Жаҳон | 15:04 / 19.11.2022
11188
3 дақиқада ўқилади

Херсонда оккупантлар юзлаб одамларни ноқонуний ҳибсга олган - Conflict Observatory 

Херсон вилоятида оккупантлар томонидан ҳибсга олинганларнинг камида 55 нафари қийноққа солинган. 22 киши талон-торож қилинган, олти нафари яқинларига таҳдид қилинган, яна олти нафари зўрланган.

Фото: Reuters

2022 йилнинг мартидан октябригача Россия томонидан босиб олинган Херсон вилоятида 226 киши ноқонуний ҳибсга олинган, уларнинг аксарияти изсиз ғойиб бўлган. Камида 55 маҳбус қийноққа солинган, 22 киши талон-торож қилинган, олти нафарининг яқинларига таҳдид қилинган, яна олти нафари зўрланган. Бундан ташқари, руслар 12 маҳбусни ташвиқот видеоларида кўринишга мажбурлаган. Камида беш киши ҳибсга олиш пайтида ёки озод этилганидан кўп ўтмай вафот этган. Ҳужжатлар билан тасдиқланган бу маълумотлар 18 ноябрь, жума куни АҚШ Давлат департаменти томонидан молиялаштириладиган Conflict Observatory томонидан эълон қилинган таҳлилий ҳисоботда келтирилган.

Ҳибсга олинган ва ўғирланганларнинг мутлақ кўпчилиги - 87 фоизи - эркаклардир, улар асосан 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган (79 фоиз).

Аксарият ҳолларда россияликлар амалдаги ёки собиқ давлат хизматчилари (60 киши), фуқаролик жамияти раҳбарлари ёки кўнгиллилар (33 киши), ўқитувчилар (17 киши), ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик органларининг амалдаги ёки собиқ амалдорлари (9) ва журналистларни (7 киши) қўлга олишган.

Ҳисоботда алоҳида қрим-татар жамияти аъзоларига нисбатан номутаносиб даражадаги номақбул муносабат қайд этилган. 177 ҳолатда одамлар россиялик ҳарбийлар, 27 ҳолатда Федерал хавфсизлик хизмати ("ФСБ") ходимлари томонидан қўлга олинган. Таҳлилчилар одамлар кўпроқ қўлга олинган, қийноққа солинган ва сўроқ учун олиб кетилган 12 та жойни аниқлашга муваффақ бўлишди.

Conflict Observatory жорий йилнинг май ойида Россия кучлари томонидан Украинада содир этилган ҳарбий жиноятлар ва бошқа ваҳшийликларга оид далилларни тўплаш, таҳлил қилиш ва тақдим этиш учун ташкил этилган. Дастур ҳужжатлаштириш, текшириш ва очиқ манбалардан тўпланган далилларни тарқатишни ўз ичига олади.

Ҳисобот муаллифларининг таъкидлашича, босқин бошланишидан олдин ҳам АҚШ расмийлари Россиянинг Украинанинг босиб олинган ҳудудларида потенциал мухолифат арбоблари ва фаолларини қўлга олиш ёки ўлдириш режалари ҳақида хабар беришган. Ҳужжатда таъкидланишича, 226 та ҳужжатлаштирилган ҳолат Херсон вилоятида ҳибсга олинган ва бедарак йўқолганларнинг ҳақиқий сонининг фақат бир қисмидир.

Агар расмий тергов ҳисобот муаллифларининг хулосаларини тасдиқласа, унда қайд этилган ҳолатлар кўплаб халқаро конвенциялар, инсон ҳуқуқлари ва инсонпарварлик қонунчилигининг бузилиши сифатида баҳоланиши мумкин, дея таъкидлайди Conflict Observatory.

Мавзуга оид