Ўзбекистон | 09:38 / 23.11.2022
9300
2 дақиқада ўқилади

Подшоҳ Абдулазиз номидаги университет ўзбекистонлик талабаларга ўқув грантлари ажратмоқчи

Амалий ташриф билан Саудия Арабистонига борган президент маслаҳатчиси Музаффар Комилов бошчилигидаги Ўзбекистон  делегацияси Жидда шаҳридаги Подшоҳ Абдулазиз номидаги университет ректори вазифасини бажарувчи Ҳана бинт Абдулла Али ан-Наъим билан учрашгани баробарида Подшоҳ Абдулазиз номидаги Кисва ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти билан ҳам танишди, деб хабар бермоқда «Дунё».

Подшоҳ Абдулазиз номидаги университет

Ўзбекистон олий таълим муассасалари, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси билан Подшоҳ Абдулазиз номидаги университет ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш, ўзаро ўқитувчи-талабалар ва илмий тадқиқотчилар алмашувини йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди.

«Имзоланадиган икки томонлама ҳужжатлар ўзаро муносабатлар ҳуқуқий асосини яратиб, алоқалар янада мустаҳкамланишига хизмат қилади, - деди Ҳана бинт Абдулла Али ан-Наъим. -Университет Туризм факультетида таҳсил олаётган талабалар сонини 200 дан 1000 нафаргача кўпайтиришни режалаштиряпмиз. Бироқ бизда профессор-ўқитувчилар етишмовчилиги мавжуд. Ушбу муаммони ҳал этиш мақсадида Ўзбекистондан тажрибали педагогларни жалб этиш имкониятини кўриб чиқишимиз мумкин».

Мулоқот натижасида ўзбекистонлик талабаларга бакалавр ва магистратура босқичлари учун ўқув грантлари ажратиш ҳамда қисқа муддатли курсларни  ташкиллаштириш, илмий доиралар ўртасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, Ўзбекистон Халқаро ислом академиясида ташкил этиладиган қисқа курсларда Подшоҳ Абдулазиз номидаги университет профессор-ўқитувчилари маъруза билан иштирокини таъминлаш ва бошқа йўналишларда ҳамкорликни йўлга қўйиш юзасидан бир тўхтамга келинди.

Мавзуга оид