Ўзбекистон | 07:03 / 25.11.2022
22027
2 дақиқада ўқилади

Нозима Давлетова Масс-медиа фонди васийлик кенгаши раиси бўлди

Илгари бу лавозимни Комил Алламжонов эгаллаб келган.

Фото: Масс-медиа фонди

24 ноябрь куни Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши ва таъсисчиларининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилий масалалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда фонд васийлик кенгаши раиси лавозимига Нозима Давлетованинг номзоди кўриб чиқилди ва маъқулланди. Илгари у ушбу фонд директори бўлиб ишлаган.

Нозима Давлетова жамоатчилик билан алоқалар бўйича мутахассис. У университетда «халқаро музокаралар» йўналишида дарс бериш тажрибасига эга, гендер масалалари бўйича лойиҳалар ташаббускори ва координатори бўлган.

Халқаро алоқалар ва нодавлат нотижорат ташкилотларида тажрибага эга Акрамжон Фозилов Масс-медиа фонди директори этиб тайинланди. Бунгача у Европа-Ўзбекистон иқтисодий ҳамкорлик ассоциацияси – EUROUZ'нинг Тошкентдаги лойиҳа офиси раҳбари бўлган.

Эслатиб ўтамиз, шу йил июль ойи охирида Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгашининг собиқ раҳбари Комил Алламжонов президент администрацияси раҳбари ўринбосари этиб тайинланган эди. У жамоатчилик фикрини ўрганиш ва ахборот сиёсати учун масъулдир.

Мавзуга оид