Спорт | 14:22 / 27.11.2022
44916
22 дақиқада ўқилади

Месси яна қутқарди, плей-оффнинг илк иштирокчиси аниқ

Қатардаги жаҳон чемпионатининг еттинчи кунидаги асосий воқеалар, голлар ва гуруҳларда юзага келган вазият.

Фото: AFP

Чемпионликка даъвогар саналган аргентиналиклар, ғалаба қозонган бўлса-да, кутилган ўйинни намойиш эта олмаяпти.

ЖЧ-2022. С гуруҳи. 1-тур
Аргентина — Мексика 2:0

Голлар: Месси (64), Фернандес (87). 
Аргентина – Мартинес, Монтьель (Молина, 63), Отаменди, Мартинес, Акунья, Ди Мария (Ромеро, 69), Мак Аллистер (Паласиос, 69), Де Пауль, Родригес (Фернандес, 57), Месси, Мартинес (Альварес, 63). 
Мексика – Очоа, Альварес (Хименес, 66), Морено, Араухо, Монтес, Гальярдо, Гуардадо (Гутьеррес, 42), Эррера, Чавес, Лосано (Альварадо, 73), Вега (Антуна, 66).
Огоҳлантиришлар: Араухо (22), Монтьель (43), Гутьеррес (50), Эррера (66), Альварадо (89).

Миш-мишлар ва раддия

Мессининг соғлиги — бу маълумотни ёритиш нуқтайи назаридан жуда қизиқарли мавзу. Дастлабки тур арафасида қатор манбалар аргентиналиклар сардори жароҳат туфайли пауза қилгани ҳақида хабар тарқатишди. Леонинг ўзи Саудияга қарши ўйиндан олдин бу борада изоҳ бериб, дастлабки жамоавий машғулотларда иштирок эта олмаганини тасдиқлади ва бу профилактика чораси бўлгани, ҳозир эса руҳий ва жисмоний жиҳатдан жуда яхши ҳолатда эканини айтди.

Биринчи тур янги версияларни юзага келтирди. Бу сафар унинг мушакларида муаммо борлиги ва яна асосий гуруҳдан алоҳида машғулот ўтказгани муҳокама қилинди. Сардор навбатдаги ўйиндан олдинги матбуот анжуманида иштирок этмади ва бу борадаги саволларга Лионел Скалони жавоб қайтаришига тўғри келди, бош мураббий қатъий қилиб айтди: «Бу миш-мишлар қандай тарқалаётганидан бехабарман. Мессида барчаси жойида, ҳар доимгидан ҳам яхши. Ҳам жисмонан, ҳам руҳан. Бу борада ҳеч қандай шубҳага ўрин йўқ, унда ҳеч қанақа муаммо йўқ».

Аммо, нима бўлганда ҳам, сардор Мексика билан ўйинда иштирок этишига аввалбошдан шубҳа йўқ эди. Шунингдек, Саудия Арабистонидан учралган мағлубиятдан кейин Месси жамоани йиғиб, хотиржамликни сақлаш ва янада жипслашишга чақириб, нутқ сўзлагани маълум бўлганди.

Қолгани — мураббийнинг иши ва Скалони кутилганидек одатий 4-3-3 схемасига қайтди. Бу схемадан воз кечилишини стартда максимал даражада ҳужумкор футбол ўйнаш истаги билан изоҳлаш ҳам, бу схемада турнирни ўтказиб юбораётган Ло Челсонинг ўрнини боса олувчи футболчи топилмаганини тан олиш сифатида баҳолаш мумкин эди.

Собиқ мураббийга қарши

Аргентина бошланғич таркибни эълон қилганида, кимдир буни «инқилобий ўзгариш» деб ҳисоблаган бўлиши ҳам мумкин. Чунки ҳал қилувчи ўйин стартида аввалги ўйин билан солиштирганда беш ўзгартириш қилинганди, ҳимоячилар тўртлигидаги уч футболчи алмашганди — бу жуда кўп. Аслида ҳеч қандай экстраординар қарорга қўл урилмаганди. Аксинча, Акунья, Монтиэл ва Мак Алистерни Саудия Арабистонига қарши ўйинда ҳам майдонга тушиши кутилганди ва ўшанда аргентиналик қатор инсайдерлар шу футболчилар асосий таркиб футболчилари эканини айтишганди.

Лисандро Мартинес биринчи ўйинда қўпол хатога йўл қўйган Ромерони алмаштирди. Эҳтимол, Родригес танлови кутилмаган қарор бўлиши мумкин, аммо Скалони Паредесга муқобил танлаганда, тўрт йил Мексикада тўп сурган тажрибали ҳавбекни ёш Энцо Фернандесдан устунроқ кўрди. «Ацтеклар» бошқарувидаги аргентиналик мутахассис, «Барселона» ва Аргентина термасида ҳам Мессига устозлик қилган Херардо Мартино эса уч марказий ҳимоячи билан ўйинни бошлади.

«Мен қаерда туғилганимни биламан. Мен сизларга ўзим туғилган шифохонани ҳам айтишим мумкин, Аргентинадаги она шаҳримни таърифлаб беришим мумкин, аммо мен Мексика ғалаба қозониши учун уддалаб бўлмасдек кўринадиган ишларни ҳам қилиши керак», — деди ўйиндан олдин Мартино. У аргентиналиклар билан икки бор Америка Кубоги финалига чиқиб ютқазган, улардан биридан кейин — 2016 йилда — Месси терма жамоадан кетишини эълон қилганди.

Марадона билан тенглашиш

Аргентинанинг биринчи бўлимдаги ўйини ёмон таассурот қолдирди. Жамоа умуман таассурот қолдира олмади ва бир савол юзага келди: сўнгги йилларда ажойиб футбол намойиш этиб келган ва Қатардаги турнир фаворитларидан бири сифатида кўрилган жамоа қаёққа йўқолди?

Ҳа, мексикаликлар ўзининг бешинчи жаҳон чемпионатида иштирок этган ва биринчи бўлим охирида жароҳат олиб, алмаштирилган Гуардадо билан майдон маркази ва қанотларни ёпиб қўйди. Ҳа, «ацтеклар» фоллар ишлатишдан тортинмади. Фақат биринчи турнинг сўнгги ўйинида Сербия ҳимояланиб, кучли рақобат кўрсатган бўлса-да, барибир Бразилияга қарши тура олмаганди. Бразиллар шунчаки устунлик қилишганди.  Аргентина билан нима бўлди? Биринчи 45 дақиқада атиги битта ноаниқ зарба берилди. Тан олиш керак, жамоа тўпга эгалик қилиш бўйича икки карра устунликка эришди, аммо бу алдамчи кўрсаткич, чунки жамоа футболчилари асосан майдон марказида ёки майдоннинг ўз дарвозаси жойлашган қисмида тўп билан кўпроқ муомала қилди.

Месси жаҳон чемпионатларида ўтказилган ўйинлар сони бўйича Диего Марадона билан тенглашди (21 ўйин). Аммо у ўзи учун севимли бўлган нуқтадан жарима зарбасини жуда ишончсиз ижро этди, унинг зарбасидан кейин тўп трибуна сари кетди, мексикаликлар ҳужумчиси Вега эса шундай вазиятда Эмилиано Мартинесни қаҳрамонлик кўрсатишга мажбур этди.

Аммо шу ўринда Мартинонинг бир гапи ёдга келади: «Баъзида Месси учун 90 дақиқалик ўйинда барчасини ҳал этиш учун беш дақиқа етарли бўлади»! Шанба куни Леога жарима майдони ташқарисида Ди Мариядан пас қабул қилиб, сеҳргар Очоага ҳеч қандай имкон қолдирмаган ҳолда, тўпни дарвозанинг қуйи бурчагига аниқ йўналтириш учун бир неча сония кифоя қилди.

Энди сайёра миқёсидаги биринчиликда унинг голлари сони Марадонаники билан тенглашди — 8 тадан. Аммо унга тенглашиш учун соврин ютиш керак, Аргентина эса очиқчасига ёмон ўйин кўрсатмоқда. Балки илк ғалабадан кейин нимадир ўзгарар? Захирадан ўйинга қўшилган Энцо Фернандеснинг Мессининг пасидан кейин урган чиройли голи эса Америка чемпионларига ниҳоят хотиржам ҳаракат қила бошлагани белгиси бўлди.

Полша Саудия Арабистони устидан қийин ғалабага эришди. Дарвозабон Шченсни ЖЧнинг энг яхши сейвини ижро этди

ЖЧ-2022. С гуруҳи. 2-тур
Польша – Саудия Арабистони 2:0

Голлар: 1:0 – 39 Зелиньски, 2:0 – 82 Левандовски.
Польша – Шченсни, Кэш, Глик, Кивер, Берешиньски, Зелиньски (Каминьски, 63), Франковски, Криховяк, Белик, Левандовски, Милик (Пёнтек, 71).
Саудия Арабистони – Ал-Овайс, Абдулҳамид, Ал-Булайхи, Ал-Амри, Ал-Бурейк (Ал-Ғанам, 65), Ад-Довсари, Канно, Ал-Малки (Ал-Обод, 85), Ан-Нажи (Ал-Обид, 46), Ал-Бурейкан, Аш-Шаҳри (Ад-Довсари, 86).

Саудияликлар Аргентинага қарши ўйинда сенсация кўрсатиб, ғалаба қозонгач ҳам, Лео Месси ва компания диққат марказида қолаётганди. «Альбиселеста» сардори ва умуман жамоага нима бўлгани куннинг долзарб масалаларидан бири бўлиб турганди.

Араблар эса кийим алмаштириш хонасида олинган видеони тарқатиб, эътиборни ўзига қаратишга уринди. Унда бош мураббий Эрве Ренар оташин нутқ сўзлайди ва футболчиларни уйғонишга мажбурлайди. «Унда телефонингни ол ва Месси билан ёнма-ён туриб расм тушиб ол» ибораси ҳитга айланиб кетди. Аммо бундай ёндашув янгилик ва оригинал эмас. Тўрт йил муқаддам французлар кийим алмаштириш хонасидан Пол Погбанинг чоғлантирувчи нутқи чиққан, кейин Жесси Маршнинг «Зальцбург»далигида шундай видеоси тарқалган ва ҳоказо.

Саудия Арабистонининг футболдаги чиқиши ҳам максимал даражада қизиқарли эди. Араблар Аргентинага қарши ўйиннинг тахминан учдан икки қисмида максимал даражада юқори мудофаа линияси билан ҳаракат қилишди, бундай тактика эса ўз жонига қасд қилиш билан баробар эди. VAR ва офсайдни қайд этишнинг яримавтомат тизими борлиги уларнинг омади эди, акс ҳолда танаффусга қадар ҳисоб йириклашиб кетган бўларди. Иккинчи бўлим ўрталаридан саудияликлар қуйи блокда ҳимоялана бошлади, аммо барибир жарима майдонига қамалиб олишмади.

Полша эса Мексикага қарши кечган биринчи ўйинда жуда эҳтиёткорлик билан ҳаракатланганди. Поляклар ҳимояда олти киши бўлиб олган паллалар ҳам бўлди, ҳужумда эса «Роберт Левандовскида кичик имконият бўлиши билан, у бундан фойдаланади» ғояси билан ўйнашди. Ва бу қарийб иш берганди, аммо Гильермо Очоа «Барселона» форварди ўзи ишлаган ва ижро этган пеналтини қайтарганди.

Шу туфайли, Саудия Арабистони ва Полша ўзаро ўйинда қандай кўриниши қизиқ эди. Яна бир муҳим савол саудияликлар ўзларининг улкан муваффақияти ҳиссиётларидан қандай чиқиб кета олиши билан боғлиқ эди. Майдонда маълум бўлдики, уларда бу борада муаммо бўлмаган. Араблар фаоллик билан прессинг ва қарши прессинг қўллаган ҳолда ўйнай олиши, тўпга эгалик қилиши мумкинлигини кўрсатишди. Поляклар эса 4-4-2 схемасида жойлашган (ҳужум жуфтлигини Левандовски ва Аркадиуш Милик ташкил қилишди) бўлишса-да, амалда Мексика билан ўтган ўйинни давом эттиришди, улар рақиб томонидан бу қадар ҳужумкорликка тайёр бўлмаганди. Европаликлар илк 20 дақиқада олган уч сариқ карточка — вазиятни ифодалаб берувчи статистика.

Аммо Полша ўз имконини топди ва ундан фойдаланди. Бу Бельгия — Канада учрашувидаги каби бўлди, ўша ўйинда ҳам номинал андердог фаолроқ ҳаракат қилган ва мухлислар симпатиясини уйғотган, кейин эса тажрибалироқ бўлган рақиб минимал хатодан фойдаланиб, жазолаганди. Ўхшашликни саудияликлар аниқ ижро эта олмаган пенальти ҳам кучайтиради. Бироз шубҳали вазиятда белгиланган пеналтини поляклар посбони Войцех Шченсни ҳозирча 2022 йилги жаҳон чемпионатининг энг яхши сейвини намойиш этган ҳолда тўсди, у нафақат арабларнинг асосий юлдузи Салим Ад-Довсарининг зарбасини, балки қайтган тўпга берилган зарбани ҳам қайтарди.

Танаффусда Ренар яна мотиваторлик қобилиятини намойиш этди ва Саудия Арабистони иккинчи бўлимни ҳам жуда тетик бошлади, бир қанча хавфли вазиятлар яратилди, умуман олганда бу картина ўйин охирига қадар сақланиб турди. Аммо саудияликлар ўз имкониятларини йўққа чиқаравергач, 60-дақиқалардан кейин Полша ёки ғалабани сақлаб қолиши ёки рақибни яна жазолаши мумкинлиги ҳақида ҳиссиёт пайдо бўлди. Бундай сценарий рўй бериши яққол кўриниб турганди ва 82-дақиқада амалга ошди, Левандовски жарима майдони олдида қўпол хатога йўл қўйган Абдулла Ал-Малкини жазолаган ҳолда, жаҳон чемпионатларидаги илк голини урди.

Энди плей-оффга чиқиш учун Полшага гуруҳ босқичининг сўнгги турида Аргентинага қарши ўйинда дуранг қайд этиш ҳам етарли бўлади. Ва поляклар ўша ўйинда қандай ҳаракат қилиши ҳозирдан маълум дейиш мумкин: ҳимояланишади, сабр қилишади ва ўз имконини кутишади. Бу жамоа ҳозирда чемпионатнинг энг зерикарли ўйин кўрсатаётган жамоаларидан бири бўлиб турибди.

Мбаппе қойилмақом ўйнамоқда. У Францияни плей-оффга олиб чиқди ва «Олтин тўп» учун катта қадам ташлади

ЖЧ-2022. D гуруҳи. 2-тур
Франция – Дания 2:1

Голлар: 1:0 – 61 Мбаппе, 1:1 – 68 Кристенсен, 2:1 – 86 Мбаппе.
Франция – Льорис, Кунде, Варан (Конате, 75), Упамекано, Эрнандес, Рабьо, Тчуамени, Жиру (Тюрам, 63), Гризманн, Дембеле (Коман, 75), Мбаппе.
Дания – Шмейхел, Кристенсен, Кристенсен, Андерсен, Нельссон, Мэле, Эриксен, Хейбьерг, Дамсгор (Дольберг, 73), Линдстрем (Нергор, 85), Корнелиус (Брэйтуэйт, 46).
Огоҳлантиришлар: Кристенсен (20), Корнелиус (23), Кунде (43).

Cкандинавларнинг устунлиги

Тўрт йил олдин ҳам Франция ва Дания жаҳон чемпионати гуруҳ босқичида ўзаро ўйнаган ва бу ўша чемпионатдаги ягона голсиз дуранг бўлганди. Қатарда голсиз ўйинлар сони аллақачон бештага етди ва улардан бири скандинавлар иштирокида бўлди — биринчи турда Евро-2020 яримфиналчилари кутилмаганда Тунис билан очколарни бўлишиб олган ва ўзини ноқулай ҳолатга тушириб қўйганди. Бу хатони тузатиш учун Каспер Юльманн жамоаси жаҳон чемпионларини енгиши шарт эди.

Бу вазифа қийин эмасдек кўринди. Сўнгги ярим йилда Дания Францияни икки бор мағлуб этган, бу расмий ўйинларда рўй берган — улар Миллатлар Лигасида ҳам бир гуруҳдан жой олишганди ва скандинавлар икки ўйинда ҳам устун келишганди. Дидье Дешам жамоаси бу мағлубиятлар туфайли А дивизионни тарк этишига бир бахя қолган ва жаҳон чемпионатига жароҳатлардан энг кўп жабр кўрган топ-жамоа сифатида ташриф буюрди. Бундай вазиятда Дания билан ўйиндаги имкониятлар камида тенг кўринарди.

Таркибдаги жиддий ўзгаришлар

Миллатлар лигасида Франция уч марказий ҳимоячини назарда тутувчи схемада ҳаракатланганди, аммо жаҳон чемпионатида Дешам 4-3-1-2 схемасини асосийси қилиб танлади. Худди 2018 йилги жаҳон чемпионатидаги каби. Уни биринчи ўйинда Люк Эрнандес оғир жароҳат олиб, сафдан чиқиши ҳам бу фикрдан қайтара олмади. Энди унинг укаси Теога терма жамоа чап қанотида муқобил вариант йўқ ва бу жуда хавфли. Аммо Дешам, афтидан, мудофаанинг ўнг қанотидаги вазият янада ёмонроқ деб ҳисобламоқда — у кутилмаганда Павара ва Конатени Кунде ва Варанга алмаштирди. Яъни Данияга қарши ўйиндан олдин французлар ўтган ўйинда мудофаа чизиғида стартда бўлган тўрт футболчидан уч нафарини ўзгартирди, фақат Упамеканога тегилмади.

Юлманн эса ҳужум чизиғи ҳаракатларидан қониқмаганини кўрсатди — Тунис билан ўйинда ҳаракатланган ҳужум учлиги тўлиқ алмашди. Эриксен орқароққа ўтди, олдинда эса африкаликларга қарши илк дақиқалардан ҳаракат қилмаган Дамсгор, Линдстрем ва Корнелиус тушишди.

Прессингдан воз кечиш

Аммо данияликлар ҳужуми кучайиб қолмади. Скандинавлар илк зарбани фақат 36-дақиқада беришди, бунгача дарвоза сари фақат Франция зарба йўллаётганди. Амалдаги жаҳон чемпионлари тўпни назорат қилишга интилмади, аммо Дешам жамоаси индивидуал маҳорат эвазига тезликни кучайтириб, қатор вазиятларга эга бўлишди. Жиру ҳам, Гризманн ҳам, Дембеле ва Рабьо ҳам гол уриши мумкин эди. Мбаппе эса дастлабки 40 дақиқада деярли кўринмади ва фақат биринчи бўлим охирига келиб яхши имкониятга эга бўлди, аммо унинг зарбаси бироз юқоридан кетди.

Бу ўйин бир неча хусусиятлари билан ажралиб туради. Биринчидан, юқорида айтилган ўйин давомида суръатнинг кескин ошиши, Франция бундан фойдаланди. Иккинчидан, Даниянинг ҳужумдаги пассивлиги. Учинчи банд эса икки жамоага ҳам тааллуқли — улар прессингдан буткул воз кечишди. Замонавий футбол учун эса бу жуда ҳайратланарли ҳолат, чунки жамоалар рақибни анча олдинроқда қарши олишга одатланган. Аммо бу ерда ҳимоячилар ўз жарима майдонлари атрофида ҳеч қандай қаршиликка учрамай, тўпни бир-бирига оширишди — форвардлар фақат марказий доира атрофида прессингга киришишди ва шунда ҳам у қадар тажовузкорлик кўрсатилмади. Франция шусиз ҳам ўзини ажойиб ҳис қилган бўлса, данияликларнинг бундай вазиятдаги эҳтиёткорлиги бироз ажабланарли — улар марказий ўқ атрофида сон жиҳатдан бироз устунликка эгалигидан фойдаланиб, агрессивроқ ҳаракатланиши мумкин эди.

Скадинавларнинг уйғониши

Дания жаҳон чемпионатида учинчи бўлимни ҳам муваффақиятсиз ўтказди, шу туфайли Юльманн яна футболчиларнинг жойлашувини ўзгартириб ташлашга қарор қилди — Корнелиус ўрнига Брейтуэйт чиқди. Скандинавларнинг ҳужумлари тетиклашди, лекин голни французлар уришди. Мбаппе учун бу фаолиятидаги энг яхши ўйини эмаслиги аниқ, у қарийб бир соат давомида ўз имкониятларининг фақат 50 фоизини ишга солди. Аммо керакли паллада Килиан порлади ва Тео Эрнандес билан девор услубида ўйнаб, ҳисобни очди.

Франция ҳақли равишда ўз голини урди ва ўйин мантиғига кўра ҳимояга қайтиб, буткул қарши ҳужумларга эътибор қаратиши керак эди. Аммо Евро яримфиналчилари бирданига уйғонишди, уларни стандарт вазиятлар уйғотди. Биринчи бўлимда данияликлар бирор марта бурчак зарбасини ижро этишмаганди, танаффусдан кейин эса бу тез-тез рўй бера бошлади. Бу вазиятлардан бири голга олиб келди: Эриксен тўпни ошириб берди, Андерсен узатмани зарба бериш учун қулайлаштирди, Кристенсен ҳисобни тенглаштирди.

Шиддатли Мбаппе

Данияликлар ўйинини кучайтирди, аммо кеч бўлганди. Улар фақат 60-дақиқадан кейин бир ярим йил муқаддам футбол мухлислари қалбидан жой эгаллаган жамоани ёдга солувчи ҳаракатларни амалга ошира бошлади. Вазиятлар ҳам юзага келди: Линдстрем жамоани ҳисобда олдинга олиб чиқиш учун жуда зўр имкониятга эга бўлганди, аммо Льорис «Учранглилар»ни қутқарди. Ўйиннинг бу қисмида Франция чинакамига ожиз қолганди ва бошқа гол ўтказмагани уларнинг омади эди.

Ўйин охирида французлар яна ташаббусни қўлга олишди ва барибир Данияни таслим этишди. Яна Мбаппе диққат марказида — унинг ҳимоячилар ортида очилиши Францияни яна ҳисобда олдинга олиб чиқди ва жамоа ғалабани сақлаб қолди.

Килиан учун бу жуда муҳим дубл бўлди. У 2022 йилда клуб ва миллий жамоа сафида 50+ гол урган биринчи футболчига айланди. Жамоа эса 1/8 финал йўлланмасини нақд қилди — сўнгги 3 та мундиалда амалдаги чемпион гуруҳдан чиқа олмаётганди, Франция нохуш анъанани бузди.

Дания эса — турнирни тарк этиш ёқасига келиб қолди.

Тунисликлар ҳали бирорта гол уришмади ва амалда гуруҳдан чиқиш имконини йўқотди. Жаҳон чемпионатларида 12 йилдан буён ғалаба қилмаган Австралия энди Дания билан плей-офф учун курашади

ЖЧ-2022. 2-тур. D гуруҳи
Тунис — Австралия 0:1

Гол: Дьюк (23).
Тунис – Дамен, Дрэгер (Сасси, 46), Мерья, Бронн (Кешрида, 73), Талби, Абди, Слити, Схири, Лайдуни (Ҳазри, 67), Мсакни, Жебали (Ҳенисси, 73). 
Австралия – Райан, Карачич (Дегенек, 75), Суттар, Роулз, Бехич, Муй, Ирвайн, Макгри (Хрустич, 64), Лекки, Дьюк (Макларен, 64), Гудвин.
Огоҳлантиришлар: Лайдуни (26), Абди (64).

Йирик турнирларда иккинчи тур деярли ҳамиша энг қизиқарлиси бўлади. Биринчи турдан олдинги ҳаяжонлар энди халал бермайди, натижа кўрсатиш зарурати пайдо бўлгани эса камида ҳужумкор футбол намойиш этишга ундайди. Айтиш мумкинки, Австралия ва Тунисда биринчи турда бу борада барчаси жойида эди, Яшил қитъа вакиллари жаҳон чемпионлари фонида бироз содда кўринган бўлса-да, жарима майдонига қамалиб олмасдан, дадилроқ ҳаракат қилди.

Тунис қишда бўлиб ўтган Африка Кубогида ёмон таассурот қолдирмаганди. Ўша турнирда «Карфаген бургутлари»нинг устунлиги яхши ташкиллаштирилган ўйин бўлганди ва бунинг эвазига номдор футболчилар жамланган, аммо ўйини олдиндан ўқилган Нигерия плей-оффдан чиқариб юборилди. Шу билан бирга, ўша ўйинда жамоани коронавирусга чалингани учун Мондер Кебайер бошқара олмаган, унинг ўрнига ёрдамчиси Жалоль Қадри ишлаганди. Чоракфиналдаги мағлубиятдан кейин эса миллий жамоа бошқаруви айнан ушбу 50 ёшли мутахассисга топширилди.

Бу юриш тўғри бўлиб чиқди, «ургутлар» саралаш турнири ўтиш босқичида Мали тўсиғидан ўтишди, Қатарда эса фаворит Данияга қарши муносиб ўйин ўтказишди. Айтиш мумкинки, африкаликлар ҳужумкорликда Европа вакилларидан яхшироқ кўринишганди. Фақат кўпинча шундай бўладики, бирор жамоа фаворитга қарши ажойиб ўйин ўтказади, кейин тахминан ўз даражасидаги бошқа рақиб қаршисида нима қилишини билмай, ўз ўйинини йўқотиб қўяди.

Барибир ҳимоядан тезкор чиқиб кетиш билан ташаббусни қўлга олган ҳолда ўйнаш ўртасида катта фарқ бор. Шанба куни австралияликлар африкаликларга эркин ҳаракатланиш учун бўшлиқлар қолдиришмади, рақиб ҳужумларини матонат билан қабул қилди ва тезкор қарши ҳужумларга чиқишди. Биринчи 45 дақиқа ичида Тунис эга бўлган ягона хавфли вазият Мсакнини зарба бериш ҳолатига чиқариш бўлди, аммо у бир неча метр масофадан туриб аниқ зарба йўллай олмади.

Биринчи бўлим ўрталарида Дюк ҳужумдаги самарадорлик қандай бўлишини намойиш этиб берди, у Гудвиннинг кроссидан кейин маҳорат билан зарба йўллаб, тўпни боши билан дарвозанинг олис бурчагига жойлади.

Тунис эса австралияликлар мудофаасида заиф нуқтани топа олмагач, мураббийлар штаби жамоанинг энг таниқли юлдузи Ҳазрига мурожаат этишди. Ҳужум чизиғи марказида ҳам ўйнаши мумкин бўлган бу универсал футболчи тунисликларнинг ўтган турдаги энг яхши футболчиси бўлган Лайдунини алмаштирди.

Аммо бу ўзгариш ҳам, ўйинга таъсир қилиш учун бошқа воситалар ҳам амалда иш бермади. «Соккеруз» эса устунликни мустаҳкамлашга яқин келди, аммо Леки бўш дарвоза қаршисига узатилган пасни голга айлантира олмади. «Бургутлар» ўйинни кучайтира олишмади ва австралияликлар деворидан ўта олмади. Шимолий Африка давлати жамоасининг плей-оффга чиқиш имконияти нолга яқин, 12 йиллик танаффусдан кейин жаҳон чемпионатида яна ғалабали ўйин ўтказган Австралия эса гуруҳдан чиқиш учун Дания билан беллашади.

Мавзуга оид