Жаҳон | 18:21 / 25.11.2022
20738
2 дақиқада ўқилади

Трамп яна жинсий зўравонликда айбланди

Журналист ва ёзувчи Жин Кэррол собиқ президент устидан судга ариза берди.

Фото: Reuters

Америкалик журналист ва ёзувчи Жин Кэрролл собиқ президент Доналд Трамп устидан судга мурожаат қилди ва уни 1990-йилларда жинсий зўравонлик қилганликда айблади. Аёл аввалроқ ҳам сиёсатчини ушбу жиноятда айблаб, ариза берган эди.

Нью-Йоркда жинсий зўравонлик қурбонларига кўп йиллар олдин содир бўлган жиноятлар билан боғлиқ даъво аризасини топширишга рухсат берувчи қонун кучга киргач, Кэррол ушбу ҳуқуқдан фойдаланди.

Журналист янги аризасида Трамп уни зўрлагани ва калтаклаганини, шунингдек, зўравонлик юз берганини рад этиш оқибатида ўзига туҳмат қилганини таъкидлаган.

Уч йил олдин Кэрролл собиқ президентни 1990-йилларда ўзини зўрлашга уринганликда айблаган эди. Кэрролл бу ҳолат ҳақида полицияга хабар бермаган, аммо яқин икки дўстига айтган. Улар Кэрроллнинг сўзларини тасдиқлаган.

Шундан сўнг, Оқ уй ўз баёнотида бу айбловларни «бутунлай ёлғон ва ҳақиқатда бўлмаган воқеа» деб атади. Трампнинг ўзи ҳам бу айбловларни рад этиб, Кэрролл «унинг дидига мос аёл эмаслигини» айтди.

Энди журналист Трампдан товон пулини ундириб олмоқчи, унинг миқдори қандай бўлиши аниқ эмас.

Биринчи суд эшитувлари 2023 йил феврал ойига белгиланган. Аммо Трамп адвокатлари апелляцияси туфайли унинг муддати ўзгариши мумкин.

Мавзуга оид