Жаҳон | 18:48 / 21.11.2022
12001
1 дақиқада ўқилади

Месси ва Роналдунинг биргаликдаги сурати фотошоп бўлиб чиқди

«Манчестер Юнайтед» ҳужумчиси Криштиану Роналду ва «ПСЖ» ҳужумчиси Лионел Мессининг биргаликда тушган сурати компьютер дастурида ясалган бўлиб чиқди.

Фото: AP

Аввалроқ, футболчилар ижтимоий тармоқларида Louis Vuitton брендининг реклама кампанияси акс этган суратини жойлаштиришган эди. Унда суперюлдузлар жомадон устида шахмат ўйнаб ўтиргани акс этган.

Роналду ва Месси томонидан ижтимоий тармоқдаги саҳифаларида бир вақтда жойлаштирган сурат жуда уйғун кўринди. Аммо кейинчалик маълум бўлишича — монтаж маҳсули.

Рекламани суратга олиш жараёни видеосини томоша қилгач айнан шундай хулосага келиш мумкин. Унда футболчилар бир-биридан алоҳида тарзда суратга тушишган.

Оммавий ахборот воситаларида «футбол тарихидаги энг зўр футбол сурати» деб аталган фотони бир неча соатлар ичида 20 миллиондан ортиқ одам томоша қилган эди.

Криштиану Роналду ва Лионел Месси мос равишда Португалия ва Аргентина миллий жамоаси таркибида Қатардаги жаҳон чемпионати иштирокчиси саналади.

Мавзуга оид