Фан-техника | 12:27 / 24.11.2022
62566
10 дақиқада ўқилади

“Зиёли қатлам устидаги тажрибаларда эҳтиёткорлик лозим”. Мутахассислар – докторантура қабулидаги беқарорлик ҳақида

“Биринчи хато натижасизликка олиб келди. Буни оқлаш учун яна бир хатоликка йўл қўйилди – бўш ўринларни тўлдириш учун яна қабул эълон қилинди. Бу сафар сертификат талаби бекор бўлди. Иккинчи хатолик энди бебурдликка олиб келди. Зотан, “принцип”га дарз кетди”.

16 ноябр куни Kun.uz'да эълон қилинган “Докторантурадаги алғов-далғов: имтиҳон натижалари бекор қилиниши ортида моддий манфаат ётибди(ми?)” номли мақоладан сўнг бир гуруҳ зиёлилар, жамоат фаоллари ҳамда мутасаддилар бу масала бўйича ўз фикрларини билдиришди.

“Мантиқ қачон ишлайди?”

Бахтиёр Менглиев / Фото: Kun.uz

Бахтиёр Менглиев, профессор:

— Таълим – мамлакатимизни ривожлантириш сиёсатининг устувор масаласи. Тизимдаги узвийлик ва узлуксизлик унинг сифатини таъминлашнинг асосий тамойили. Бу тамойил таълимни ташкил этишдан тортиб унинг мазмунигача қизил ип бўлиб ўтади. Аммо узвийлıк ва узлуксизлик қуйидан юқорига поғонали равишда амалга оширилиши кутилган натижани беради.

Бунинг том аксини эса магистратура ва докторантурага кириш талабларида кўриб турибмиз. “Занжир” мантиғининг бузилиши қандай натижаларга олиб келганига гувоҳмиз. Магистратурага кириш учун дабдурустдан хорижий тилни билиш сертификати талаб қилинди. Натижа нима бўлди? Ажратилган ўринлар тўлмай қолди.

Биринчи хато натижасизликка олиб келди. Буни оқлаш учун яна бир хатоликка йўл қўйилди – бўш ўринларни тўлдириш учун яна қабул эълон қилинди. Бу сафар сертификат талаби бекор бўлди. Иккинчи хатолик энди бебурдликка олиб келди. Зотан, “принцип”га дарз кетди.

Докторантурага қабулда ҳам шундай йўл тутилди. Йўл қўйилган хатодан хулоса чиқарилмади. Айрим ОТМларда докторантурага қабул имтиҳонлари бошланиб ҳам кетди. Аммо Инновацион ривожланиш вазирлиги бемаҳал буйруқ чиқариб қолди: “Хорижий тилни билиш сертификати бўлмаса, талабгор қабул қилинмайди”.

Бу бир нечта савол туғдирди:

1. Вазирлик қачон ташкил топди, 2022 йил 15 ноябрдами?
2. Кечикиб буйруқ беришнинг сабаби нима?
3. ОТМларда қабул қилинган имтиҳонлар қайси асосда бекор қилинади?
4. DSс докторантураси учун ҳам сертификат талаб қилинадими? Ахир, бу талабгорлар имтиҳон топширмайди-ку?

Хуллас, бу саволларга тегишли жавобни кутган ҳолда жараёндаги мантиқсизликларга тўхталамиз:

  • биринчидан, сертификат талабига қарши эмасмиз, ҳатто қўллаб-қувватлаймиз;
  • иккинчидан, докторантурага кириш учун сертификат талаб қилиш, мантиқан, магистратурани битириш учун сертификат талаб қилишдан кейин қўйилиши керак;
  • учинчидан, магистратурага кириш учун сертификат талаб қилиш бакалавриатни битириш учун сертификат талаб қилишдан кейин қўйилиши керак;
  • бакалавриат учун сертификат талаб қилиш мактаб битирувчиси учун сертификат талаб қилишдан бошланиши керак.

Кўринадики, мана шу тизимга амал қилиш ҳам таълимдаги мантиқий узлуксизлик ва узвийликнинг бир кўринишидир. Мантиқ ишламаган жойда ҳафсала қарийди, тизимдан нолиш, одамларга кутилмаган жабр пайдо бўлади.

“Мантиқ left the group”

Бахтиёр Абдуғафур / Фото: Kun.uz

Бахтиёр Абдуғафур, Ўзбекистон ФА Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институти Микроорганизмлар биотехнологияси лабораторияси мудири, биология фанлари доктори:

— Бу сафар ҳам оригиналликка ҳаракат қилишганми, деган ўй кўнглимдан ўтди. Бу нарса, тажрибамдан келиб чиқиб айтсам, хорижда йўқ.

Моҳиятан, DSc хорижда Postdoctoral босқич ҳисобланади ва PhD илмий даражаси борлар қабул қилинади.

Хорижда Postdoctoral босқичини давом эттириш – постдок қилиш учун ҳеч қандай тил сертификати сўралмайди. Ўзим икки марта постдок бўлганман. 2015-2016, 2017-2018 йилларда. Хорижлик бўлганим учун талаб қилишса ҳақли бўлишарди. Лекин бирортасида тил сертификати талаб қилинган эмас. Бу амалиёт бутун дунёда амалда. Ҳатто, инглиз тили устувор бўлган АҚШ ёки Британияда, кенг қўлланадиган Европада... ва ҳатто Хитойда ҳам.

Хўш, бизда қайси сабаблар билан хорижий тил сертификати талаб этиляпти?

Фараз қилинг, фан номзоди – домла инглиз ёки немис тилидан ДТМга имтиҳон топширгани боряпти. Балки у талабгор бир неча йил хорижда фаолият юритган ёки университетларда маърузалар ўқигандир, зўр-зўр мақолалар эълон қилган, монографиялар, китоблар ёзган (шундайларни биламан). Энди, ўша олимларга талаб қўйиляпти-да: “Боринг, домла, имтиҳон топшириб келинг!”

Хўш, бу талаб иззат-нафси бор, ғурури ўлмаган олимга қандай таъсир қилади?

Агар менга шундай деганларида бундай “постдокторантура”дан воз кечардим. Нега?

Докторантурада ўқиётган вақтимизда яна ўзимизга хос талаблар пайдо бўлди. Докторлик диссертацияси ҳимоясидан олдин чет тили, Ўзбекистонда демократик жамият қуриш назарияси... яна аллақандай фанлардан имтиҳонлар топшириш талаб этилди.

Фараз қилинг-а, катта-катта домлалар ҳали у институтга, ҳали бу институтга бориб имтиҳон топширганмиз. Агар ўша вақтда чет элдан бирор киши билиб қолса куларди, шармандамиз чиқарди. Лекин иложимиз қанча, докторлик диссертациялар ёзилган, ҳимоя қилишимиз керак.

Микробиолог ёки нейрохирург, айтайлик, демократик жараёнлар, яна аллақандай сиёсий жараёнларни ўқишимиз керак эди. Ўқиганмиз ҳам. Фақат, вақтимиз ва нақдимиз кетган.

Ўшанда бир характерли суҳбат бўлганди. Ёши каттароқ ака биз билан имтиҳон топширарди. Ундан кейин менинг навбатим. Ўшандаги тортишув эътиборимни тортганди:

— Бу ёғи энди 3 баҳо, хафа бўлмайсиз!

— Нега уч?!

— Бу нарсаларни билишингиз керак. Мана, айтяпсиз, Германияда ишлайман, деб. Германияда сўраб қолишса, “Ўзбекистонда давлат бошқаруви қандай?” деб. Сиз нима деб жавоб берасиз?

— Домла, Германияда бунақа нарсаларни сўрамайди. Мен нейрохирургман! Нейрохирургиядан докторлик қиляпман. Мендан немислар демократик жараёнлардан эмас, нейрохирургиядан маъруза ўқишимни сўрайди, чунки мен нейрохирургия бўйича мутахассисман!

Шу билан баҳс узилганди. Аниқроғи, баҳсга нуқта қўйилганди. Тўғри-да, нейрохирургдан нейрохирургияни, математикдан математикани талаб қилиш керак.

Энг ачинарлиси, яна қандайдир қарор чиқди, талаблар ўзгарди, имтиҳонларни топшириб бўлганимизда булар бекор бўлди. Олган сертификатларимиз керак бўлмай қолди.

Хуллас, бу сафарги ўзгариш ва талабни умуман ёқламайман. Бу ҳам келиб, мен ўтган босқичдаги ўзгаришлар каби бекор бўлади. Бу ишларда мантиқ кўрмайман.

Қатъий фикрим шуки, жамиятнинг зиёли элитаси устидаги тажрибаларда эҳтиёткорлик лозим. Масалага мантиқан ёндашиш керак. Янгилик қиламан деб, бошқаларни овора қилмаслик керак, ҳурматли мутасаддилар. Хориж тажрибасини олайлик, сайқалланиб бу кунги ҳолатига келди.

Илм-фан ривожига қандай қилиб халақит бермасак бўлади, деган масалани бир неча ўн йиллар аввал ечиб қўйишган. Дунёдан айри яшай олмаймиз. Дунё фани ва ўзбек фани деган нарса йўқ. Ҳаммаси бир қозонда қайнайди.

Мендан ҳеч ким инглиз тилини талаб қилмаган. Лекин Scopus базасидаги 11 мақоламнинг ҳаммаси инглизчада. Чунки олим бўлиш ва инглизча билиш аслида параллел кечадиган табиий ҳолат.

“Биз таълимни шу аҳволга келтирдик”

Шахсини очиқлашни истамаган ижтимоий тармоқ фаоли шундай дейди:

— Таълим ҳақида жуда кўп гапирилади. Таълимда коррупция юқори, таълим жудаям ёмон аҳволда деб. Лекин биласизми, ҳаммасига ўзимиз сабабчимиз, жим турамиз, агар ёзиш керак бўлса блогерларга ёздирамиз. Сиз ёзинг, сизни эшитишади деб, лекин биз ёзсак ҳамма тошлар бизга келиб отилади, ҳамма нарса бизнинг бошимизга келиб синади.

Неча кундирки, Инновация вазирлиги илм аҳлининг устидан очиқчасига кулиб келмоқда. Тасаввур қилинг, 1 ойда 3 та қарор (ҳали яна ўзгариш бўлишига шубҳа йўқ). Битта қонун билан ҳаммасини тартиблаб қўйиш қийинмиди? Биласизми, ҳозир шу ерда тўхтаб, ўйлаб кўринг, нимани тўғри қилдингиз, бошида чиқарган қарорингиз билан, илм аҳлининг олдида ҳурматга эришмоқчи бўлдингиз, лекин ўхшамади. Ундан кейин яна 2 та қарор чиқди, барибир муаммо қолди, ечилмади.

Келинг ундан кўра очиқчасига “биз коррупцияга имкон бердик” деб қўя қолинг.

Таълим тизимининг энг юқориси бу. Бу ерда аҳмоқ одамлар йўқ, бу инсонлар – илм эгалари. Бугун илм аҳлларини шундай саралаб олсангиз, таълимда яна қанақа ўзгариш бўлишини кутасиз? Ҳеч қанақа жавоб йўқ. Бугун олийгоҳда 10 та профессор бўлса, камида 7 таси, фақат курсида ўтиришни билади, ёзган илмий иши билан мақоласини ўзи ўқигиси келмайди “уялади”, чунки улар шу тизимда бу “унвонга” эга бўлишган.

Расмий муносабатлар

Kun.uz'даги мақолага Давлат тест марказининг муносабатида, талабгорлар учун 15 та хорижий тилдан имтиҳонлар ташкил этилиши, бирор ҳужжатда магистратура ва докторантурага кириш учун айнан ДТМнинг чет тили сертификатини олиш керак деган талаб белгиланмагани таъкидланган. Яъни талабгорлар чет тилидан бошқа сертификатларга эга бўлиши ҳам мумкин.

Инновацион ривожланиш вазирлиги ҳам мазкур мақолага расмий муносабат билдирди. Баёнотда чет тилидан ўтказилган имтиҳон натижалари вазирлик томонидан бекор қилинмагани айтилган. Аммо ОТМлар имтиҳон натижаларининг бекор қилинишига вазирликнинг 2022 йил 15 ноябрдаги 01-10/6536-сонли хатини асос қилиб келтирган.

Докторантурага талабгорларни жамлаган “Олий таълимдан кейинги таълим” Telegram гуруҳи мутасадди ташкилотларнинг муносабатига изоҳ берди:

“Бу баёнотларинг барчаси, Kun.uz берган “тарсакидан” кейин чиқарилди. Давлат тест маркази ва Инновация вазирлиги томонидан чет тили бўйича имтиҳон кунлари ва саналарига оид маълумотлар ҳам бу постдан кейин чиқарилган. Ундан олдин вазирлик томонидан ҳеч қандай реакция берилмаган эди”.

Мавзуга оид