҳкумлар таржимон билан бир қаторда сурдотаржимон хизматидан фойдаланишига ҳам рухсат берилмоқда. 

Шу билан бирга, озодликдан маҳрум этилган 1- ва 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган шахслар учун мўлжалланган умумий турар жойлар махсус воситалар ва мосламалар билан жиҳозланган бўлиши кераклиги назарда тутиляпти.

Яна бир муҳим жиҳат – маҳкумларнинг тузалиш йўлига ўтганини белгилаш мезонлари, маҳкумларни рағбатлантириш масалалари, озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар ишдан бўш соатларда, тунги дам олиш учун ажратилган вақтдан ташқари, кинофильмлар ва телекўрсатувлар кўриш ҳуқуқи аниқ белгиланмоқда.

Мавзуга оид